Ўзбекистон | 20:10 / 14.12.2024
16483
10 дақиқада ўқилади

Энергетикларнинг об-ҳаво баҳонаси, электр токи дефицитининг тугаши ва МБда янги раис — ҳафта дайжести

Метан-шохобчалар яна ёпилди: вазирлик ҳайдовчиларга “газ бўлмаса, бензин қуйиш”ни маслаҳат берди. Электр энергияси дефицити тарихга айлангани айтилмоқда: республика бўйлаб яна 10 та электр станцияси ишга туширилди. Марказий банкда раҳбар алмашди: Мамаризо Нурмуродовнинг ўрнини Тимур Ишметов эгаллади. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

“Газ бўлмаса, бензин қуйишсин”

Қишнинг иккинчи ҳафтасидаёқ, газ таъминоти тизими одатий қишнинг одатий совуғига ҳалигача дош беролмаслиги ойдинлашди: 9 декабрдан бошлаб метан-шохобчалар фаолиятига чеклов киритилди. Юзага келган вазиятда ўзбекистонликларни бир томондан километрлаб навбатлар ва йўлкира нархларининг кескин ошиши қийнаётган бўлса, иккинчи томондан расмийларнинг изоҳлари дард устига чипқон бўляпти.

Энергетика вазирлиги декабр ойи учун мутлақо одатий ҳаво ҳароратини “аномал”га чиқариб, яна об-ҳавони баҳона қилди. Вазирнинг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев Kun.uz'га берган интервюсида “аномал” сўзини ишлатмаган бўлса ҳам, метан-шохобчалар ёпилишига “ўзига хос иқлим”ни сабаб қилиб келтирди.

“Олдинги йиллар билан солиштириладиган бўлса, декабр ойида бунақанги совуқ бўлмас эди. Мана, бу йил бизга ўзига хос иқлим кириб келди. Декабрнинг бошидан совуқ бўлди”, – деди у.

Энергетика вазирлиги сешанба куни баёнот бериб, биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик бензин ҳажми 2 баробарга оширилишини маълум қилди. Тошхўжаевнинг айтишича, бензин таклифини керак бўлса 3 бараварга кўпайтириш имконияти ҳам бор. “Бу бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ, захира етарли”, деди у. Бу баёнотларга қарамай, АИ-80 бензини бўйича ўткир дефицит сақланиб қоляпти. Қиммат маркали бензин турлари бўйича эса етишмовчилик йўқ. Айни пайтда, вазирлик очиқчасига “газ йўқ бўлса, бориб бензин қуйинглар” дейишни ўзига эп кўраётгани эътиборли.

“Биз масалан ҳозир бензинни кўпроқ миқдорда чиқармасак, аҳолини сал қийнаб қўядиган бўлсак, эътирозларни тўғри тушунардим, лекин ҳозирги ҳолатда уларда муқобил вариант бор. Улар яна бир нарсани ўйлаши керакки, уйида ёш боласи бордир, бемори бордир, уйи совуқ бўлгандан кўра, метан-заправкада озгина навбат кутиши мумкин. Ёки навбат кутишни истамаса, бориб бензин харид қилиб бемалол юриши мумкин”, – дейди Ҳасан Тошхўжаев.

Энергетика вазирлиги расмийсининг бу гаплари тармоқларни жунбушга келтириб, ўн минглаб салбий ва ўта салбий изоҳлар билан қарши олинди. Кўпчилик “халқнинг нони бўлмаса, пирожний есин” деган иборани эслади.

Энергетика соҳаси танқид остида бўлиб турган кунларда, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов асосий танқидчиларидан бирининг устидан ариза бергани маълум бўлди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг маълум қилишича, Мирзамаҳмудов “Бакиров мени ҳақорат қилди ва обрўсизлантирди” деган мазмундаги ариза билан прокуратура ва ИИВга мурожаат қилиб, унга чора кўришни сўраган.

2024 йил октябр ойида берилган аризага Отабек Бакиров 2023 йил ёзида ўз Telegram-каналида ёзган пости сабаб бўлган. Постда Тошкентдаги Сағбон подстанцияси қайта-қайта таъмирланишига қарамай, авариялар давом этавериши ҳақида сўз боради. Матнда вазирга нисбатан ҳақорат ва обрўсизлантириш бор ёки йўқлиги юзасидан экспертиза ўтказилиши кутилмоқда. Ҳолатга вазир Мирзамаҳмудовдан изоҳлар бўлмади, Бакиров эса унинг ҳаракатларини энергоцензурага уриниш деб баҳолади.

Энергетика соҳасида яна 18 та лойиҳага старт берилди

Ўзбекистонда газ дефицити сақланиб қолаётганига қарамай, бу йил электр энергияси бўйича тақчиллик қолмагани эълон қилинган. Расмийларга кўра, ҳозир мамлакатдаги электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари мавжуд эҳтиёжни ортиғи билан қоплай олади. Электр энергиясидаги узилишлар узатиш тармоқларининг эскиргани билан боғлиқлиги, йилдан йилга подстанция ва трансформатор кабилар янгиланиб, тармоқларнинг ҳолати яхшилангач, электр узилишлари барҳам топиши айтилмоқда.

Шу билан бирга, келгуси 5 йилда мамлакатда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳозиргидан 1,5 баробарга ошиши кутиляпти. Шу сабаб генерацияни ошириб бориш давом эттирилади. 13 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасида 18 та лойиҳага ишга старт берди. Давлат раҳбари қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувватлар ишга туширилгани ва навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилганини “энергетика соҳасидаги тарихий воқеа” деб атади.

