Россия Украина энергетика объектларига энг йирик ҳужумлардан бирини уюштирди
«Укрэнерго» ширкати мамлакат аҳолисининг ярмига яқини электр энергиясиз қолганини эълон қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги муҳим ёқилғи-энергетика инфратузилмаси объектларига ҳужумлар содир этилганини маълум қилди. Зарбалар 11 декабр куни Таганрогдаги ҳарбий аэродромга уюштирилган ҳужумда Американинг ATACMS ракеталаридан фойдаланишга жавобан экани таъкидланмоқда.
Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, зарбаларда узоқ масофага учувчи ҳаво ва денгиз қуроллари, шунингдек, учувчисиз самолётлар қўлланган. «Украина ҳарбий-саноат комплекси ишлашини таъминлайдиган ёқилғи-энергетика инфратузилмасининг муҳим объектларига катта зарба берилди», дейилади департамент баёнотида.
Украина президенти Володимир Зеленский зарбаларни мамлакат энергетика тизимига қилинган энг йирик ҳужумлардан бири деб атади. «Укрэнерго» ширкати мамлакат аҳолисининг ярмига яқини электр энергиясиз қолганини эълон қилди.
Украинадаги энг йирик ДТЭК хусусий энергетика компанияси бир нечта иссиқлик электр станциялари ускуналарига шикаст етганини маълум қилди. «Страна» нашри Ивано-Франкивск вилоятидаги Бурштин иссиқлик электр станцияси ҳудудидаги портлашлар ҳақида ёзди. Лвив ва Тернопил вилоятлари маъмурияти ҳам энергетика инфратузилмасига зарар етганини маълум қилди. 13 декабр куни эрталаб бутун Украина бўйлаб ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.
Таганрогга ATACMS ракета ҳужуми 11 декабр куни эрталаб содир бўлган эди. Бунда ҳарбий аэродром ҳужумга учради. Ракета парчаларининг қулаши оқибатида база ходимлари жароҳатланди, аэродромдаги иккита бино, учта ҳарбий машина ва фуқаролик транспорти зарар кўрди. Россия Мудофаа вазирлиги жавоб зарбаси йўллаш ниятида эканлигини маълум қилди.