Спорт | 12:24 / 16.12.2024
12575
23 дақиқада ўқилади

«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари

«Челси» «Ливерпул»га етиб олмоқда. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «МЮ»да даҳшатли камбэк

«Манчестер Сити» — «Манчестер Юнайтед» 1:2
Голлар:
Гвардиол (37) — Фернандеш (88, пеналти), Диалло (90).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Нунеш, Гвардиол, Диаш, Уокер, Гундўған (Савио, 89), Доку (Грилиш, 77), Фоден, де Брюйне (Ковачич, 68), Силва, Ҳоланд.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, Магуайр, де Лигт (Йоро, 79), Далот, Угарте, Фернандеш, Мазрауи (Антони, 78), Маунт (Майну, 14), Ҳойлунд (Зиркзе, 78), Диалло (Линделёф, 90+1).
Огоҳлантиришлар: Уокер (40), Ҳойлунд (40).

Икки жамоа мураббийи ноябр ойида Чемпионлар лигасида ҳам учрашганди ва ўшанда Аморим бошқарувидаги «Спортинг» кутилмаганда «шаҳарликлар»ни йирик ҳисобда тор-мор этганди (4:1). Пеп учун бу ўйинда нафақат «Сити»нинг муаммоларини ҳал қилиш, балки ўзига хос қасд олиш вазифаси ҳам бор эди.

Жамоаларнинг таркибларида кичик сюрпризлар бор эди. Эдерсон сўнгги вақтларда ишончли ўйин кўрсатмаётганига қарамай, Гвардиола айнан уни бошланғич таркибда туширди. Фоден майдон марказидан, Нунес чап қанот ҳимоясидан жой эгаллади ва жамоа ҳужумга ўтганида баъзида ҳужумчи ортида ҳаракат қилди.

Аморим эса Рэшфорд ва Гарначони жазолаб, уларни ҳатто ўйин қайдномасига ҳам киритмади. Шу билан бирга, уларнинг саломатлигида муаммолар йўқ эди. Уларга интизомий чора кўрилган: англиялик ҳужумчи сўнгги вақтларда кўпроқ вақтини футболга эмас, кўнгилхушлик қилиш учун ажратмоқда, аргентиналик эса жамоанинг таркиби бўйича маълумотларни «сиздириш»да гумонланмоқда.

Ўйиннинг илк қисми кутилганидек «Сити» назоратида кечди, лекин яққол вазиятлар яратилмади. 14-дақиқада эса меҳмонлар Маунтни йўқотди: Мэйсон кутилмаганда газонга ўтириб олди ва алмаштиришни сўради, унинг ўрнини Майну эгаллади.

Ўйиндаги дарвоза томон илк зарба 21-дақиқада йўлланди, аммо Фоденнинг ерлатиб яқин бурчакка йўллаган зарбаси тўрга кирмади. Умуман олганда, Фил биринчи бўлимдаги энг фаол футболчи бўлди ва тез-тез зарба бериш позициясига чиқиб борди. Кўп ўтмай «МЮ» хавфли эпизод билан жавоб қайтарди, Диалло ўнг қанотдан жарима майдонига ёриб кириб, Эдерсон билан юзма-юз ҳолатда пайдо бўлди. Аммо, биринчидан, Амад хато зарба берди. Иккинчидан, «Сити» ҳимоячилари офсайд чизиғини тўғри ушлаб, ивуарлик футболчини қопқонга туширишди.

36-дақиқада эса бурчак зарбаси ижро этилганида ҳисоб очилди. Де Брюйне Гундўған билан пас ўйнаб, кейин тўпни жарима майдони марказига ошириб берди. Гвардиол Далот билан иккинчи қаватдаги дуэлда ютиб чиқиб, бошда аниқ зарба йўллади. «Юнайтед» сўнгги тўрт голини стандарт вазиятда ўтказган.

Ва дарҳол майдонда кичик тўқнашув юзага келди ва дарвозабонлар ҳам югуриб келишди. Уокер Ҳойлундга қўполлик ишлатганидан кейин унинг эътирозига жавобан ўзи майдонга йиқилиб олди. Якунда иккисига ҳам сариқ карточка кўрсатилди.

