Фан-техника | 21:27 / 14.12.2024
2649
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ракетаси гипертовушли тизим синовига мўлжалланган аппаратни космосга олиб чиқди

Американинг Electron ракетаси Пенгатон манфаатлари учун гипертовушли тизимни синовдан ўтказишга мўлжалланган аппаратни космосга олиб чиққани маълум бўлди.

Фото: defense.gov

Hypersonic Accelerator Suborbital Test Electron (HASTE) дастури доирасида суборбитал парвозни амалга оширган Американинг Electron ракетаси Пентагон манфаатлари учун гипертовушли тизимни синовдан ўтказишга мўлжалланган аппаратни космосга олиб чиққани маълум бўлди.

Electron ракетаси Виржиния штатида жойлашган NASA’нинг Уоллопс космодромидан учирилган. Натижалар ва аппаратнинг парвозига оид батафсил маълумотлар ошкор этилмаяпти. АҚШнинг бу турдаги мавзуларга ихтисослашган оммавий ахборот воситаларига кўра, аппаратнинг ташувчи ракетадан ажралиши муваффақиятли кечган.

Қайд этилишича, бу гипертовушли технология синови йўлида ўтказилган учинчи парвоздир. Биринчиси ўтган йилнинг июнида, иккинчиси эса 2024 йилнинг ноябрида ўтказилган.

Енгил синфга кирувчи икки поғонали Electron ракетаси оғирлиги 700 килограммгача бўлган фойдали юкни ташишга қодир.

Аввалроқ АҚШ ҳарбий кучлари Dark Eagle номи билан танилган узоқ масофали гипертовушли ракетани (Лонг Range Hypersonic Weapon) муваффақиятли синовдан ўтказган эди. Ноябр ойи ўрталарида эса Ҳиндистон ўзининг биринчи узоқ масофали гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказган. Ракета ҳар хил турдаги жанговар каллакларни 1500 км масофага етказишга қодир.

Мавзуга оид