Жаҳон | 18:16 / 11.12.2024
53016
2 дақиқада ўқилади

Олимлар умрни бир неча йилга қисқартириши мумкин бўлган маҳсулотлар номини айтди

Ултра ишлов берилган маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш биологик қариш жараёнини тезлаштиради, дея маълум қилди Австралиянинг Монаш университети олимлари.

Фото: Getty Images 

Тадқиқот натижалари Age and Aging журналида эълон қилинган.

Ултра қайта ишланган маҳсулотлар таркибида кўп миқдорда таъм кучайтирувчилар, консервантлар ва эмулгаторлар мавжуд. Бундай маҳсулотларга чипслар, алкоголсиз рангли ичимликлар, тез пишадиган угра, музқаймоқ, шоколад, печене, тайёр таомлар, сосиска ва колбаса маҳсулотлари, бургерлар, товуқ ва балиқ наггетслари, ширин ёки шўр қадоқланган енгил таомлар ҳамда энергетиклар киради.

Тадқиқотда АҚШнинг 20 ёшдан 79 ёшгача бўлган 16 мингдан ортиқ фуқароси ҳақидаги маълумотлар ўрганилди. Биологик ёшни баҳолаш учун ДНК метилланиши ва овқатланиш таъсирини ҳисобга олувчи PhenoAge эпигенетик соати қўлланди. Натижалар шуни кўрсатдики, рационида ултра қайта ишланган маҳсулотлар улушининг ҳар 10 фоизга кўпайиши биологик қариш жараёнини 2,4 ойга тезлаштирган. Бундай маҳсулотларни катта миқдорда (умумий энергия истеъмолининг 100 фоизигача) истеъмол қилган иштирокчилар ўз тенгдошларига нисбатан биологик жиҳатдан ўртача 0,86 ёш каттароқ бўлган.

Тадқиқотга раҳбарлик қилган доктор Барбара Кардозо шундай хулоса қилди: атиги 200 калорияли ултра ишлов берилган маҳсулотлар (наггетсларнинг кичик бир порцияси) тананинг қариш жараёнини икки ойга тезлаштириб юбориши мумкин. Тадқиқотчилар бундай маҳсулотларнинг биологик ёшга салбий таъсири, ҳатто умумий овқатланиш сифати юқори бўлган ҳолларда ҳам сақланиб қолишини таъкидлади. Бунга ушбу егуликларнинг таркибида фойдали моддалар умуман йўқлиги сабаб бўлиши мумкин.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни трансёғлардан воз кечишга чақирганди. Бундай ёғлар фаст фуд, ярим тайёр егуликлар, қовурилган картошка фриси, чипс ҳамда турли қандолатлар таркибида бўлади.

Мавзуга оид