Давлат хизматлари соҳасидаги режалар бўйича маълумот берилди
Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев давлат хизматлари марказлари ташкил этилганига 7 йил тўлиши муносабати билан маъруза қилиб, соҳада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режаларга тўхталди.
«Амалга оширилган ҳуқуқий, ташкилий комплекс чоралар натижасида ДХМлар аҳоли муаммоларини ҳал қилишнинг, давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни соддалаштиришнинг марказига айланди.
Хусусан, халқимизга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада яқинлаштириш бўйича биринчи навбатда зарур инфратузилма яратилди.
Республиканинг барча 208 та туман ва шаҳарларида ДХМлар ташкил этилди. Уларнинг 193 тасида замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу биноларнинг 79 таси давлат-хусусий шериклик асосида қурилди. Туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км. узоқ, тоғли ҳудудларда 138 та филиал фаолият юритиб келмоқда. Улар маҳаллий аҳолини узоғини яқин қилмоқда.
2018 йил 1 январда фаолият бошлаган пайтда ДХМлар томонидан дастлаб 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирда 403 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.
Ҳар куни ўртача 100 мингга яқин фуқароларимиз Давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, хизматлардан фойдаланмоқда.
Хусусан, фуқароларнинг шахсан ўзи келган ҳолда 2023 йил давомида 9,3 млн.дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2024 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 10,5 млн.дан ортиқни ташкил этди.
Бугунги кунда ДХМларда ташриф буюрувчилар учун зарур қулайликлар яратилган бўлиб, кутиш заллари электрон навбат тизимлари, ахборот киоскалари, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, саломатлик бурчаклари, мутолаа учун китоб жавонлари, болалар ўйин майдончалари, Wi-Fi ҳудудлар ҳамда буфетлар билан жиҳозланган.
Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларимизга енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилган. Ҳозирга вақтга қадар 2,5 млн.га яқин сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Хусусан, 2024 йилнинг 9 ойи давомида 662 816 та сайёр хизмат кўрсатилди.
Сайёр хизматларни ташкил этиш учун махсус мослаштирилган автомашиналар харид қилинган бўлиб, улар кўчма ДХМ вазифасини ўтайди. Улар барча замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган.
2019 йилдан давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча хизматларни “экстерриториал” тамойил асосида кўрсатиш йўлга қўйилди.
Бу аҳолига нима беради? Бунда давлат хизматларини кўрсатиш доимий рўйхатдан ўтган жойидан (пропискага) ёки яшаш жойидан қатъи назар аҳоли ва тадбиркорларимиз исталган жойдаги ёки ўзларига қулай жойдаги давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади.
Аксарият фуқароларнинг иш вақтини инобатга олган ҳолда ДХМларда ҳафтанинг душанба – жума кунлари соат 8:00 дан бошлаб ишлаш тартиби жорий этилди».
Фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида 25 та туманда
ID-карта бериш, 104 та туманда ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш, 138 та туманда хорижга чиқиш паспортини бериш имконияти яратилди.
Хусусан, 2024 йилда қўшимча 100 та ДХМда хорижга чиқиш паспортини бериш, 78 тасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш хизмати йўлга қўйилди.
Давлат хизматлари марказларида аҳолига хизмат кўрсатишнинг ўртача вақти 5 дақиқага туширилди. Илгари бу муддат 15–20 дақиқани ташкил этган.
Натижада, фуқароларнинг бир йилда 2,1 млн. соатдан (247 йил) ортиқ вақти тежаб қолинишига эришилди.
Давлат хизматлари марказлари фаолиятини 3 мингдан ортиқ камера орқали масофавий мониторинг қилиш, сифатини баҳолаш ва самарадорлигини таҳлил қилиш бўйича “Ситуацион марказ” фаолияти йўлга қўйилди.
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларидаги 43 та Давлат хизматлари марказларида хизматларни “осон”, “ўрта” ва “мураккаб” тоифаларга ажратган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилди.
Рақамлаштириш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини қисқартириш соҳасида
ФҲДЁ соҳасида 60 млн.дан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари тўлиқ рақамлаштирилди ва “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимида оила таркибини аниқлаш имконияти яратилди.
