Ўзбекистон | 21:28 / 19.12.2024
2671
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштириш кўзда тутилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 19 декабр куни инвестиция бўйича 2024 йилдаги натижалар сарҳисоби ва келгуси йилги вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Қайд қилинишича, 2017 йилдан буён иқтисодиётга барча манбалар ҳисобидан 188 миллиард доллар инвестиция киритилган. Шундан 87 миллиард доллари четдан жалб қилинган. Натижада инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 30 фоиздан ошиб, барқарор иқтисодий ўсишга замин бўлмоқда.

Бу йил иқтисодиётга киритилган инвестициялар ҳажми 1,3 баравар кўпайиб, 36 миллиард доллардан ошди. Буларнинг ҳисобига йил бошидан буён қўшимча 70 триллион сўмлик қиймат берадиган 560 та йирик ва ўрта лойиҳа ишга туширилди. Келаси йилдан экспортни яна 1 миллиард долларга ошириш имконияти пайдо бўлди.

Йиғилишда инвестициялар, саноат ва савдо вазири 2025 йилги режалар тўғрисида ахборот берди.

Келгуси йил 43 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Бу орқали 300 дан ортиқ йирик лойиҳа бажарилиши, импорт ўрнини босувчи 662 та янги маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Давлат раҳбари бунинг учун хорижий инвесторлар билан манзилли ишлаб, янада қулайликлар яратиш, эришилган барча келишувларни юқори даражада амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, бугунги кунда 1 минг 890 та лойиҳа бўйича иш кетмоқда. Уларнинг ижросини жадаллаштириш учун масъуллар белгиланди.

Йиғилишда ташқи савдо масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 2030 йилгача мамлакатимизнинг йиллик экспорт ҳажмини 2 баробар ошириб, 45 миллиард долларга олиб чиқиш мақсади белгиланган. Бу режадаги инвестициявий лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириб, юқори қийматли маҳсулот ва хизматларни кўпайтиришни, экспорт географиясини кенгайтиришни талаб этади.

Мутасаддиларга режалар ижросини доимий таҳлил қилиб, ишни жойларда сифатли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид