Жаҳон | 19:58 / 13.12.2024
5816
3 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби 5 йилдан кейин Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди

Марк Рютте Брюсселдаги чиқиши давомида мудофаани мустаҳкамлаш бўйича ҳозирги саъй-ҳаракатларни етарлича эмас деб баҳолаб, «Ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеалар биз билан ҳам юз бериши мумкин», деди.

Фото: AP

НАТО бош котиби Марк Рютте алянс аъзоларини ўрта муддатли истиқболда Россия билан эҳтимолий урушга тайёрланишга чақирди. Брюсселдаги чиқиши давомида у мудофаани мустаҳкамлаш бўйича ҳозирги саъй-ҳаракатларни етарлича эмас деб баҳолаган. «Тўрт-беш йилдан кейин нималар кутиши мумкинлигига тайёр эмасмиз. Ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеалар биз билан ҳам юз бериши мумкин», — дейди у.

Рюттенинг сўзларига кўра, айни вақтда Россия томонидан бевосита ҳарбий таҳдид йўқ, унинг ҳисоблашича, Москва Украина ва Ғарб давлатлари билан узоқ муддатли қарама-қаршиликка тайёрланмоқда. НАТО бош котиби «уруш давридагидек фикрлаш»га ўтиш зарурлигини таъкидлаб, ҳарбий харажатларни оширишни таклиф қилди ва буни иттифоқ мамлакатлари ҳудудида йирик урушдан қочишнинг ягона йўли деб атади: «Агар биз урушнинг олдини олиш учун ҳозир кўпроқ сарфламасак, кейинроқ сезиларли даражада кўп тўлаймиз — миллиардлаб эмас, триллионлаб евро. Ва бу агарда биз ғалаба қозонсак».

Октябр ойида Германия Федерал зарведка хизмати бошлиғи Бруно Кал Россия 2030 йилга бориб НАТО давлатларига ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. «Владимир Путин нафақат Россиянинг Европадаги таъсирини кенгайтиришга уринмоқда, балки АҚШнинг қитъадаги ҳарбий иштирокини сиқиб чиқариш ниятида. Москванинг мақсадлари Украинани эгаллаб олиш билан чекланмайди, балки янги дунё тартибини яратиш ҳам ўз ичига олади», — деган Кал.

Ўз навбатида Чехия разведкаси бошлиғи Михал Куделка агар Украина урушда ютқазса ёки ўз фойдасига хизмат қилмайдиган тинчлик битимини имзоласа, Россия Марказий ва Шарқий Европа давлатларига яқин 10-15 йил ичида ҳужум қилишини айтган эди.

Ноябр ойида Frankfurter Allgemeine Zeitung (FAZ) газетаси Германия Қуролли кучлари (Бундесвер) Россия билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўриш учун компания вакилларига тушунтириш ишлари олиб боришни бошлаганини ёзганди.

Нашр маълумотларига кўра, ҳукумат ҳарбий босқин ҳолати учун «Немис тезкор режаси» номли махфий ҳужжатни тайёрлаб қўйганини маълум қилган. Унда, хусусан, ҳарбий мақсадлар вақтида алоҳида ҳимоялаш керак бўлган барча иншоот ва инфратузилма объектлари келтирилган. Шунингдек, ҳужжатдан мудофаа ҳолати учун батафсил ҳаракатлар режаси ҳам ўрин олган.

Шунингдек, ўша ойда НАТО Ҳарбий қўмитаси раиси Роб Бауэр Ғарбдаги йирик компаниялар раҳбарлари уруш шароитига тайёр туриши ҳамда тегишли тартибда ўзларининг ишлаб чиқариш ва тақсимлаш тармоқларини йўлга қўйиши кераклигидан огоҳлантирганди.

Мавзуга оид