Ўзбекистон | 12:49 / 16.12.2024
10147
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz танқидидан сўнг: Янгийўл судясининг шубҳали ҳукмига прокуратура протест киритди

Янгийўл туманида 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳамда суд ҳукми билан ахлоқ тузатиш жазосини олган ҳайдовчига Жиноят кодексининг 266-модда 3-қисми “а” банди доирасида жазо қўллаш сўралмоқда. Бу моддада муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган.

Тошкент вилоят прокуратураси томонидан ЖИБ Янгийўл туман судининг 2024 йил 11 ноябрдаги Рустамжон Мирзахатамовга нисбатан ҳукмига кассация тартибида протест киритилди. Прокуратура ҳукмнинг қонунийлигини ўрганиб чиққан. Бу ҳақда Kun.uz'га Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.

Қайд этилишича, прокуратура протестида ЖИБ Янгийўл туман судининг Рустамжон Мирзахатамовга нисбатан ҳукмини бекор қилиб, Жиноят кодексининг 266-модда 3-қисми “а” банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) доирасида жазо қўллаш сўралмоқда. Бу моддада муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган.

Kun.uz аввалроқ жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судида ЙТҲ содир қилиб 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи суд залида қамоқдан озод этилганини танқид қилганди. Орадан бир ҳафта ўтиб эса ЙТҲда бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига айни шу судя ҳукми билан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ҳар икки ишга бир судя – Улуғбек Ибрагимов раислик қилган.

Мавзуга оид