Маросимда Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида салкам 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция ишга туширилди. Шунингдек, Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли йирик сақлаш тизими, Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, президент Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган 2,5 минг мегаваттли 6 та электр қувватлари қурилишини бошлаб берди. Йиғилишда маълум қилинишича, келгуси йили жами 84 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шу тариқа, 2016 йилга нисбатан генерация ҳажми 1,5 баробарга ортиши кутилмоқда.

Тимур Ишметов – Марказий банк раиси

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов лавозимини тарк этди. Сенат кенгаши президент тақдимномасига асосан уни лавозимидан озод этиб, ўрнига Тимур Ишметовни Марказий банк раиси этиб тайинлади. Банк-молия соҳаси вакиллари ва жамоатчилик фаоллари ижобий репутацияга эга Нурмуродовнинг лавозимдан олинишини аввалига бироз хавотир билан қабул қилди, кейинроқ унинг ўрнини Ишметов эгаллаши маълум бўлгач, улардаги бу хавотирлар аригани сезилди.

64 ёшли Мамаризо Нурмуродов – Ўзбекистон Марказий банкининг иккинчи раиси эди. Бунга қадар мамлакат пул-кредит сиёсати регуляторига 1991 йилдан то 2017 йилгача Файзулла Муллажонов раҳбарлик қилган. Муллажонов 2017 йил май ойида вафот этгач, Марказий банкка Мамаризо Нурмуродов раис, Тимур Ишметов эса унинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган ва шундан кейин кўп ўтмай валюта конвертацияси очилган эди.

Умуман, бу икки молиячи ҳам президент жамоасидаги ислоҳотпарвар технократлар сифатида обрў қозонган. Хусусан, бевосита Нурмуродов раҳбарлигида Ўзбекистон банк-молия тизими очиқ конвертация шароитида анча эпақага келтирилди, нақд ва нақдсиз тўловлар ўртасидаги фарқ минимум даражага туширилди. Чоршанба куни Марказий банкда бўлиб ўтган йиғилишда уни лавозимидан бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров кузатиб қўйди.

Марказий банкнинг янги раиси – 45 ёшли Тимур Ишметов 24 йиллик меҳнат фаолиятининг 19 йилини айнан Марказий банкда ўтказган. У 2020-2022 йилларда молия вазири бўлиб ишлаган, 2023 йилдан буён администрацияда иқтисодиёт бўйича президент маслаҳатчиси Равшан Ғуломовнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётганди.

Тайинловнинг эртасига Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди ва унда асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилинди. Регулятор баёнотида айтилишича, об-ҳаво совуши ва энергетика тарифларининг баҳорга белгиланган навбатдаги оширилиши инфляцион кутилмаларга таъсир ўтказяпти, шу сабаб келгусида асосий ставка ошириш томонга қайта кўриб чиқилиши мумкин. Марказий банк сўровларига кўра, ноябр ойида сезилган инфляция 15 ойлик максимумга кўтарилиб, 14,1 фоизга етган. Кўпчилик одамлар гўшт, сут, ёқилғи, электр ва газнинг қимматлашганини айтмоқда.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

2025 йилда дарсликлар ижараси учун тўлов олинмайди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келгуси йилда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари ижараси учун ота-оналардан тўлов ундириш режасидан воз кечди. Расмий баёнотда фақат 2025 йил ҳақида гап кетган, шу сабабли кейинги йилларда бу масала яна кўтарилишини истисно қилиб бўлмайди. Эслатиб ўтамиз, мактабларда дарсликлар ижараси учун тўлов 2022 йилда бекор қилинган, лекин 2025 йилги Бюджетнома лойиҳасида тўловни қайта тиклаш таклиф этилган эди.

Ҳаракати чекланган болаларнинг мактабга келиб-кетиш харажати 75 фоизи қоплаб берилади. Бу ҳақда президент ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинди. 1 февралгача ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳи очилиши, 1 сентябргача салкам мингта мактабда инклюзив синфлар ташкил этилиши кутилмоқда. 2025 йил охиригача республиканинг барча ҳудудларида ижтимоий карта тизимини ишга тушириш топшириғи берилди. Ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади.

Ўзбекистон аҳолиси 37,5 миллиондан ошди. Статистика агентлиги маълумотига кўра, 14 декабр ҳолатига, республикамизнинг доимий аҳолиси сони қарийб 37 млн 550 минг кишини ташкил этмоқда. Аҳолининг 49 фоизи ҳамон қишлоқларда яшаяпти. Айни пайтда, Евроосиё тараққиёт банкининг қайд этишича, 2024 йил декабрига келиб Марказий Осиё аҳолиси 80 миллион кишидан ошган. Аср бошидан бери минтақамиз аҳолиси 1,5 баробарга кўпайган.

Ўзбекистон халқ артисти Тўлқин Тожиев вафот этди. Театр ва кино актёри, ўзбек дубляж санъатининг дарғаларидан бўлган Тўлқин Тожиев 88 ёшда эди. У фаолияти давомида миллий театрда юздан ортиқ ролларни ижро этган, 1955 йилдан буён “Ўзбекфилм” киностудиясида ўзбек тилига ўгирилган мингдан ортиқ хориж филмига овоз берган. Тўлқин Тожиевнинг “Иван Васильевич касбини ўзгартиради”, “Автомобилдан сақланинг” ва бошқа кўплаб киноларга маҳорат билан овоз бергани ўзбек дубляж санъатининг олтин хазинасидан жой эгаллаган.

Мавзуга оид