Жаҳон | 21:49 / 19.12.2024
12348
3 дақиқада ўқилади

«Бу рақибга позицияларида мустаҳкам ўрнашишга имкон бериш демак». Путин — Украина билан сулҳ эҳтимоли ҳақида

Юрий Кочетков / EPA / Scanpix / LETA

РФ президенти Владимир Путин Россияга сулҳ эмас, узоқ муддатли тинчлик кераклигини айтди. У жонли мулоқот чоғида ўт очишни тўхтатишга қанчалик тайёрлиги ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда фронтда Украина қуролли кучлари томонида «жанговар техникалар, жиҳозлар, қурол-аслаҳалар, ўқ-дорилар ва шахсий таркиб тугаши» кузатилмоқда. 

«Бугун биз майдонида мана нималарни кўрмоқдамиз. Бизнинг армия олдинга юрмоқда, рақиб маълум кун, маълум вақтда чекинган позицияларида ўрнашиб қололмаяпти. У уюшган ҳолда чекинмоқда, аммо у ерда ўрнашишга улгурмаяпти, кейинги куни бизнинг йигитлар етиб бормоқда. Бир ҳафтага тўхташ — бу рақибга ушбу позицияларда мустаҳкам ўрнашишга имкон бериш демакдир. Дам олиш ва зарур қуролларни, ўқ-дориларни олиш имкониятини бериш, шахсий таркибни тайёрлаш нуқтайи назаридан жуда муҳим», — деган Путин. 

У «узоқ муддатли сулҳ душманга шу ишлар — шахсий таркибни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланиш имконини бериши»ни айтади.

«Сиз уларга сафларини тўлдириш имконини бермоқчимисиз? Бизга сулҳ эмас, тинчлик керак. Узоқ муддатли, мустаҳкам, РФ ва унинг фуқаролари учун кафаолатланган тинчлик. Бу кафолатларни қандай таъминлаш мураккаб масала, аммо умуман олганда — қидириш мумкин», — деган Путин.

РФ президенти Венгрия бош вазири Виктор Орбан «бир-икки кунга» Рождество сулҳи тузиш ва асирларни алмашишни таклиф қилганини айтган.

«Мен бош тортмадим. Умуман, ўйлаб кўриш кераклигини айтдим. Аммо сиз улардан [Киевдан] сўранг дедим. У сўради. Кейинги куни режим раҳбари ҳеч қандай сулҳ, ҳеч қандай асирлар алмашуви бўлмаслигини айтди», — дейди РФ президенти.

11 декабр куни Виктор Орбан Украина президенти Володимир Зеленскийга Рождество муносабати билан ўт очишни тўхтатишни таклиф қилгани, аммо у рад жавоби берганини айтганди. «Венгриянинг Евроиттифоқдаги раислиги сўнггида биз тинчликка эришиш учун навбатдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширдик. Биз рождество сулҳи ва кенг кўламли асирлар алмашинувини таклиф қилдик. Президент Зеленский буни аниқ рад этгани ачинарли, биз қўлимиздан келганини қилдик», — дея ёзганди Орбан X ижтимоий тармоғида. 

У бу хабарни Зеленскийнинг Венгрия бош вазирининг Владимир Путин билан телефон мулоқотини танқид қилган постига жавобан ёзганди.

Зеленскийнинг коммуникация масалалари бўйича маслаҳатчиси Дмитро Литвин Венгрия «одатдагидек, Украина билан ҳеч нарсани муҳокама қилмагани»ни айтган. «Доимгидек, Венгрия бизни Москва билан контакти тўғрисида хабардор қилмади. Доимгидек, Украина Венгрияга қандайдир вакиллик қилиш ҳуқуқини бермаган», — деганди у.

Мавзуга оид