Жаҳон | 18:07 / 22.12.2024
4607
2 дақиқада ўқилади

FT: АҚШ Трамп президентлигининг биринчи кунида ЖССТдан чиқишини эълон қилиши мумкин

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп жамоаси мамлакатни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аъзолигидан чиқариш ниятида. Трамп биринчи президентлик муддатида ҳам АҚШни ЖССТдан чиқаришга уринган эди.

Фото: Chip Somodevilla/Getty Images

Доналд Трампнинг жамоаси АҚШни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) аъзолигидан олиб чиқиш ниятида. Financial Times’нинг ёзишича, Трампнинг атрофидагилар буни 20 январ куни бўлиб ўтадиган инаугурацияда эълон қилишни режалаштирган.

Нашр билан суҳбатлашган экспертлар АҚШнинг ташкилотдан чиқиш режасини жаҳон соғлиқни сақлаш тизими учун «ҳалокатли» деб атаган. АҚШ ЖССТнинг энг йирик донорларидан бири ҳисобланади; сўнгги йилларда ташкилотга ажратиладиган маблағларнинг 16 фоизга яқинини айнан Вашингтон таъминлаган.

Жо Байден администрациясининг коронавирусга қарши курашиш бўйича собиқ координатори Ашиш Жанинг FT’га маълум қилишича, янги сайланган президент жамоасининг бир қисми ЖССТни Вашингтон назорати остида ислоҳ қилмоқчи бўлган, аммо ташкилот билан алоқаларни бутунлай узиш тарафдорларининг таъсири кучлироқ бўлиб чиққан.

Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати даврида, 2020 йилнинг ёзида АҚШнинг ЖССТдан чиқиш жараёнини бошлаган эди. Ўшанда у ташкилотни Хитой манфаатларига хизмат қилишда ва коронавирус тарқалишига қарши ишончли чораларни кўрмаганликда айблаганди. АҚШ расман 2021 йил июлда ташкилотни тарк этиши керак эди, аммо Жо Байден президентлигининг биринчи куниданоқ Трампнинг қарорини бекор қилган.

Мавзуга оид