Жанубий Корея: собиқ мудофаа вазири ўз жонига қасд қилишга уринди; президент офисида тинтув
Жанубий Кореянинг собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Ҳён Сеул шарқидаги тергов изоляторида ўз жонига қасд қилишга уринди, деб хабар берган муассаса раҳбари Шин Ён Ҳэ парламентдаги эшитув вақтида.
Амалдор ҳозирда собиқ вазирнинг ҳолати хавотирли эмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, тергов изолятори ходимлари вазиятга тезда аралашган ва Ким Ён Ҳён «ниятидан қайтган».
«Тиббий текширув натижалари кўрсатадики, маҳбуснинг саломатлиги ҳолати яхши, ҳеч қандай муаммо йўқ», — дейилган Жанубий Корея соғлиқни сақлаш вазирлигининг AFP иқтибос келтирган баёнотида.
Ҳодиса сешанба куни кечқурун, Сеулда суд собиқ вазирни исён ташкилотчилигига алоқадорликда айблаб, ҳисбга олиш учун расман ҳукм чиқариши арафасида рўй берган.
Тергов маълумотига кўра, Ким Ёнг Ҳён Жанубий Корея президенти Юн Сок Йолга мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиб, Миллий йиғилиш (парламент) биносига ҳарбийларни жойлаштиришга буйруқ беришни маслаҳат қилган.
Юн Сок Йол 3 декабр куни кечқурун ҳарбий ҳолат эълон қилганди. Парламент эса бу қарорга қарши овоз берди, шундан кейин президент ўз қарорини бекор қилишга мажбур бўлди. Шундан кейин мудофаа вазири истеъфога чиқиб, унга қарши тергов ишлари бошланди.
Президентнинг ўзига қарши ҳам иш кўрилмоқда, унга мамлакатни тарк этиш тақиқланган. Чоршанба куни полиция унинг офисига тинтув ўтказиш учун келган.
Парламент президент Юн Сук Йолни ҳарбий ҳолат эълон қилишдаги иштироки учун «зудлик билан» ҳибсга олишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Резолюция 190 овоз билан қабул қилинди, 95 депутат унга қарши овоз берди. Қонун лойиҳаси ҳарбий ҳолат эълон қилишга алоқадор 8 кишини ҳибсга олишни кўзда тутади. Улар орасида президент Юн Сук Йол, собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Ҳён ва собиқ ички ишлар вазири Ли Сан Мин бор.
Якшанба куни қўлга олинган Ким Ёнг Ҳён сешанба куни адвокатлари орқали узр сўради: «Бу вазият учун барча жавобгарлик фақат менинг зиммамда».
У жанубий кореликлардан узр сўраган ва унинг қўли остидагилар «буйруққа бўйсуниб, ўзига юкланган вазифани бажаргани»ни айтган.
Жанубий Корея полицияси президент офисидан ташқари Сеул полицияси ва парламент биносини қўриқлашга масъул бўлган бўлинма идораларида ҳам тинтув ўтказган.
Yonhap маълумотига кўра, тинтув вақтида президент бу ерда бўлмаган, аммо унинг номи тинтув ўтказиш учун берилган ордерда гумонланувчилар қаторида келтирилган.
BBC’нинг Сеулдаги мухбири Жейк Квонг хабар беришича, президент хавфсизлик хизмати тинтув ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган.
Айни вақтда унинг ҳаракатларини полиция, прокурорлар ва коррупцияга қарши идоралар ходимлари тергов қилмоқда. Терговчилар агар давлат тўнтаришга уринишга алоқадорлигига етарли далил пайдо бўлса, у ҳибсга олинишини айтишган.
Мамлакатда ҳозирда — сиёсий хаос юзага келган, дея қайд этади BBC мухбири. Хусусан, айни вақтда президент қандай ваколатларга эгалиги ноаниқ — парламент унга импичмент эълон қилишга уринди, аммо бунинг учун етарли овоз тўплай олмади.
Шанба куни тонгда импичмент бўйича навбатдаги овоз бериш жараёни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Намойишчилар ҳамон Юннинг истеъфосини талаб қилиб, кўчаларга чиқишмоқда.
Чоршанба куни Шимолий Корея томони Жанубий Корея президентининг ҳарбий ҳолат этиш бўйича муваффақиятсиз уриниши юзасидан ошкора муносабат билдирди.
«Нодон синмун» газетасининг олтинчи саҳифасида эълон қилинган мақолада Юннинг «ақлсизларча ҳаракати бир неча ўн йил олдинги ҳарбий диктатура давридаги давлат тўнтаришига ўхшаш ҳолат» экани айтилган.
Мавзуга оид
19:15
КХДР Россия—Украина урушида мингдан ортиқ ҳарбийсидан айрилгани маълум қилинди
16:31 / 18.12.2024
Исёнда айбланаётган Жанубий Корея президенти полиция сўроқига келмади
21:54 / 17.12.2024
Жанубий Корея Тошкент—Самарқанд темирйўлининг янги тармоғини лойиҳалаштиришни бошлади
16:45 / 17.12.2024