Жаҳон | 14:04 / 20.12.2024
1149
3 дақиқада ўқилади

Бакалчук Wildberries активларини "РВБ"га ўтказиш бўйича судда ютқазди

Wildberries маркетплейсининг ҳаммуассиси Владислав Бакалчук активларни Wildberries ва Russ — "РВБ" МЧЖ бирлашган компаниясига ўтказиш бўйича суд ишида ютқазди, деб хабар беради "Интерфакс" ва РБК манбаларга таяниб.

Фото: Komsomolskaya Pravda/Russian Look/IMAGO

Москва области арбитраж суди Wildberries маркетплейси ҳаммуассиси Владислав Бакалчукнинг компания активларини Wildberries ва Russ — "РВБ" МЧЖ бирлашган юридик шахсига ўтказиш тўғрисидаги даъвосини қондиришдан бош тортди. Бу ҳақда бизнесмен 19 декабр, пайшанба куни ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Бакалчук ушбу суд қарорини «ғайритабиий» ва «ноқонуний» деб атади ва апелляция бериш ниятини эълон қилди. «Бизнинг юридик гуруҳимиз аллақачон аниқ позицияни тайёрлаб қўйган ва ишончим комилки, юқори инстанцияда адолат қарор топади», — деб ёзади у.

Ушбу низо доирасида тадбиркор Татяна Ким (Бакалчук)ка тегишли Wildberries устав капиталининг 99 фоизини хатловга олиш ва дивидендларни тақсимлаш бўйича қарор қабул қилишни тақиқлаш шаклида вақтинчалик чоралар кўришни сўради. Буларнинг барчаси унга рад этилди.

Бундан ташқари, Владислав Бакалчук бошқа суд Татяна Кимнинг ундан ва унга тегишли бўлган "ВБ Девелопмент" компаниясининг бош директори Денис Кузнецовдан 37 миллиард рублдан ортиқ маблағ ундириш тўғрисидаги даъвосини рад этганини хабар қилди.

Бакалчук хотини ва Wildberries'ни 350 млрд рубллик даъво билан судга берди

Wildberries компанияси эгасининг эри Владислав Бакалчук рафиқаси Татяна Кимга (Бакалчук), шунингдек, маркетплейсни Russ ташқи реклама оператори билан бирлаштириш жараёнида яратилган «Вайлдберриз» компанияси ва «РВБ» МЧЖга нисбатан 350 миллиард рубллик даъво билан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда тадбиркор 4 октябр куни ўзининг Telegram-каналида Москва области арбитраж судига аризанинг биринчи саҳифаси сканерини илова қилган ҳолда ёзди.

Бакалчук таъкидлаганидек, «РВБ» МЧЖга ноқонуний равишда ўтказилган Wildberries активлари шунча миқдорда баҳоланган — «омборлар, логистика объектлари, юк машиналари, Wildberries банки, савдо белгилари, дастурий таъминот, веб-сайт ва бошқалар».

«РВБ» МЧЖ бирлашган компаниясининг матбуот хизмати РБК нашрига Владислав Бакалчукдан ҳали ҳеч қандай даъво аризаси олмаганлигини ва ҳужжатларни олгандан кейин у қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишини билдирди.

Мавзуга оид