Танаффусдан кейин «МЮ» тетикроқ ўйнай бошлади. Аморим бирорта алмаштириш қилмади, аммо футболчилар тезроқ югуришди ва дарвоза соҳасига тўғри борган илк зарбасини ҳам йўллади: Фернандеш Диаллога узатма берди, аммо 173 сантиметрлик ивуарликнинг бош билан йўллаган зарбасидан кейин Эдерсон бор маҳоратини ишга солиб, жамоасини голдан қутқарди.

«Сити» тўпга эгалик қилиш бўйича назоратни ҳам бой берди. 70-дақиқага келиб «қизил иблислар» бу кўрсаткич бўйича ҳам олдинга чиқиб олишганди — 33 га қарши 67 фоиз. Лекин вазиятлар бўлса-да, бу устунлик голга айланмади. Масалан, Бруну Ҳойлунднинг узатмасидан кейин дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, вазиятдан фойдалана олмади.

Ва барчаси мезбонларнинг минимал ғалабасига қараб кетаётганида, Нунес кераксиз жойда ҳал қилувчи хатога йўл қўйди. 87-дақиқада португалиялик вингер аввалига ортга жуда ёмон пас берди ва хатосини тузатишга уриниб, жарима майдони ичида Диаллони йиқитди.

Энтони Тэйлор дарҳол 11 метрлик жарима нуқтасини кўрсатди, Фернандеш эса нуқтадан ишончли зарба йўллади. Гвардиола яна бошини чангаллаб қолди, аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. Икки дақиқа ўтиб тиниб-тинчимас Диалло Эдерсон билан яна бир бор яккама-якка вазиятга чиқиб кетиб, уни алдаб ўтди ва тўпни бўш дарвоза томон юмалатиб юборди. Қандайдир фантастик сценарийда барчаси остин-устун бўлиб кетди.

2:1 — «МЮ» сўнгги дақиқаларда ғалабани «Сити»дан юлқиб олди. Аморим эса нафақат «Юнайтед» бош мураббийи сифатидаги илк Манчестер дербисида ғалаба қозонди (сэр Алекс кетганидан кейин буни уддалаган илк мутахассис), балки яна бир бор Пепни доғда қолдирди. Манчестернинг ҳаворанг қисми мотамга чўмган, қизил томони эса байрам қилмоқда. Гвардиола ҳозир ҳавас қилиб бўлмайдиган аҳволда. Барча турнирлар доирасидаги охирги 11 ўйинда фақат бир ғалабага эришган «шаҳарликлар» кучли тўртликни тарк этди. Кейинги тур «Астон Вилла»га қарши сафарда кечади.

«Челси» — «Брентфорд» 2:1
Голлар:
Кукуреля (43), Жексон (80) — Мбеумо (90). 
«Челси» – Санчес, Кукуреля, Колуилл, Адарабиойо, Гюсто, Фернандес, Кайседо, Санчо, Палмер, Мадуэке, Жексон (Нкунку, 83).
«Брентфорд» – Флеккен, Коллинз, Пиннок, ван ден Берг, Люис-Поттер (Мегома, 86), Дамсгор (Янелт, 63), Нёргор, Ярмолюк (Карвалю, 75), Роэрслев (Айер, 76), Висса (Шаде, 76), Мбеумо.
Огоҳлантиришлар: Кукуреля (90+5), Янелт (90+7), Шаде (90+8).
Четлатиш: Кукуреля (90+8).

«Челси» турни АПЛнинг энг сермаҳсул жамоаси (35 гол) сифатида бошлади. «Брентфорд» бу кўрсаткич бўйича «Ливерпул» билан учинчи ўринни бўлишиб турганди (31). Ўзаро ўйинда Энцо Мареска шогирдлари тўпга эгалик қилиш бўйича тўлиқ устунликка эришди (75 фоиз) ва кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Аммо фақат бўлим охирига борибгина Мадуэке жарима майдонига кириб борган ҳимоячи Кукуреляни голли пас билан таъминлади.

