Ўзбекистон | 11:06 / 14.12.2024
2323
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон экспорт географиясини яна 33 та янги давлатга кенгайтирди

Белгиядаги Европа геосиёсий форуми (The European Geopolitical Forum) порталида "Ўзбекистон ўз маҳсулотларини 115 давлатга экспорт қилмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

"Республикада "Ўзбекистон-2030" стратегиясида белгиланган мақсадларга – экспортдаги хусусий сектор улушини 60 фоизга оширишга қатъий амал қилган ҳолда экспорт тизимли равишда қўллаб-қувватланмоқда",– деб ёзилган мақолада.

Нашрда 2017-2023 йилларда Ўзбекистоннинг умумий экспорти 120 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани хабар қилинган. Биргина 2023 йилда экспорт 24 миллиард долларга етди, бу 2017 йилга нисбатан 64 фоизга ўсди.

"Охирги олти йилда Ўзбекистон экспорт етказиб бериш географиясини яна 33 та янги давлатни қамраб олган ҳолда кенгайтириб, умумий ташқи бозорлар сонини 115 тага етказди. Бугунги кунда Ўзбекистон маҳсулотлари Перу, Панама, Мексика, Доминикан, Аргентина ва Албания, Сербия, Финляндия, Люксембург ва бошқа мамлакатлар бозорларига биринчи марта кирди", – дейилади материалда.

Порталда, шунингдек, сўнгги йилларда экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани билдирилади.

"Масалан, ўтган йили 3 мингга яқин маҳаллий корхона экспорт фаолиятига қўшилди. Жорий йилнинг январ-октябр ойлари давомида 2 минг 450 та корхона илк бор ташқи бозорга чиқиб, жами 1 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилди", – дея қайд этилган.

The European Geopolitical Forum порталида жойлаштирилган мақола: "Умуман олганда, Ўзбекистонда экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилган жорий ислоҳотлар 2030 йилгача бўлган миллий стратегияда белгиланган мақсадларга эришишга ишонч билан йўл очмоқда", – деган сўзлар билан якунланган.

Мавзуга оид