Бугунги кунда электрон ҳукуматнинг кейинги босқичи сифатида рақамли ҳукумат кўп гапирилмоқда. Бунинг учун зарур ҳуқуқий база, инфратузилма шакллантирилмоқда.
Бунда аҳолини давлат хизматларидан онлайн фойдаланишга ўргатиш ва уларнинг кўникмаларини ошириш муҳим. Аҳолининг рақамли саводхонлигини оширмасдан тўлақонли рақамли трасформация ҳақида гап бўлиш мумкин эмас. Шу боис аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ва бунда уларнинг маданиятини ошириш мақсадида ДХМларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари ташкил этилди.
ДХМларда яратилган бу каби қулайликлар давлат хизматларини онлайн тарзда олиш даражасининг ортишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Қолаверса, 188 та маҳаллаларда 24/7 режимида ишлайдиган интерактив киосклар орқали 64 турдаги давлат хизматлари бўйича 460 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилди;
Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификациялаш (Face–ID) усули жорий қилинди. Бунда, Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинганда фуқаролар ўзлари билан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб боришмаган бўлса, уларнинг шахсига юз қиёфаси орқали аниқлик киритилади.
100 дан ортиқ давлат хизматлари “3 қадам” ҳамда “фойдаланувчи учун мослаштирилган” тамойиллари асосида соддалаштирилди; БПР сабабли билан ходимлар сони оширилмаяпти.
Қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ва бюрократияни қисқартириш соҳасида
Бюрократик соҳа ҳисобланган лицензиялаш, рухсат бериш тизими бутунлай ислоҳ қилинди.
Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августда “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Қонун билан маънан эскирган ва тарқоқ ҳолдаги амалдаги қонунчилик ҳужжатлари унификация қилинди ва бу соҳадаги мавжуд барча қонун ва қонун ости ҳужжатлари бекор қилинди. Хусусан, ушбу соҳага оид 2 та Қонун, 2 та Олий Мажлис қарори, 2 та Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори, 100 га яқин ҳукумат қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилди.
Лицензиялар ва рухсат бериш ҳужжатлари 32 фоизгача қисқартирилди. Хусусан, 72 та лицензияланадиган фаолият ва 40 та рухсатномалар бекор қилинди ҳамда тартибга солишнинг муқобил усулига ўтказилди.
Натижада, қонун билан 49 та лицензиялар, 123 та рухсат бериш ҳужжатлари ҳамда 37 та хабарномаларнинг якуний рўйхатлари тасдиқланди.
“Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни онлайн тарзда олиш имконияти яратилди.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 120 турдаги ортиқча маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди.
Натижада:
- давлат органлари ўртасида “Рақамли ҳукумат” тизими орқали бир йилда ўртача 2,2 млн.дан ортиқ ҳужжатлар (маълумотлар) алмашилмоқда;
- аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг 22,7 млрд. сўмдан ортиқ маблағлари ҳамда 2,2 млн. дона (11 минг кг) қоғоз тежалишига эришилди.
Давлат хизматлари кўрсатишда талаб этиладиган ҳужжатлар сони 255 тадан 129 тага (51 фоиз) қисқартирилди.
Ижтимоий ҳимоягп муҳтож шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда тўловларнинг 50 фоизи миқдорида чегирма жорий қилинди.
2023 йил 1 январдан бошлаб 5 та соҳа бўйича тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни синовдан ўтказишни назарда тутувчи “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими жорий этилди.
2024 йил 1 мартдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида 2 та лицензия ва рухсатномаларни олиш учун уч ойгача ўтиш ва мослашиш даврини белгилайдиган “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими жорий этилди.
Давлат органлари ва ташкилотларининг аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ 27 та вазифа ва функциялари хусусий секторга ўтказилди.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига яратилган қўшимча имкониятлар
Аҳолини ортиқча овора бўлишини олдини олиш ҳамда идорама-идора сарсон бўлиб юришига йўл қўймаслик мақсадида хизматларни “комплекс тарзда” кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу фуқаронинг битта сўрови асосида ўзаро боғлиқ давлат хизматларини композит шаклда, яъни бир пайтда тақдим этишдир.