Иккинчи бўлим анча жонлироқ кечди, ҳисобда ортда бораётган «Брентфорд» фаоллашишга мажбур бўлди. Аввалига мезбонлар дарвозабони Санчес Нергорнинг ҳаводаги тўпни тўхтатмай йўллаган зарбасидан кейин сейв ижро этишига тўғри келди, Фабиу Карвалюнинг зарбаси эса тўсинга тегди. «Челси» ҳужумларга бардош берди ва якунда ўз имкониятига эга бўлди. Биринчи бўлимда ўта қулай позициядан тўғри зарба беролмаган Жексон Энцо Фернандеснинг узатмасидан кейин олдинга борди ва АПЛдаги 50-голини нишонлади. Мбемонинг жавоб голи эса жуда кеч урилди. Қаторасига бешинчи ўйинда ғалабага эришган Энцо Мареска жамоаси «Арсенал»ни тўрт очкога ортда қолдириб, «Ливерпул»га икки очколик масофада яқинлашиб олди.

«Саутҳэмптон» — «Тоттенҳэм» 0:5
Голлар:
Мэддисон (1, 45+4), Сон (12), Кулусевски (14), Сарр (25).
«Саутҳэмптон» – Маккарти, Мэннинг (Сугавара, 62), Беднарек, Ҳарвуд-Беллис, Уокер-Питерс, Фернандеш, Даунс, Арибо, Диблинг, Сулемана (Вуд-Гордон, 15), Армстронг (Арчер, 82).
«Тоттенҳэм» – Форстер, Удожи (Порро, 28), Дрэгушин, Грэй, Спенс (Доррингтон, 77), Бергвалл, Сарр, Сон (Жонсон, 46), Мэддисон (Вернер, 77), Кулусевски, Соланке (Лэнкшир, 82).
Огоҳлантиришлар: Бергвалл (30), Фернандеш (36), Мэддисон (50), Жонсон (58).

«Тоттенҳэм» барча турнирлар доирасида қаторасига беш ўйинда ғалаба қозона олмаганди — «Манчестер Сити» майдонидаги 4:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин жамоада нохуш серия юзага келди. Аммо «шпорлар» қачондир ўзига келиши тайин эди ва бу «Саутгҳемптон»га қарши ўйинда рўй берди. Лондонликлар 36-сониядаёқ ҳисобни очишди, илк бор АПЛ ўйинида бошланғич таркибдан ўрин олган Спенс Мэддисонга ассистентлик қилди. 14-дақиқага келиб эса Сон Ҳён Мин ва Кулушевскининг саъй-ҳаракатлари билан ҳисоб 3:0 кўринишига келди. Охирги бор бундай қисқа оралиқда 2011 йил февралида «Арсенал» «Нюкасл» билан ўйинда, ўн дақиқа ичида ҳисобни йирик кўринишга келтира олганди.

Танаффусгача ҳисоб 5:0 кўринишини олди, бунақаси «Тоттенҳэм» тарихида ҳеч қачон бўлмаган. «Авлиёлар» жамоаси мухлислари 2019 йилни ёдга олишди, ўшанда улар «Лестер»га қарши ўйинда ҳам биринчи бўлим якунида шундай ҳолатга тушиб қолишганди. «Тулкилар» ўшанда рақибни аямаган ва 9:0 ҳисобида ғалаба қозонганди, аммо Ангелос Постекоглу жамоаси у қадар қонга ташна бўлиб чиқмади. Бир бўлим ўйнаган Сон Хён Мин иккита ажойиб натижа қайд этишга улгурди. Биринчидан, кореялик ҳужумчи Англия чемпионатида юз ўйинда гол урган йигирма футболчидан бирига айланди. Иккинчидан, лондонликлар клуби сардори Даррен Андертон билан биргаликда Англия чемпионатидаги голли узатмалар (68 тадан) сони бўйича клуб рекордини бўлишиб турибди. «Саутҳемптон» эса бу натижадан кейин бош мураббий Рассел Мартиннинг жавобини берди.

Испания: «Атлетико» «Барса»га етиб олди

«Атлетико» — «Хетафе» 1:0
Гол:
Сёрлот (69).
«Атлетико» – Облак, Галан, Лангле, Хименес, Лоренте (Молина, 56), Лино (Сёрлот, 46), Барриос (Ле Норман, 86), Де Паул, Симеоне (Корреа, 55), Алварес, Гризманн (Коке, 63).
«Хетафе» – Сория, Иглесиас, Алдерете (Беррокал, 77), Дуарте, Ньом, да Коста (Йилдирим, 77), Миля, Сантияго (Сола, 56), Жене, Кейта (Уче, 55), Родригес (Петер Федерико, 77).
Огоҳлантиришлар: Иглесиас (69), Корреа (72), Де Паул (90), Коке (90+2).

