Ўзбекистон | 13:32 / 19.12.2024
3110
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси мавжуд бўлмаган корхона билан шартнома тузган

Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси ва “City Teour” МЧЖ ўртасида 301 миллион 560 минг сўмлик шартнома тузилган. Унга кўра, “City Teour” бутунжаҳон ёшлар фестивали иштирокчиларига 2024 йил 23 июндан 1 июлгача бўлган даврда транспорт хизматларини кўрсатиши керак бўлган. Аммо мазкур компания 2024 йил 24 июн куни давлат рўйхатига олинган. Ёшлар ишлари агентлиги ҳолатни ўрганиш мақсадида хизмат текширувини бошлади.

Фото: iStock

2024 йил 9 октябр куни Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси ва “City Teour” МЧЖ ўртасида “Бутунжаҳон ёшлар фестивали иштирокчиларига транспорт хизматларини кўрсатиш” юзасидан умумий қиймати 301 миллион 560 минг сўмлик шартнома тузилган.

Шартномага кўра, хизматлар 2024 йил 23 июндан 1 июлгача бўлган даврда амалга оширилиши лозим бўлган. Бироқ мазкур давлат хариди билан боғлиқ бир қанча савол ва зиддиятли жиҳатлар пайдо бўлмоқда. Бунга Telegram’даги «Ревизор» канали эътибор қаратди.

Биринчидан, шартномада кўрсатилган хизматлар бошланган сана – 23 июн. Бироқ “City Teour” МЧЖ 2024 йил 24 июн куни давлат рўйхатига олинган. Яъни юридик шахс сифатида мавжуд бўлмаган корхона хизмат кўрсатган. Бу ҳолат хизмат кўрсатишнинг қонунийлиги бўйича савол туғдиради.

Иккинчидан, шартномага асос сифатида кўрсатилган Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғининг буйруғи 2024 йил 26 июн куни имзоланган. Аммо хизматлар ушбу буйруқ қабул қилинишидан аввал бошлангани кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 майдаги 345-Ф сонли фармойишига кўра, ҳукумат томонидан фестивал иштирокчилари учун транспорт воситалари ажратилган эди. Шунга қарамай, қўшимча транспорт хизматларини жалб қилиш учун 301 миллион 560 минг сўмлик шартнома тузилган.

Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизматининг расмий муносабатига кўра, келтирилган маълумотларни ўрганиб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилиб, текширув ўтказиш бошланган.

“Ўрганишлар натижаси бўйича маълумотлар ва кўрилган чоралар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид