Жамият | 20:21 / 13.12.2024
48359
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда 23 ёшли аёл 8-қаватдан тушиб кетиб, вафот этди: фожиага нима сабаб бўлгани номаълум

Ҳодиса сабаблари ҳақида турли тахминлар айтилмоқда. Ўлим юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов текшириш давомида ижтимоий тармоқларда тарқалган сабаблар ҳам ўрганиб чиқилишини маълум қилди.

Фото: Instagram

12 декабр куни Самарқанд шаҳрида яшовчи 23 ёшли косметолог-блогер аёл 8-қаватдан тушиб кетиб вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Kun.uz манбасига кўра, марҳума Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош врачининг келини бўлган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, аёлнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат бўйича прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳуманинг ўлими юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Шамсуддинов текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланишини маълум қилган.

Шунингдек, у текшириш давомида ижтимоий тармоқларда билдирилаётган важлар ҳам ўрганиб чиқилишини қўшимча қилган.

Аёлнинг ўлими ҳақида тарқалаётган хабарлар орасида блогер ўз жонига қасд қилгани ҳам айтилган. Яна бир версияга кўра, аёлнинг ўлимида оила аъзоларининг таъсири бўлиши мумкин.

Жумладан, блогер Ақида Ханум марҳуманинг яқинлари билан ёзишмаларини Facebook’ка жойлаган. Расмларда кўкарган қўл бор.

Шу каби постлардан кейин бундай тахминлар айбсизлик презумпциясига зид эканини айтиб, «Самарқанд» газетаси собиқ бош муҳаррири, журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ҳам Facebook’даги саҳифасига пост жойлаган.

У марҳума 2024 йил баҳорида оила қургани ва умр йўлдоши билан 3-4 ой яшагани ҳақида ёзган. «Шундан сўнг улар ажрашиб, кейинги 5 ой давомида жувон онасининг уйида яшаган», – деб ёзган Т.Раҳматуллаев.

Журналистга кўра, марҳума тиббиёт йўналишида 6-босқичда ўқиган. У косметолог бўлган. «Уни сўраб, хизматидан фойдаланадиган мижозлари ҳам кўп экан. Ўзи жамғарма ташкил этиб, тўпланган маблағни хайрия ишларида сарфлаб келган. Муҳтож қарияларга, бемор болаларга мунтазам ёрдам қўлини чўзиб, керакли анжомлар, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатган», – деб ёзган журналист.

Журналист суҳбатлашган Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Дилноза Собированинг сўзларига кўра, марҳума фожиадан бир кун аввал тиббиёт марказида даволанаётган болалар учун ширинликлар юбориб, ўзи ҳам эртаси куни келишини билдирган.

«Аммо ўша куни кечаси мудҳиш воқеа... Биз эса уни кутгандик, бунақа бўлиши хаёлимизга ҳам келмаган эди. Минг афсус...», – деган Д.Собирова.

«Шундай жувон ўз жонига қасд қилганини қандай изоҳлаш мумкин?» — деб сўраганимда, Д.Собирова қуйидагиларни айтди:

«Гўзал ўз жонига қасд қиладиганлардан эмасди. Унинг руҳияти соғлом, ўзи жуда оптимист эди. У фақат эзгуликни ўйлаб, эзгулик йўлида хизмат қилиб келаётганди. Фожиа сабабларини таҳлил қилиш, ҳолат қандай юз берганини синчиклаб текшириш талаб этилади», – деб пост қолдирган Тошпўлат Раҳматуллаев.

Мавзуга оид