«Атлетико» «Хетафе» билан ўйинда ҳам захира кучларни майдонга ташлаш орқали натижага эришди. Диего Симеоне бу мавсумда иккинчи бўлимлар натижаси алоҳида олинган тақдирда 40 очко тўплаган ва бу борада лигада яққол етакчи. Бу ўйинда ҳам иккинчи бўлим давомида туширилган Молина ўнг қанотдан узатма берди, танаффусдан кейиноқ Линонинг ўрнига ҳаракатланган Сёрлот бош билан аниқ зарба берди. Жамоа барча турнирлар доирасида қаторасига ўн биринчи ғалабасини нишонлади «Атлетико» «Реал»ни ортда қолдириб, иккинчи ўринга кўтарилди ва тўпланган очколар сони бўйича «Барселона» билан тенглашиб олди. Кейинги турда «матрасчилар» каталонияликлар билан турнир жадвалиги пешқадамлиги учун жангга тушишади.

«Барселона» — «Леганес» 0:1
Гол:
Серхио Гонсалес (4)
«Барселона» – Пеня, Балде, Мартинес, Эрик Гарсия (Кубарси, 74), Кунде, Педри, Касадо (Виктор, 80), Рафиня, Олмо (Лопес, 66), Ямал (Гави, 75), Левандовски (Ферран Торрес, 66).
«Леганес» – Дмитрович, Хави, Алтимира, Тапия (Брашанац, 45+2), Саэнс, Серхио Гонсалес, Оскар Родригес, Сиссе (Раба, 82), Неу, Мунир (Настасич, 58), де ла Фуэнте (Диего Гарсия, 58).
Огоҳлантиришлар: Сиссе (74), Хави (90+5).

Ханси Флик «Барселона»га келганидан буён ўртача ёш бўйича энг катта таркибини (25 ёшу 40 кун) майдонга ташлади. Бу кўп жиҳатдан ёш ҳимоячи Кубарсига мавсум бошидан буён илк бор дам берилгани туфайли бўлди. У йўқлигида эса мудофаадаги муаммолар яққол юзага чиқди. Биринчи хатодан кейин Пеня қутқариб қолган бўлса, «Леганес» ишлаган бурчак тўпи Серхио Гонсалеснинг голи билан якунланди.

Мезбонларнинг ўзи эса ҳеч қанақасига гол уролмади. Аниқроғи, Дмитрович бунга йўл қўймади, у аввалига Рафинянинг кучли зарбасидан кейин тўпни тўсинга йўналтирди, Левандовски жарима майдони марказидан туриб тепган тўпни ҳам тўсди. Ўйин арафасида трибунага йиғилганларга Golden Boy совринини намойиш этган Ямалнинг зарбаси эса тўсин юқорисидан ўтиб кетди.

Буларнинг бари биринчи бўлимнинг ўзида бўлиб ўтди. Иккинчи бўлимдаги энг яққол вазиятни Кунде йўққа чиқарди ва якунда жамоа яна бир бор аутсайдерга ютқазди (15-турда «Лас Палмас»га ҳам 1:2 ҳисобида бой берилганди). Қолаверса, «Барселона» 1998 йилдан буён илк бор чемпионат пешқадами бўлиб турган ҳолда сегундадан чиқиб келган жамоага мағлуб бўлганди. Ўшанда «Саламанки» билан қайд этилган 1:4 ҳисоби анча оғриқли қабул қилинганди, аммо моҳиятан якшанба кунги 0:1 ҳисоби ҳам бундан кам эмас. Сўнгги тўрт турда уч бор очко йўқотган (икки мағлубият ва бир дуранг) кўк-анорранглилар кейинги ҳафтаёқ пешқадамликни бой бериши мумкин.

