Жаҳон | 15:13 / 21.12.2024
6282
2 дақиқада ўқилади

Блинкен: Украина курашиш ёки музокара ўтказиш ҳақида бир қарорга келиши керак

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен MSNBC каналига берган интервюсида Киев «асосий қарор» қабул қилиши кераклигини айтди: Россия билан курашиш ёки музокара қилиш. У Кремлнинг тинчлик музокараларига тайёрлигига шубҳа қилмоқда.

Фото: РБК-Украина

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 19 декабр, пайшанба куни Американинг MSNBC телеканалига берган интервюсида украиналиклар «жангни давом эттириш ёки музокаралар олиб бориш ва ўт очишни тўхтатишга уриниш бўйича фундаментал қарор қабул қилиши керак» деди. Унинг қўшимча қилишича, асосий савол: «Россия буни қилишга тайёрми?»

Блинкеннинг сўзларига кўра, Қўшма Штатларнинг амалдаги раҳбарияти Киев ва АҚШ кейинги маъмуриятини 2025 йилда Кремл билан потенциал тинчлик музокараларини бошлаш учун энг яхши ҳолатга келтиришни мақсад қилган. «Ва бу биз Украинанинг жанг майдонидаги позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишимиз, унинг пул, ўқ-дори ва сафарбарлик салоҳиятига эга эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз кераклигини англатади», деб тушунтирди у. Шу билан бирга, расмий Вашингтон «Россияга максимал босим ўтказишда» давом этиши кераклигини қўшимча қилди.

Энтони Блинкеннинг қўшимча қилишича, рус армиясининг жанг майдонидаги йўқотишлари «фавқулодда юқори». «Ёшлар гўшт қиймалагичга ташланишда давом этмоқда», — деди у.

Блинкен: Украинада сулҳ адолатли бўлиши ва узоқ давом этиши керак

Шу куни Bloomberg агентлигига берган интервюсида АҚШ давлат котиби «агар украиналиклар хоҳласа» Украинада ўт очишни тўхтатишга эришиш «яхши бўларди», деди. Бироқ, у қўшимча қилишича, «бу адолатли ва доимий бўлиши керак». «Унинг узоқ давом этиши учун Россия шунчаки дам олишга, қайта қуришга ва кейин яна ҳужум қилишга қодир эмаслиги ҳақида маълум кафолатларга эга бўлиш зарур», деди Америка ташқи сиёсат идораси раҳбари.

Блинкеннинг сўзларига кўра, Путин санкциялар «юки» остидан чиқиб кетмоқчи. Аммо у «империя амбицияларидан воз кечиши даргумон».

Мавзуга оид