Жамият | 19:21 / 13.12.2024
34290
1 дақиқада ўқилади

Сариосиёда аҳоли пунктига тоғдан бўрилар галаси тушиб келди

Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси аҳолидан ортиқча ваҳимага тушмасликни ҳамда ҳайвонларга зарар етказмасликни сўрамоқда. Бўрилар галасининг тоғдан пастга тушишига совуқ сабаб бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Сариосиё туманида кўчаларда бўри галаси югуриб юргани акс этган видеолавҳа тарқалди. Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, тарқалган видеолавҳа 7 декабр куни туманнинг Маржона маҳалласи Зайнобод қишлоғида кечки пайт тасвирга олинган.

“Сариосиё тумани тоғли ва тоғолди ҳудудларида ҳаво совиб кетгани сабабли ёввойи ҳайвонларнинг бошқа ҳудудларга тушиб келиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда аҳолидан ортиқча ваҳимага тушмасликлари, ҳайвонларга ўзбошимчалик билан зарар бермаслигини сўраймиз”, дейилади муносабатда.

Бошқарма ёввойи ҳайвонларни кўрганда Сариосиё тумани Экология инспекцияси ёки туман ИИБга хабар бериш мумкинлигини маълум қилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сариосиё туманида кўчада йўлбарс юргани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалганди. Бироқ Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси буни рад қилди.

Мавзуга оид