Италия: «Фиорентина»ни собиқ мураббийи тўхтатди

«Болоня» — «Фиорентина» 1:0
Гол:
Одгор (59). 
«Болоня» – Скорупски, Ҳолм (Ликояннис, 77), Лукуми, Бекема, Де Силвестри (Пош, 82), Побега, Фройлер, Домингес (Илинг-Жуниор, 82), Одгор, Ндойе (Фергюсон, 46), Кастро (Даллинга, 90).
«Фиорентина» – Де Хеа, Гозенс (Паризи, 81), Раниери, Комуццо, Додо, Адли, Каталди (Ричардсон, 70), Белтран (Куаме, 81), Гудмундссон (Соттил, 58), Колпани (Иконе, 70), Кен.
Огоҳлантиришлар: Побега (13), Додо (16), Ликояннис (82), Комуццо (89).

«Фиорентина» тўққиз учрашувдан иборат ғалабали серия қайд этиб, клуб рекордини ўрнатди, аммо «фиалкалар» Болоняга ўз бош мураббийи Раффаэле Палладиносиз ташриф буюрди. 40 ёшли мутахассиснинг онаси вафот этди ва у оиласининг олдига кетганди. Флоренцияликлар эса Тиагу Моттасиз ҳаётга аста-секинлик билан кўникаётган жамоа майдонида ютқазди. Винченцо Италяно шогирдлари октябр ойи охиридан буён А серияда саккиз учрашувдан фақат биттасида ютқазди ва биттасида дуранг ўйнади. Бир ярим ой ичидаги олтинчи ғалабани Домингеснинг ҳаракатлари таъминлади, у қанотда Гозенсни ортда қолдириб, жарима майдони марказида турган Одгарни голли пас билан таъминлади. Мезбонлар вакилларининг хато зарбалари ва Де Хеанинг сейвлари жамоа учун имконият сақлаб турди, аммо майдондаги футболчилар дурангга ҳам эриша олмади. Энди, душанба куни «Лацио» «Интер» билан ўйинда очко оладиган бўлса, римликлар «Фиорентина»ни Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртликдан чиқариб юборади. «Болоня» эса бу ғалабадан кейин олтинчи ўринда бораётган «Ювентус» билан орадаги фарқни уч очкогача қисқартирди, аммо жамоада битта захира ўйини ҳам бор.

«Милан» — «Женоа» 0:0
«Милан» – Менян, Хименес, Тиав, Габбия, Эмерсон, Фофана, Рейндерс, Леау, Либерали (Камарда, 62), Чуквуэзе (Окафор, 76), Абраҳам (Мората, 46).
«Женоа» – Леали, Аарон Мартин, Васкес, Бани, Волякко (Сабелли, 46), Френдруп, Бадел, Миретти (Витиня, 80), Торсбю, Заноли (Нортон-Каффи, 90+1), Пинамонти.
Огоҳлантиришлар: Волякко (22), Заноли (42).

«Милана» фанатлари клуб тузилганининг 125 йиллиги муносабати билан ажойиб перформанс ҳосил қилишди, футболчилар эса 1899 йилга оид ретроформада майдонга тушишди, Шон-шараф залига эса россонериларнинг афсоналари — Филиппо Индзаги, Марко ван Бастен ва Франко Барези киритилди. «Сан-Сиро»  Руда Гуллит, Франк Райкард, Кларенс Зеедорф ва Алешандре Патони илиқ қарши олди. Ижтимоий тармоқларда мухлислар Паоло Малдини келмаганидан шикоят қилишди, аммо кўпроқ норозилик натижа юзасидан бўлди. Нолли дурангдан кейин жамоа турнир жадвалида саккизинчи ўринда қолмоқда — бу эса буюк клубдан кутиладиган натижа эмас. Афтидан, энди Миланнинг қизил-қора қисми учун энг яхши совға Паулу Фонсека ишдан бўшатилиши бўлади.

