Ўзбекистон | 17:13 / 20.12.2024
5329
2 дақиқада ўқилади

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишининг бошланиш санаси маълум бўлди

«Аср қурилиши» савдо, туризм ва саноат учун янги имкониятлар очади, деди Қирғизистон президенти Садир Жапаров.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича расмий ишлар 27 декабрдан бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бишкекдаги III Халқ қурултойида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Давлат раҳбари Қирғизистон ўз ресурслари ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўз кучи билан сифатли ривожланиш сари қадам ташлашга муваффақ бўлганини таъкидлади.

Президент сўзларига кўра, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини қуриш лойиҳаси ўнлаб йиллар давомида жавонларда чанг босиб ётган.

«Биз ушбу лойиҳани бошлаганимизда, буни ажойиб деб ҳисоблаб, бунга ишонмаганлар ҳам бўлди. Бироқ, бугун барчангиз бу амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳа эканлигига гувоҳ бўлдингиз. 27 декабр куни мазкур йўл қурилиши бўйича расмий ишлар бошланади. Бу Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган стратегик кўприкка айланади», деди Жапаров.

Садир Жапаров таъкидлаганидек, «аср қурилиши» савдо, туризм ва саноат учун янги имкониятлар очади.

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли лойиҳаси 2024 йил июн ойида Хитойда имзоланди ва кейинчалик иштирокчи мамлакатлар томонидан ратификация қилинди. Темир йўл Хитойнинг Қашғар шаҳридан бошланади ва Торугарт, Макмал, Жалолобод ва Андижон орқали ўтади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу йўналиш бўйлаб йиллик юк ташиш ҳажми 15 миллион тоннага етиши мумкин, юкларни етказиб бериш муддати эса етти кунга қисқаради.

Мавзуга оид