Жаҳон | 07:38 / 16.12.2024
3287
2 дақиқада ўқилади

Майоттада циклон туфайли юзлаб кишилар ҳалок бўлди

«Шидо» циклони Ҳинд океанидаги 320 мингдан ортиқ аҳолига эга француз минтақасининг кичик ҳудудига зарба берди. Қидирув иши қийинлашган.

Фото: AP

Ҳинд океанидаги Майотта ва Памандзи оролларида «Шидо» циклони Франция минтақасига ёпирилганидан кейин камида бир неча юз ва эҳтимол, минглаб одамлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда 15 декабр, якшанба куни маҳаллий ОАВ эфирида Майотта префекти Франсуа-Ксаве Бевил маълум қилди, Reuters унинг баёнотларидан иқтибос келтирмоқда.

Бир кун аввал Мадагаскар яқинидаги Комор оролларига ёпирилган тўфон 1934 йилдан бери минтақадаги энг кучлиси деб аталмоқда. Шамол тезлиги 200 км/соатдан ошди. Оқибатда Майоттада ҳукумат бинолари, мактаблар ва бир неча тиббиёт муассасаларига зарар етган.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, табиий офат оқибатида камида 246 киши жароҳат олган ва 14 киши ҳалок бўлган. Ҳақиқий қурбонлар сони анча юқори бўлиши мумкин ва аниқ рақамни айтиш қийин, деди Бевил: «Албатта, бир неча юзлаб ўлимлар қайд этилган бўлиши эҳтимоли бор. Биз минг ёки ҳатто бир неча мингга яқин бўлишимиз мумкин».

Префект таъкидлаганидек, ҳалок бўлганларнинг аниқ сонини аниқлашга Майотта аҳолисининг аксарияти мусулмонлар экани, бунда «ўлганлар 24 соат ичида дафн этилиши» таъсир қилмоқда. Шу билан бирга, Майоттада жуда кўп сонли ҳужжатсиз қочқинлар яшайди — улар табиий офатдан энг кўп жабр кўришлари мумкин, чунки улар кўпинча вақтинчалик биноларда истиқомат қилади.

Майоттада ҳаёт сифати даражаси Франциянинг ўзидан анча пастда — умумий майдони тахминан 374 квадрат километр бўлган минтақада 320 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шу билан бирга, маҳаллий иқтисодиёт деярли бутунлай Парижнинг субсидияларига боғлиқ ва Майоттанинг деярли ҳар учинчи аҳолиси ишсиздир, деб ёзади ОАВ.

Мавзуга оид