Ўзбекистон | 20:54 / 17.12.2024
3980
5 дақиқада ўқилади

17 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Фарғонада газдан чиққан улкан аланга, Андижон ва Тошкентда йирик автофирибгарларга қўйилаётган айбловлар ва Паркентдаги ҳайвонот боғида шерлар қурбони бўлган қоровул — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Фарғона марказида газ портлади

17 декабр куни Фарғона шаҳрининг Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган бензин ва газ қуйиш шохобчасида кучли портлаш содир бўлди.

Воқеа гувоҳлари Kun.uzʼга тақдим этган видеоларда портлашдан кейин газ тарқалиши ортидан улкан аланга юзага келгани, бутун чорраҳани олов қоплаб олгани акс этган. Ваҳимага сабаб бўлган ёнғин ФВВ ходимлари томонидан зудлик билан ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган, тўрт киши турли даражада тан жароҳати олган. Яна 8 киши тиббий кўрик ва назоратга олинган.

Ёнғинга суюлтирилган газ тўкиш пайтида технологик жараёнларнинг бузилиши ва хавфсизлик қоидаларига риоя этилмагани сабаб бўлган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини хотиржамликка чақириб, вазият назорат остида эканини маълум қилди.

Андижонда йирик автофирибгарлик

Андижон вилояти Жалақудуқ судида фуқароларнинг машиналарини ижарага олиб, эҳтиёт қисмларга бўлиб йўқ қилиш билан шуғулланган 14 кишилик уюшган гуруҳ устидан суд бошланди.

Гуруҳ 60 дан ортиқ автомобилни фирибгарлик йўли билан ижарага олиб, йўқ қилиб юборган. Ҳозиргача фақат 15 та машина топилган, уларнинг аксарияти носоз ҳолда, қисмлари ечиб олинган.

Жабрланувчилардан бири Nexia-3ʼни ижарага берганини, аммо қайтариб ололмаганини маълум қилди: «Машина бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиб йўқолган, аммо судда улар бир-бирини танимаймиз дейишмоқда».

Судланувчиларга Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик), 171 (жиноий йўл билан топилган мулкни ўтказиш) ва 227-модда (автомобил рақамларини яшириш) бўйича айблов қўйилган. Судда 57 нафар жабрланувчи иштирок этмоқда.

«Автолизингчилар» қамоққа олинди

Тошкентда ҳам машина олиб бераман, дея фуқароларни чув туширган йигитлар ҳибсда. Kun.uz ўтказган журналистик суриштирувдан сўнг «Halal Auto Leasing kompany» раҳбарлари фирибгарликда гумонланиб, қамоққа олинди.

ИИВ маълумотига кўра, компания фуқаролардан 1,7 миллиард сўм йиғиб, уни пластик карталар орқали нақдлаштириб олган.

Терговда маълум бўлишича, жамият октябр ойида давлат рўйхатидан ўтган ва жами 52 нафар фуқаро билан машина етказиб бериш бўйича шартнома тузган. Лекин жамғарилган маблағлардан бирорта ҳам автоулов сотиб олинмаган, дилерлар билан шартнома ҳам тузилмаган.

Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жамият раҳбари Йўлдошев ва унинг шериги Мамажоновга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.

Жабрланган фуқаролар ИИВ Тергов департаментига мурожаат қилиши мумкин.

Ҳайвонот боғида шерлар қоровулни ўлдирди

Тошкент вилояти Паркент туманидаги Lion Park хусусий ҳайвонот боғида учта шер қафасдан чиқиб кетиб, қоровулга ҳужум қилди. Ҳодиса 17 декабр, тонгги соат 05:00 да содир бўлган.

44 ёшли қоровул шерларни катакка қайтармоқчи бўлган пайтда ҳайвонлар уни оғир жароҳатлаган ва у вафот этган.

Вилоят ИИББ хабар беришича, икки шер ухлатувчи дори воситаси билан қафасга қайтарилган, учинчи шер эса маҳаллий овчи томонидан отиб ўлдирилган. Атрофдаги аҳоли ва меҳмонларга хавф йўқлиги тасдиқланган.

Прокуратура мутахассислар билан биргаликда терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда. Йиртқич ҳайвонлар тўлиқ саноқдан ўтказилган ва қафаслар мустаҳкамланган.

Ўзбекистонда кучли совуқлар яна қайтади

21–22 декабр кунлари Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келади. Ўзгидромет маълумотига кўра, бу кунлари мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин.

Шамол тезлиги сониясига 13–18 метргача кучаяди. Ҳаво ҳарорати кечалари –7...–10 даражагача, кундуз кунлари эса 0...–3 даражагача пасаяди.

Йўлларда музлаш ва яхмалак ҳолатлари кузатилиши мумкин, ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик сўралмоқда.

Қатар билан стратегик шерикликни кенгайтириш истиқболлари

17 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Президент Қатар раҳбарини Давлатга асос солинган кун билан қутлаб, Қатар халқига тинчлик ва равнақ тилади.

Мулоқотда инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Доҳа ва Тошкентда ўтган бизнес форуми ҳамда маданият ҳафталиги юқори баҳоланди.

Қатар компаниялари энергетика, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Тўғридан тўғри авиақатновлар сайёҳлик ривожига хизмат қилмоқда.

Давлат раҳбарлари 2025 йилда «Марказий Осиё—Кўрфаз» ҳамкорлик кенгаши саммитини ўтказиш масаласига ҳам эътибор қаратди.

Мавзуга оид