Германия: Дортмунд муваффақиятсизликка учрамоқда

«Боруссия» Д — «Ҳоффенҳайм» 1:1
Голлар:
Рейна (46) — Бруун-Ларсен (90+1). 
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни, Шлоттербек, Жан, Коуто (Люрс, 86), Нмеча, Гросс (Забитцер, 61), Гиттенс (Дуранвил, 76), Рейна (Ветиен, 76), Байер (Адейеми, 46), Гирасси.
«Ҳоффенҳайм» – Бауманн, Прасс, Нсоки, Чавес, Жандре, Крамарич (Ҳенрих, 79), Самассеку (Брун Ларсен, 54), Штах (Акпогума, 79), Бисхоф (Гайгер, 71), Гложек, Морстедт (Табакович, 71).
Огоҳлантиришлар: Жандре (21), Гросс (26), Нмеча (44), Рейна (73), Гиттенс (76), Гайгер (90+4), Адейеми (90+5).

Сўнгги ҳафта давомида «Сигнал Идуна Парк» сеҳри йўқолиб қолди. Аввалига Дортмундда «Бавария» сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолиб, очко олиб кетганди, ҳафта ўртасида эса мавсумда илк уйдаги мағлубият рўй берди — Чемпионлар лигасида «Барселона»дан (2:3). Яқинда мураббийини алмаштирган «Ҳоффенҳайм» эса якшанба куни анча дадиллик билан ҳаракат қилди. «Қишлоқликлар» жамоаси биринчи бўлимда ҳисобни очиш учун етарлича имкониятларга эга бўлди, «асаларилар» жамоасида эса Гирасси жарима майдонида актёрлик маҳоратини ишга солиши ёдда қолди. Арбитр унга ишонди, аммо VAR ҳакамнинг хатосини бекор қилди.

Танаффусдан кейин Нури Шаҳин жароҳат туфайли 1 октябрдан буён ўйнамаган Адейемини майдонга ташлади. У чиндан ҳам ўйинга янги импулс берди, аммо ўйинда ҳисоб ушбу форвард иштирокисиз очилди. Рейна ҳимоячидан қайтган тўпни куч билан дарвоза тўрига жойлади. Америкалик ушбу футболчи ҳам анча вақт жароҳатини даволаган ва фақат ноябр ойи охирида сафга қайтганди ва бу унинг учун жорий мавсумдаги илк гол бўлди.

Аммо унинг голи ғалаба учун етарли бўлмади ва қўшимча дақиқаларда «Боруссия» собиқ футболчиси Брун-Ларсендан гол ўтказиб юборди. «Ҳоффенҳайм» тур сайин хавфли зонадан йироқлашмоқда, «Боруссия» эса айни вақтда саккизинчи ўринда ва кейинги мавсум асосий еврокубокда иштирок этишдан умид узмоқда.

«Лейпциг» — «Айнтрахт» 2:1
Голлар:
Шешко (19), Опенда (51) — Браун (40).
«Лейпциг» – Вандевордт, Нуса, Ҳенрихс, Гертрюйда, Орбан, Зайвалд, Кампл (Битшиабу, 90+2), Шлагер (Клостерманн, 67), Баумгартнер, Опенда (Андре Силва, 82), Шешко.
«Айнтрахт» – Трапп, Теате, Кох, Кристенсен, Узун (Шаиби, 85), Экитик (Матанович, 75), Браун (Нкунку, 85), Дауд (Ҳойлунд, 52), Ларссон, Кнауфф (Баойя, 75), Мармуш.
Огоҳлантиришлар: Даҳуд (50), Кнауфф (68), Орбан (70), Браун (81).

Кубокда «Лейпциг» «Айнтрахт»га имкон қолдирмаган ўйиндан (3:0) бир ҳафта ўтиб бундеслигада ўтказилган ўйинда ҳам мезбонлар биринчи бўлимдаёқ ҳисобни йирик кўринишга келтириши мумкин эди. Бунга «бургутлар» посбони Трапп қаршилик кўрсатди ва Шешконинг голи ҳам — дарвозабон Баумгартнернинг мураккаб зарбасини қайтарганида такрорий зарба бериш орқали урилди. Трапп ўз жамоадошларига дуранг учун имконият қолдирганида улар бундан фойдаланишди. Бўлим охирида Узуни товони билан пас берди, Браун эса бир тегинишда тўпни олис бурчакка йўналтирди. Аммо иккинчи бўлимда Опенда барибир тарози палласини «Лейпциг» томон оғдирди, энди жамоа мағлуб этган рақиби билан очколар сони бўйича тенглашиб олди, аммо қўшимча кўрсаткичлар эвазига тўртинчи ўринда қолмоқда.

