Ўзбекистон | 16:50 / 21.12.2024
24440
3 дақиқада ўқилади

«Ҳудудгазтаъминот» газ ҳисоблагичлар батареялари билан боғлиқ муаммоларга изоҳ берди

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ электрон газ ҳисоблаш ускуналаридаги кузатилаётган муаммоларга муносабат билдирди. Таъкидланишича, аниқланган камчиликларни бартараф этиш билан республика бўйлаб 2 мингга яқин мутахассис ишламоқда.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ ижтимоий тармоқларда газ ҳисоблагичларнинг батареялари билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгани юзасидан тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Telegramʼдаги «Kurbanoff.net» канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов маҳаллий ишлаб чиқарилган газ ҳисоблагичларда бир неча йилдан сўнг (2 йилдан 3 йилгача) батареялар қуввати тугаши, натижада ҳисоблагич тизимга маълумотларни узатишни тўхтатиши ҳақида ёзди. У батареяларни алмаштириш билан фақат газ таъминоти корхонаси мутахассислари шуғулланиши мумкинлигини таъкидлади.

«Ҳудудгазтаъминот»га кўра, мутахассислар томонидан истеъмолчилардаги (батарея ёки алоқадаги муаммо сабаб) алоқага чиқмаётган электрон газ ҳисоблаш ускуналари (ЭГҲУ) мониторинги юритиб келинади. Ушбу мониторинг асосида камчилик аниқланган ЭГҲУлар республикадаги 2 мингга яқин маҳалла газчилари томонидан ўрганилиб, муаммолар ҳал этилмоқда. Таъкидланишича, истеъмолчиларнинг батарея ёки алоқа сим картаси билан боғлиқ мурожаатлари зудлик билан бартараф этиляпти.

«Истеъмолчиларга ўрнатилган ЭГҲУлар хотираси доимий равишда кўрсаткичларни ҳамда 3 ойлик (90 кунлик) кунлик ва соатлик газ сарфи ҳажмларини сақлаб бориш имконига эга. Турли сабабларга кўра ЭГҲУдаги газ сарфи ҳажмлари маълумотлари ўз вақтида истеъмолчи шахсий ҳисобрақамига юбориш имкони бўлмаган тақдирда, аниқланган муаммолар бартараф этилганидан сўнг ЭГҲУ хотирасида маълумотлар қайси кунга тегишли бўлса ўша кунга йўналтирилади ва мазкур давр бўйича ҳисоб-китоб амалга оширилади», — дейилади муносабатда.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ истеъмолчилардан вақти-вақти билан ЭГҲУ ва шахсий кабинетдаги кўрсаткичларни ўзаро солиштиришни тавсия қилади. Кўрсаткичлар ҳақида «Ҳудуд Газ Таъминот» мобил иловаси орқали ёки шахсий кабинет орқали маълумот олиш мумкин. Агар ЭГҲУ ва шахсий кабинетдаги кўрсаткичлар фарқ қилса, ёки ҳисобрақамингиздаги маблағлар ўзгаришсиз қолгани сезилса, дарҳол 1104 қисқа рақамига ёки маҳалла газчисига мурожаат қилиш лозимлиги эслатиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан 2021 йил 1 августга қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида замонавий ҳисоблагичларни ўрнатган ҳолда газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни якунлаш топширилганди. Тендер натижаларига кўра, ҳисоблагичлар ва бошқа ускуналарни етказиб берувчи сифатида «Технопарк» МЧЖ танланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан таъсис этилган «Технопарк» 2020 йил бошидан буён Остен савдо белгиси остида «ақлли» газ ҳисоблагичларни ишлаб чиқармоқда. Gazeta.uz’га кўра, 2021 йил июлига қадар 5,28 триллион сўмлик (Марказий банкнинг 2021 йил 1 декабрдаги курси бўйича қарийб 507 миллион АҚШ доллари) 3,54 миллион электрон газ ҳисоблагичини етказиб бериш назарда тутилган.

Мавзуга оид