Давлат ташкилотларининг ўз ташаббуси билан фуқароларга муайян вазиятда керакли хизматдан фойдаланишни таклиф қилишини назарда тутувчи проактив давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Бугунга келиб, 6 та давлат хизматини “проактив” (фуқароларнинг тегишли мурожаатисиз давлат органи ва бошқа ташкилот ташаббуси билан кўрсатиш) ҳамда 40 га яқин давлат хизматларини “композит” (ариза берувчининг бир сўрови асосида икки ёки ундан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш) шаклларида кўрсатиш йўлга қўйилди;
“Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси ўтказилиб, 116 мингдан ортиқ фуқароларга туғилиш, никоҳ, ажрим, ўлим, кадастр, тадбиркорлик субъектига гувоҳнома ва бошқа турдаги ҳужжатлар олишдаги муаммолари ҳал этилди.
Жисмоний шахснинг шахсий автомототранспорт воситасини бошқа шахсларга бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани ЯИДХП орқали электрон шаклда расмийлаштириш жорий этилди;
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, туғилганлик ҳақида бирламчи ва такрорий гувоҳномалар, хорижга чиқиш биометрик паспортини почта орқали етказиб бериш жорий этилди.
Туғилишни тиббиёт муассасалари орқали қайд этиш йўлга қўйилди.
Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик ҳолатлари бўйича қўлланган чоралар
Хусусан, 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида 577 223 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган бўлиб, улар юзасидан ваколатли идораларга 848 та тақдимнома киритилиб, натижаси бўйича 594 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган (уларнинг 33 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган) ҳамда 5 388 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилган.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишда ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар.
Бугунги кунда жами 97 та давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 940 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Давлат хизматлари марказлари орқали 403 та, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 671 та хизмат ва сервислар, “Лицензия” ахборот тизими орқали 135 та хизмат аҳолига кўрсатиб келинмоқда.
Ваколатли идоралар ва ташкилотлар томонидан давлат хизматларини аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун соддалаштириш ишларига етарли даражада эътибор берилмаяпти. Буни қуйидаги кўрсаткичлар орқали яққол кўриш мумкин.
Масалан, Давлат хизматлари ягона реестридаги 940 та хизматдан 275 таси анъанавий шаклда, 181 таси ваколатли идораларнинг ички ахборот тизимларида кўрсатилмоқда.
Ваколатли идоралар ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари фойдаланувчилар учун қулайликлар яратиш, давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда автоматлаштириш учун етарли имкониятга эга эмас.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва “Лицензия” ахборот тизимлари аҳоли ва тадбиркорлар учун барча қулайликларга эга бўлсада, ваколатли вазирлик ва идоралар ўзларининг давлат хизматларини мазкур платформаларда кўрсатишни йўлга қўйиш ишларига сусткашликка йўл қўймоқда.
Бунга сабаб сифатида турли идоравий манфаатлар, қонунчиликда белгиланган назорат механизмлари ва жавобгарликдан қочиш каби омилларни келтириш мумкин.
Худди шунингдек, давлат хизматларининг анъанавий шаклда ҳамда турли ахборот тизимларида кўрсатилиши оқибатида 400 дан ортиқ давлат хизматларининг тартиб-таомиллари соддалаштириш имкониятини бермаяпти.
Масалан, бино-иншоотларга санитария-гигиена нормаларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса мактабдан ташқари таълим фаолияти ва оилавий нодавлат мактабгача таълим каби фаолиятларини йўлга қўйишда талаб қилинади.
Мазкур хизматни кўрсатишнинг тартиби, муддати, мурожаат қилишнинг нуқтаси, тўлов ундириш ёки ундирилмаслиги, рад этиш асослари мавжуд эмас.
Шунга кўра, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари мазкур хулосани олиш учун идорама-идора сарсон бўлмоқда.
Шунингдек, кўрсатилаётган давлат хизматларини тўлиқ “3 қадам” тамойили асосида соддалаштириш ишларини амалга ошириш зарурати мавжуд.