Франция: Париж олдинга чиқиб кетди

«ПСЖ» — «Лион» 3:1
Голлар:
Дембеле (8), Витиня (14, пеналти), Рамуш (88) — Микаутадзе (40). 
«ПСЖ» – Доннарумма, Мендеш (Люка Эрнандес, 64), Пачо, Бералдо (Маркинос, 63), Ҳакими, Витиня, Жоау Невеш, Заир-Эмери, Ли Кан Ин (Барколя, 63), Дуэ (Гонсалу Рамуш, 83), Дембеле (Фабиан Руис, 86).
«Лион» – Лукас Перри, Таляфико, Ниакате, Мата, Мэйтленд-Найлз, Толиссо, Матич, Верету (Чалета-Цар, 83), Шерки (Бенраҳма, 66), Микаутадзе (Ляказетт, 66), Нуама (Фофана, 66).
Огоҳлантиришлар: Ли Кан Ин (15), Доннарумма (41), Микаутадзе (41), Верету (45+2), Таляфико (90+2).

«ПСЖ» принципиал рақибга қарши ўйинни кучли бошлади ва тезкор икки гол урилди. «Лион» чемпионатда илк бор пеналтидан гол ўтказди. Аммо меҳмонлар интригани қайтаришга уриниб, бўлим охирида Микаутадзенинг саъй-ҳаракатлари билан барибир ҳисобни қисқартиришди. Гуржистонлик ҳужумчи — ротация футболчисига айланиб қолган, аммо Пиер Саж уни бошланғич таркибга киритганида, доимо ишончни оқламоқда. У илк дақиқалардан ўйнаган сўнгги тўрт ўйинида беш гол урган. Фақат якшанба куни «тўқувчилар» иккинчи бўлимда ҳужум чизиғини тўлиқ алмаштириб ҳам бошқа гол уришмади. Ўйин охирида эса парижликлар жокери Гонсалу Рамуш сўнгги нуқтани қўйди. Жароҳатидан тузалганидан кейин формасини тиклаётган португалиялик ҳужумчи ҳафта ўртасида ЕЧЛ ўйинида ҳам гол урганди, энди ички чемпионатда ҳам. «ПСЖ» эса шанба куни «Марсел» ва «Монако» очко йўқотганидан фойдаланиб, энг яқин таъқибчиларидан етти очкога ўзиб кетди. Лекин монегаскликларда турнирда интригани қайтариш учун чоршанба куни имконият бўлади, шу куни жамоа амалдаги чемпионларни «Луи II» стадионида қабул қилади.

Кун статистикаси

«Верона» ҳужумчиси Москера Италия чемпионатининг жорий мавсумида захирадан тушиб, 4 гол урган. У А сериядаги энг яхши жокер бўлиб турибди.

«Рома» ўз тарихида 4-марта А сериянинг дастлабки 16 турида саккиз бор мағлуб бўлди. Римликларда бундай ёмон старт охирги бор 1973 йилда кузатилган.

«Манчестер Юнайтед» бурчак зарбаларидан кейин 8 гол ўтказди. Бу мавсумда АПЛда фақат «Вулверҳэмптон» корнерларда бундан ёмонроқ ҳаракат қилмоқда (9 гол).

Гвардиол йил бошидан буён АПЛ ўйинларида 8 гол урди ва турнирдаги энг сермаҳсул ҳимоячи бўлиб турибди. «Манчестер Сити» футболчисининг натижаси «Арсенал»даги Габриэл Магалянсникидан иккита кўпроқ.

«Фенербаҳче» ҳужумчиси Жеко Туркия чемпионатида 30 гол урди. Босниялик футболчи — клуб рекордчиси, унга қадар ҳеч ким бу натижага 51 ўйинда эришолмаганди.

«Монпеле» Франция чемпионатининг ўн беш турида 38 гол ўтказиб юборди. Бундай ёмон мудофаа лига 1 тарихида 1978 йилдан буён кузатилмаган, ўшанда шу оралиқда «Ницца» дарвозаси 39 бор ишғол этилганди.

 

Мавзуга оид