Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
БМТ янги ҳисоботига кўра, Шимолий Америка, Ғарбий Европа ва Саҳрои Кабирдан жанубий Африкадаги мамлакатларда одам савдоси билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар сезиларли даражада ошган, Жанубий Америка, Шарқий Европа ва Марказий Осиё каби минтақалар ҳали ҳам пандемиядан олдинги даражадан паст эмас.
Дунё бўйлаб одам савдоси қурбонлари сони COVID-19 пандемияси даврида вақтинчалик пасайишдан кейин яна ортиб бормоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ҳисоботида айтилади.
156 мамлакат маълумотларини ўз ичига олган янги ҳисобот хавотирли тенденцияларни таъкидлайди. Унга кўра, 2019-2022 йиллар давомида қурбонлар сони 25 фоизга ошган.
Таъкидланишича, асосий сабаблар қашшоқлик, қуролли тўқнашувлар ва иқлим инқирози бўлиб, одамларни жиноятчилар қаршисида заиф ҳолга келтирган. Айниқса, болаларни эксплуатация қилиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кўпайгани эътиборга молик.
«Жиноятчилар тобора кўпроқ одамларни мажбурий меҳнатга, жумладан, мураккаб онлайн фирибгарлик ва кибержиноятларга жалб қилмоқда. Айни пайтда аёллар ва қизлар жинсий эксплуатация ва гендер асосидаги зўравонлик таҳдидига дуч келмоқда», деди БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Вали.
Жиноий тармоқлар тепасида турганларни жавобгарликка тортиш, қурбонларни қутқариш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича мамлакатлар ўртасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун таъқибларни кучайтириш керак, деб қўшимча қилди у.
UNODC маълумотларига кўра, 2022 йилда одам савдосига йўлиққан болалар сони 2019 йилга нисбатан 31 фоизга, қизлар ўртасида эса 38 фоизга ошган.
«Қаерда ота-онасидан ажралган ёки катталар назоратисиз қолган болалар кўп бўлса, ўғил болалар одам савдоси билан шуғулланувчилар қўлига тушиб қолиш эҳтимоли кўпроқ», дейилади ҳисоботда.
Юқори даромадли мамлакатларда ҳам болалар савдоси кучаймоқда, кўпинча қизлар жинсий эксплуатацияга учраяпти. Тадқиқот шуни кўрсатдики, аёллар ва қизлар бутун дунё бўйлаб аниқланган қурбонларнинг аксариятини ёки 61 фоизини ташкил этади. Қизларнинг аксарияти - 60 фоизи - жинсий эксплуатация қилиш учун одам савдогарлари томонидан ўз тармоқларига жалб қилинган.
Ўғил болаларнинг 45 фоизи мажбурий меҳнатга жалб қилинган бўлса, 47 фоизи бошқа эксплуатация, жумладан, жиноий фаолият ва тиланчилик билан шуғулланади.
Жиноий фаолиятга жалб қилиш мақсадида одам савдоси, шу жумладан онлайн фирибгарлик эксплуатациянинг аниқланган турлари орасида учинчи ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич 2016 йилдаги бир фоиздан 2022 йилда саккиз фоизга ошган.
Ҳисобот шуни кўрсатадики, одам савдоси динамикаси минтақалар бўйича фарқланади.
Шимолий Америка, Ғарбий Европа ва Саҳрои Кабирдан жанубий Африкадаги мамлакатларда аниқланган ҳолатлар сезиларли даражада ошган бўлса-да, Жанубий Америка, Шарқий Европа ва Марказий Осиё каби минтақалар ҳали ҳам пандемиядан олдинги даражадан паст эмас.
Мавзуга оид
11:34
Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилмоқда
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
11:15 / 12.12.2024
Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида 530 дан ортиқ фуқаросини Яқин Шарқдан қайтарди
16:43 / 07.12.2024