Биргина, доимий ва вақтинчалик яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш хизматини кўрсатишда 8 та босқичда 30 дан ортиқ тўлдириладиган маълумот майдончалари мавжуд.
Бу каби ҳолатларни болаларни давлат умумтаълим мактабларининг 1- синфига қабул қилиш (4 босқич 20 дан ортиқ майдонча) ва ҳарбий ҳисобга қўйиш (2 босқич 11 дан ортиқ майдонча) хизматларида ҳам кўриш мумкин.
Юқоридаги ҳолатлар аҳолининг давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини чеклашга олиб келмоқда.
Давлат хизматларини кўрсатиши соҳасини халқимизга янада яқин қилиш, соддалаштирилган давлат хизматларини тақдим этишни кенг йўлга қўйишда қуйидаги муаммолар мавжуд:
– давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган маълумотларнинг катта қисми рақамлаштирилмаган ва тегишли маълумотларни автоматик ўзгартириш имконияти мавжуд эмас.
– давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ортиқча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунга сабаб сифатида давлат органлари ва ташкилотларида ахборот тизимларининг талаб даражасида ёки мавжуд эмаслиги ёки Электрон ҳукумат тизимидан фойдаланиш бўйича ходимлар кўникмасининг етарли эмаслиги кабиларни келтириш мумкин;
– фуқаронинг шахси ва фаолиятига оид барча ҳужжатлар қоғоз кўринишида юритилиб, ҳар бир давлат органи ва ташкилотига келиб давлат хизматидан фойдаланиш учун ҳужжатларни ўзи билан олиб юриши талаб этилади;
– давлат органлари ва ташкилотларида ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқ рақамлаштирилмаганлиги хизматларни автоматлаштириш ишларини якунлашга салбий таъсир қилмоқда;
– ваколатли органларнинг давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ вазифа ва функцияларини хусусий секторга ўтказиш жараёнлари суст кечмоқда;
– аксарият давлат хизматларини кўрсатишда эскирган, бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги фуқароларга ноқулайликлар келтириб чиқармоқда;
– давлат томонидан бериладиган субсидияларнинг аксариятидан электрон фойдаланиш имконияти мавжуд эмаслиги, мазкур тартиб-таомиллар турли қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинганлиги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг оворагарчиликларига ва бюрократик тўсиқларга сабаб бўлмоқда.
Шунга кўра, ҳозирда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидиялар бериш тартиб-таомилларини тизимлаштириш, мазкур жараёнларни рақамлаштириш зарурати мавжуд.
Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада яхшилаш, бюрократик тўсиқларни тубдан йўқотиш бўйича келгусидаги режалар
Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини соддалаштириш йўналишида:
– Давлат хизматлари ягона реестрида мавжуд анъанавий тарзда ҳамда турли ахборот тизимларида кўрсатилаётган 450 дан ортиқ давлат хизматлари босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштирилади, бунда “ягона дарча” тамойили асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлари сони доимий равишда ошириб борилади.
– Ҳозирга қадар тартиб-таомиллари мавжуд бўлмаган 94 та давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламентлари ишлаб чиқилади;
– 200 та давлат хизмати (BPR) усулларидан фойдаланган ҳолда давлат хизматлари соддалаштирилади, шундан 77 та давлат хизмати “3 қадам” тамойили асосида қайта кўриб чиқилади;
– 11 турдаги давлат хизматлари проактив, 20 та давлат хизматини композит шаклда кўрсатиш жорий этилади;
– 23 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилади;
– аҳолидан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 9 турдаги ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинади;
– ваколатли органларнинг давлат хизматлари кўрсатиш фаолиятини (рақамлаштириш, электрон шаклга ўтказиш ва б.) баҳолаш тартиби йўлга қўйилади. Бунда, ваколатли органларнинг рейтинги юритилади ва рейтинг натижалари масъул ходимларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) киритилади;
– тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий юк бўлаётган кам аҳамиятли ёки ўз аҳамиятини йўқотган лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинади;
– аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан субсидиялар бериш жараёнлари соддалаштирилади, бунда:
- субсидияларни тақдим этиш тартиб-таомиллари ягона низом ва паспортлар воситасида тартибга солинади;
- субсидияларни бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади
- ва субсдиялар ажратиш тартиботи автоматлаштирилади (керакли ҳужжатлар ва маълумотларни ваколатли идоралардан электрон олиш);
- барча турдаги субсидиялардан фойдаланиш бўйича аризаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилишни йўлга қўйиш бўйча чоралар кўрилади.
– давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари ваколатли органларнинг иш ҳажми ҳамда штатлар сони, мавжуд имкониятларига мувофиқлаштирилади;
– “Лицензия” ахборот тизими орқали ваколатли органларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш имкониятини яратиш;
– ваколатли органларнинг давлат хизматларини кўрсатишда масъулиятини оширишда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъулларни автоматик тарзда маъмурий жавобгарликка тортиш йўлга қўйилади. Бунда, биринчи навбатда, мазкур амалиёт “Лицензия” ахборот тизимида тажриба тариқасида йўлга қўйилади;
Соҳага замонавий ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий этиш йўналишидаги режалар:
– Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади;
– ФҲДЁ органлари, тиббиёт муассасалари ва судлар ўртасида ҳужжат алмашинувини тўлиқ электрон шаклга ўтказилади;
– давлат архивларида сақланаётган давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўладиган қимматли ҳужжатлар ва маълумотномалар, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларга ер ва бинолар ажратиш, фуқароларнинг иш ҳақи ва стажи, таълим муассасаларини тугатганлик ҳақидаги ҳужжатлари рақамлаштирилади;
– архив ҳужжатларининг матнини таниб олиш ва маълумотларни ахборот тизимига киритиш жараёнларини автоматлаштириш имконини берувчи сунъий интеллектга асосланган ечимлар ишлаб чиқилади;
– Ягона интерактив давлат хизматлари портали, “Лицензия” ахборот тизими, Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими ҳамда “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида ахборот ва маслаҳат хизматларини сунъий интеллект ёрдамида кўрсатишни йўлга қўйиш чоралари кўрилади;
“Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили амалиётга татбиқ этилади. Бунда, Якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда қуйидаги хизматлардан композит шаклда фойдаланиш йўлга қўйилади:
- коммунал тармоқларга (газ, электр, иссиқлик ва сув таъминоти тармоқларига) улаш;
- айрим фаолият турлари учун хабарнома ёки лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун ариза юбориш;
- ижара шартномасини солиқ органида рўйхатдан ўтказиш.
– кўчмас мулк объектларининг мулкдори ўзгарганда коммунал соҳадаги (электр, газ, сув, чиқинди, иссиқ сув) кўчмас мулкнинг ҳисобрақам маълумотларини автоматик равишда янги мулкдор номига расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилади;
– жисмоний ва юридик шахснинг бирламчи маълумотлари (Ф.И.Ш, туғилган вақти, номи ва б.) ўзгарганда ахборот тизимларидаги кўчмас, кадастр, лицензия ва рухсат бериш, хабарномалар, таълим маълумотларига автоматик равишда ўзгартириш амалиёти йўлга қўйилади;
– Қабристонлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида “Дафн этишларни рўйхатга олиш ягона электрон дафтари” ахборот тизими ва унинг мобил иловаси ишлаб чиқилади, дафн этиш учун тақдим этилган гувоҳнома (ёки QR-кодли маълумотнома)ни ҳақиқийлигини “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали текшириб олиш имконияти яратилади;
– жисмоний ва юридик шахслар томонидан ишончномаларни расмийлаштириш бўйича Vakolat.uz платформаси яратилади.
Мавзуга оид
20:12 / 30.01.2019
Давлат хизматлари маркази яна биттага кўпайди, бу сафар Жиззахда
15:50 / 14.10.2018
Танқидий мақоладан сўнг. Давлат хизматлари агентлиги аралашуви билан Сергелида аҳоли муаммолари ҳал қилинди
12:57 / 21.09.2018
Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
19:27 / 30.06.2018