Ўзбекистон | 19:47 / 11.12.2024
3690
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ва Путин икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Россия етакчилари телефон орқали мулоқот қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин 11 декабр куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Россия президентининг шу йил май ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни етакчилар томонидан тасдиқланган «йўл харитаси» асосида амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Яқинда Москва шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва икки томонлама музокараларнинг натижалари юқори баҳоланди.

Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсишини таъминлаш, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ҳамда ишбилармон ташкилотлари даражасида фаол мулоқотларни давом эттиришга қаратилган ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Инновациялар, сунъий интеллект, таълим ва тиббиёт соҳаларида ҳамкорлик кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ноябр ойида Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасидаги тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.

Халқаро кун тартибидаги масалалар ҳамда жорий йил декабр ойи охирида бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан минтақавий ташкилотлардаги кўп томонлама ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мавзуга оид