Ўзбекистон | 14:55 / 22.12.2024
2170
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Жисмоний шахслар томонидан сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхати тасдиқланган. Энди уларни сақлаганлар жаримага тортилади. МЖтКга киритилаётган нормада жарима миқдорлари белгиланган.

Фото: Экология қўмитаси

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинган.

ЎзАнинг хабар беришича, муҳокамада ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишда айрим турдаги ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан сақлашга оид тақиқ белгиланган. Уни бузганларга нисбатан жарима жазоси қўллаш назарда тутилган.

Жумладан, мазкур қонун билан МЖтК янги норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан сақлаганлик учун ана шу ҳайвонларни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланмоқда.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келса, бундай ҳолатда жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, ана шу ҳайвонларни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш ва сақлаш чораларини кўрмаслик учун фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилмоқда.

Агар шундай ҳуқуқбузарлик одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келса, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланмоқда.

Қайд этилишича, қонун билан жисмоний шахслар томонидан сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхати тасдиқланган.

Мавзуга оид