КХДР фуқаролари АҚШ компанияларига ёлланиб, сохта исмлар ортидан пул топгани маълум бўлди
Улар нафақат иш берувчиларни алдаган, балки корпоратив маълумотларни ошкор қилиш билан таҳдид этиб, Шимолий Корея ҳукуматини молиялаштириш учун ишлаган.
Сент-Луисдаги федерал судя Шимолий Кореянинг 14 нафар фуқаросини АҚШ санкцияларини бузганлик ва фирибгарлик, 88 миллион доллар миқдорида пул ювиш ва шахсий маълумотларни ўғирлаш каби кўп йиллик фитнада айблади. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.
Айбланувчилар Yanbian Silverstar ва Volasys Silverstar компаниялари орқали Хитой ва Россияда ишлаган, сохта номлар остида Америка IT-компанияларига ишга ёлланган. Бу ҳаракатлар уларга Шимолий Корея ҳукуматини молиялаштириш учун сарфланган 88 миллион доллар даромад олиш имконини берди. Шунингдек, маблағлар АҚШ ва Хитой молия тизимлари орқали Шимолий Кореяга ўтказилган.
КХДР фуқаролари сохта веб-сайтлар, сохта доменлар ва сохта исмлар орқали ўз шахсини яширишган. Улар нафақат иш берувчиларни алдаган, балки корпоратив маълумотларни ошкор қилиш билан таҳдид этган. Таъкидланишича, VPN, прокси-серверлар ва сохта веб-сайтлар ходимларнинг асл манзилини яшириш учун ишлатилган. Шунингдек, улар Америкадаги учинчи шахсларга иш берувчи томонидан ажратилган ноутбукларни қабул қилиш ва фаоллаштириш учун пул тўлаган, кейинчалик улардан масофадан туриб фойдаланилган.
Матбуот хабарида айтилишича, компаниялар имкон қадар кўпроқ пул топиши керак бўлган ходимлар ўртасида «социалистик мусобақалар» ташкил қилган. Схеманинг баъзи иштирокчилари ойига камида 10 минг доллар ишлаб олишлари керак эди.
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бу ҳаракатлар бир қатор Америка компанияларига зарар етказган, жумладан, махфий маълумотларнинг тарқалиши ва товламачилик орқали. Энди айбланувчилар фирибгарлик, пул ювиш ва шахсий маълумотларни ўғирлаш моддалари бўйича 27 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.