Жаҳон | 16:06 / 17.12.2024
3134
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Суриянинг янги раҳбарияти билан алоқага чиқди

Европа Иттифоқи Сурияда «бўшлиқ» пайдо бўлишига йўл қўя олмайди, деди Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас. Шу пайтгача Европа Иттифоқи Брюссел террорчи деб эълон қилган ҲТШ гуруҳи исёнчилари билан алоқага чиқмаганди.

Фото: Getty Images

Сурияда Башар Асад режими қулаганидан кейин Европа Иттифоқи бу давлатнинг янги раҳбарияти билан алоқа ўрнатмоқда. Душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Калласнинг айтишича, ЕИнинг Сурия бўйича элчиси, немис дипломати Майкл Онмахт кун давомида Дамашқда бўлиши кутилмоқда. Суриядаги фуқаролар уруши пайтида у Ливан пойтахти Байрутда эди.

Калласнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Сурияда «вакуум» пайдо бўлишига йўл қўя олмайди ва шунинг учун у Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи сиёсат бўлимлари раҳбарлари билан Европа Суриядаги янги ҳокимият билан қандай ва қай даражада ҳамкорлик қилиши мумкинлиги ҳақида маслаҳатлашмоқчи.

Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Европа дипломатиясининг янги раҳбари Кая Каллас бошчилигида илк бор йиғилишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, Брюссел Суриянинг янги раҳбариятидан курдлар ва насронийлар каби озчиликларни ҳимоя қилишини кутмоқда. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россиянинг икки ҳарбий базасининг Сурияда қолиши билан боғлиқ таҳдидларга эътиборни қаратмоқчи, деди Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси. Россия йиллар давомида Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлаб келган.

ҲТШ ҳамон террорчи гуруҳлар рўйхатида

Шу пайтгача ЕИ декабр бошида Асадни ҳокимиятдан ағдарган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) радикал гуруҳи билан алоқада бўлмаган. Европа Иттифоқи, худди БМТ каби, ҲТШни «террорчи ташкилот» деб эълон қилди ва унга қарши санкциялар киритди. Асад ағдарилганидан сўнг ҲТШ Муҳаммад ал-Баширни ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади ва дипломатларга кўра, анча мўътадил позицияни эгаллаб турибди.

Аввалроқ АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи давлатлари Франция ва Италия Дамашқ билан ўз дипломатик алоқалари тўғрисида эълон қилган эди.

Мавзуга оид