Жаҳон | 12:20 / 19.12.2024
2037
2 дақиқада ўқилади

Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди

Франция кассация суди собиқ президент Николя Саркозига коррупция иши бўйича ҳукмни тасдиқлади. Бу бир йил уй қамоғи ва электрон браслет тақишни англатади. Унинг адвокати ИҲЕСга мурожаат қилмоқчи.

Фото: АР/Francois Mori

Париж кассация суди Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозига нисбатан коррупция, таъсир ва терговга босим ўтказиш иши бўйича ҳақиқий бир йиллик қамоқ жазосини назарда тутувчи апелляция судининг қарорини ўзгартиришни рад этди, деб хабар қилмоқда жаҳон ОАВ чоршанба, 18 декабр куни.

Франциянинг RFI медиа-компанияси таъкидлаганидек, собиқ давлат раҳбари учун бундай ҳукм мисли кўрилмаган прецедент. Энди 69 ёшли сиёсатчи электрон браслетни тақиб қўйиш учун жазони ижро этиш бўйича судя (JAP) ҳузурига чақирилади.

Николя Саркозининг адвокати Патрис Спинози айтишича, собиқ давлат раҳбари суд қарорига бўйсунади, бироқ у ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, ўз ишини Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲЕС) топшириш ниятида.

Кассация суди Франциядаги энг юқори суд ҳисобланади.

Николя Саркози иши

Николя Саркозига қарши 2020 йил ноябр ойи охирида бошланган суд жараёни президентлик лавозимини эгаллаб турган сиёсатчи L'Oreal косметика компанияси эгаларидан бири, миллиардер Лилиан Беттанкурдан хайрия бўйича терговга таъсир ўтказишга уринган деган гумон билан боғлиқ. У бу пулни 2007 йилда сайлов кампаниясини молиялаштириш учун ишлатган бўлиши мумкин.

2013 йилда Саркози бу айблов бўйича оқланди, бироқ адлия органлари бошқа иш юзасидан тергов доирасида олинган адвокат билан телефон суҳбатлари ёрдамида унга қарши янги далиллар олди.

2021 йил март ойида суд Саркозини уч йилга озодликдан маҳрум қилди, шундан икки йили - шартли жазо. Суд қарорига кўра, собиқ президент электрон браслет таққан ҳолда яна бир йилни уй қамоғида ўтказиши керак.

2023 йил 17 майда Париждаги апелляция суди бу ҳукмни ўз кучида қолдирди. Саркозига уч йил муддатга сайловда қатнашиш ҳам тақиқланган.

Мавзуга оид