Жаҳон | 18:08 / 19.12.2024
10836
4 дақиқада ўқилади

Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди

Яман пойтахтига зарба беришдан мақсад ҳусийлар ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун фойдаланадиган энергия инфратузилмасини ўчириб қўйиш экани айтилмоқда.

Фото: ynet.co.il

Исроил ҳарбий самолётлари ва денгиз флоти Яманда эронпараст ҳусийчилар ҳаракати назорати остида бўлган бир қанча объектлар бўйлаб зарбалар йўллади.

Исроиллик ҳарбийлар вакили нишонлар орасида Қизил денгиздаги портлар ва Яман пойтахти Сано шаҳридаги энергетика инфратузилмалар борлигини маълум қилган.

Ynet нашри хабарига кўра, бу биринчи марта мамлакат пойтахти Сана шаҳрига зарба берилиши бўлди.

Исроил армияси расмий баёнотига кўра, Яман пойтахтига зарба беришдан мақсад ҳусийчилар ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун фойдаланадиган энергия инфратузилмасини ўчириб қўйиш эди. Ҳусийчилар назоратидаги деярли барча ҳудудларда электр энергияси узилгани таъкидланмоқда. Ҳусийчиларнинг учала порти - Рас-Исо, Ҳудайда ва Ас-Салифга зарба берилган ва кемаларга зарар етказилган.

Исроил ҳарбийлари уларнинг нишонлари Яман пойтахтидаги энергетика инфратузилмалари бўлганини маълум қилган

Ҳусийчилар назоратидаги Al Masirah телеканали Салиф портида етти киши, Ҳудайда вилоятида жойлашган Рас Исо нефт объектида яна икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.

Зарбалар йўлланишидан икки соат олдин Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими мамлакатнинг марказий ҳудуди узра Яман ҳудудидан учирилган ракета тўхтатиб қолинганини маълум қилганди. Тел-Авив чеккасидаги Рамат-Ганада мактаб биноси ва бир неча автомобил шикастланган.

Исроил матбуотига кўра, Яман бир ой ичида Исроилга 8 та зарба йўллаган. 

Бу исроилликларнинг ҳусийчиларнинг позициялари бўйлаб биринчи зарбаси эмас. 29 сентябр куни ЦАҲАЛ ўнлаб жанговар, ёнилғи қуювчи ҳамда разведкачи самолётлар иштирокида ҳусийчиларга қарши кенг кўламли амалиёт ўтказган ва ҳаракатнинг Ҳудайдадаги позицияларига кучли зарбалар йўллаганди.

Ўшанда ЦАҲАЛ баёнотида амалиёт «ҳусийчилар террорчилик режими»нинг Ҳудайда ва Рас-Исодаги ҳарбий объектларига қарши қаратилгани айтилган, аммо объектларнинг ўзи нефт импорти учун фойдаланиладиган электр станциялар ва порт сифатида кўрсатилган.

Ҳусийчилар Яманнинг шимолий қисмини назорат қилади. Мамлакатнинг қолган ҳудуди ёки халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ва Саудия Арабистонига чуқур қарам бўлган ҳукумат кучлари ёки алоҳида давлат тузишни истовчи айирмачилар қўлида.

Ҳусийчилар 2023 йил октябрида Ғазода уруш бошланиши ортидан Исроилга ва ўз соҳиллари яқинидан ўтадиган кемаларга ҳужум қилишни бошлаган ва буни Ҳамас ҳамда фаластинликлар билан бирдамлик учун қилаётганини билдирган.

Улар бир неча бор Исроил томонга «Shaheed» дронлари ва ракеталар учирган, улардан айримлари Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан ўта олган. Исроил олдин ҳам, дронлардан бири Тел-Авивга етиб борганида Яман бўйлаб зарбалар йўллаганди.

Шунингдек, ҳусийчилар Қизил денгиз ва Боб-ал-Мандиб бўғози орқали Яман соҳиллари яқинидан сузувчи кемаларга ҳам ҳужумлар уюштирган. Улар фақат Исроил, АҚШ ёки Буюк Британия билан алоқадор кемаларга ҳужум қилишларини айтишади; аммо бу баёнотлар доим ҳам чин бўлиб чиқмайди.

Мавзуга оид