Жаҳон | 00:15 / 22.12.2024
4767
3 дақиқада ўқилади

Покистонда Имрон Хоннинг 25 нафар тарафдорига ҳукм ўқилди

Покистон собиқ бош вазири Имрон Хоннинг ҳарбий объектларга ҳужум қилган тарафдорлари икки йилдан 10 йил муддатгача озодликдан маҳрум этилди.

Фото: Getty Images

Покистон ҳарбий суди мамлакатнинг собиқ бош вазири Имрон Хоннинг ўтган йили ҳарбий объектларга уюштирилган ҳужумларга алоқадор 25 нафар тарафдорига ҳукм чиқарди, деб хабар беради BBC.

Маълум қилинишича, Хоннинг тарафдорлари икки йилдан 10 йил муддатгача озодликдан маҳрум этилган, улар ҳарбий суд ҳукми устидан шикоят киритиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, 23 декабр куни антикоррупция суди Хон иши бўйича ўз қарорини чиқариши керак. Имрон Хон Покистон бош вазири лавозимида фаолият юритган вақтида кўчмас мулк соҳасидаги тадбиркорга 239 миллион долларлик маблағни ювишга ёрдам берганликда айбланмоқда.

Бир йилдан ошиқроқ вақтдан бери қамоқда сақланаётган собиқ бош вазир барча айбловларни рад этиб, буларнинг барчаси сиёсий мақсадларда амалга оширилаётганини таъкидлаган.

Ноябр охирларида Покистон пойтахти Исломободда минглаб одамлар собиқ бош вазир Имрон Хонни қамоқдан озод этиш талаби билан намойишга чиққанди (https://kun.uz/kr/news/2024/11/26/pokistonda-minglab-namoyishchilar-sobiq-bosh-vazir-imron-xonning-ozod-etilishini-talab-qilmoqda). Ўшанда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашув юз берган. Хавфсизлик кучлари оломонни тарқатиш учун намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланган.

Имрон Хон 2018 йилда Покистон бош вазири бўлди ва коррупцияга қарши курашишга ва мамлакатни иқтисодий инқироздан олиб чиқишга ваъда берди. Кейин у мамлакатда сезиларли таъсирга эга бўлган ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланди. Хон коррупцияга қарши курашни ўз ички сиёсатининг асосий йўналиши деб эълон қилди.

2022 йил апрел ойида ишончсизлик вотуми оқибатида у ҳокимиятдан четлатилди. Таҳлилчиларга кўра, бу унга бош вазирлик курсисини эгаллашга ёрдам берган генералларнинг қўлловини йўқотгани учун содир бўлган.

2024 йил январ ойида Имрон Хон давлат сирларини ошкор қилганликда айбланиб яна 10 йил қамоқ жазосини олди. Бир кун ўтгач, суд уни ва рафиқаси Бушра Хонни коррупцияда айблаб яна 14 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Мавзуга оид