Жаҳон | 13:42 / 19.12.2024
3763
3 дақиқада ўқилади

Дамашқ яқинида иккита оммавий қабр топилди

АҚШнинг махсус топшириқлар бўйича собиқ элчиси Стивен Раппнинг сўзларига кўра, Сурияда камида 100 000 киши Башар Асад режими остида ўлдирилган ёки қийноққа солинган.

Фото: Reuters

Сурияда, унинг ҳукмдори Башар Асад даврида, 2013 йилдан бери 100 мингдан ортиқ одам қийноққа солинган ёки ўлдирилган бўлиши мумкин. Бу баҳони 17 декабр, сешанба куни Reuters билан суҳбатда АҚШнинг ҳарбий жиноятларни тергов қилаётган собиқ элчиси Стивен Рапп билдирди.

У аввалроқ икки оммавий қабрга борган: Дамашқ яқинидаги Қутайфа ва Нажҳа шаҳарларида. «Бизда, албатта, бу машинада (оммавий қийноқлар ва қотилликлардан) ғойиб бўлган ва қийноққа солинган ҳолда ўлдирилган 100 000 дан ортиқ одам бор», деди у.

«Биз нацистлар давридан бери бунақасини кўрмаганмиз», деди Рапп. У илгари Руанда ва Серра-Леонедаги уруш жиноятлари трибуналларида айбловни бошқарган ва ҳозир Сурия фуқаролик жамияти билан Асад режими томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар далилларини ҳужжатлаштириш ва эҳтимолий суд жараёнларига тайёргарлик кўришда ёрдам бермоқда, дея тушунтиради Reuters.

Ўз навбатида, бош қароргоҳи Қўшма Штатларда жойлашган Сурия Фавқулодда вазиятлар гуруҳига раҳбарлик қилувчи ҳуқуқ ҳимоячиси Муаз Мустафо журналистларга, унинг ҳисоб-китобларига кўра, биргина Қутайфада камида юз минг жасад дафн этилганини айтди.

WSJ: Асад оиласининг бойлиги 12 млрд долларга тенг бўлиши мумкин

2021 йилда бутун Суриянинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) атиги 8,98 миллиард долларни (8,54 миллиард евро) ташкил этганига қарамай, Башар Асад оиласининг активлари қиймати 12 миллиард долларга (11,4 миллиард евро) етиши мумкин. Бу ҳақда Американинг The Wall Street Journal газетаси 15 декабр куни хабар берди.

Асад режимининг қулаши билан Сурияда 50 йилдан ортиқ вақт давомида ҳокимият тепасида турган унинг оиласининг кўп миллиард долларлик бойлиги учун глобал ов бошланди, деб ёзади нашр.

«Инқилобдан олдин уларнинг пулларни ювиш учун кўп вақтлари бор эди, уларда ҳар доим »Б« режаси бўлган ва улар ҳайдалишга яхши тайёргарлик кўришган», деди Оқ уй Хавфсизлик кенгаши ҳузуридаги тузилмалардан бирида Сурия сиёсати учун масъул бўлган Эндрю Таблер.

Таблер - Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти ходими. Илгари у Асад оиласи аъзоларига нисбатан санкциялар қўллаш учун уларнинг мол-мулкини аниқлаш устида ишлаган.

Башар Асад ва унинг отаси Ҳофиз қариндошлари ёрдамида бойликларини хорижда яширган, дея таъкидлади WSJ.

Мавзуга оид