Жаҳон | 19:23 / 22.12.2024
2882
2 дақиқада ўқилади

Гуржистон бош вазири Кобахидзе президент Зурабишвилига жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди

Бош вазир Ираклий Кобахидзе мамлакат президенти Саломе Зурабишвилини янги парламент сайловларини ўтказиш фикридан воз кечишга чақирди. Акс ҳолда президент жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Фото: David Mdzinarishvili / EPA / ТАСС

Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе мамлакат президенти Саломе Зурабишвилини янги парламент сайловларини ўтказиш фикридан воз кечишга чақириб, акс ҳолда у жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бош вазирнинг таъкидлашича, 21 декабр куни Зурабишвили парламент сайловларини белгилаш мақсадида мухолифат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан учрашган.

Кобахидзенинг сўзларига кўра, Гуржистонда амалдаги қонунчиликка мувофиқ парламент сайловлари уч ҳолатда тайинланади: Марказий сайлов комиссияси ёки Конституциявий суд ўтказилган сайловлар натижасини бекор қилса, қайта сайловлар; парламент депутатларининг тўрт йиллик ваколат муддатлари якунланганда навбатдаги сайловлар; парламент ҳукуматга ишонч билдирмаганда навбатдан ташқари сайловлар.

Бош вазирнинг қайд этишича, агар президент бошқа бир сабабга кўра янги парламент сайловларини ўтказишга қарор қилса, бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

«Кўрамиз, у [Зурабишвили] қаерда яшашда давом этаркан — панжара ортидами ёки озодликда», — дейди Кобахидзе.

Октябр ойида Гуржистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Овоз бериш натижаларига кўра, парламентда кўпчилик ўринни россияпараст ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси қўлга киритди. Парламентга ўтган бошқа партиялар, шунингдек, мамлакат президенти Саломе Зурабишвили сайловлар натижаларини тан олмади.

14 декабр куни Гуржистонда сайловчилар коллегияси собиқ футболчи ва депутат Михаил Кавелашвилини мамлакатнинг янги президенти этиб сайлади. 53 ёшли Кавелашвили — футбол бўйича Россия ва олти карра Гуржистон чемпиони, у Тбилисининг «Динамо» жамоасида тўп сурган. Зурабишвили мамлакатда янги парламент сайловлари белгиланмагунга қадар ўз ваколатларини топшириш ниятида эмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид