Жаҳон | 17:17
21251
2 дақиқада ўқилади

АҚШ рекорд сондаги Ўзбекистон фуқароларини депортация қилди

Қўшма Штатлардан мажбурий чиқариб юборилган ўзбекистонликлар сони бир йилда 6 баробар ошгани қайд этилди.

Фото: Getty Images

АҚШ ҳукумати 30 сентябрда якунланган 2024-молия йилида 572 нафар мигрантни Ўзбекистонга депортация қилди. Бу ҳақда АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE) ҳисоботида айтилади.

Ўтган молия йилида Ўзбекистонга 88 киши депортация қилинган, аввалги йилларда бу кўрсаткич янада паст эди.

Умуман олганда, 2023 йил сентябридан 2024 йил сентябригача АҚШ 271,4 минг мигрантни деярли 200 та давлатга депортация қилган. Бу 2014-молия йилидан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, ўша йили 316 мингга яқин мигрант мамлакатдан чиқариб юборилган.

ICE ҳисоботига кўра, Қўшма Штатлардан чиқариб юборилганларнинг қарийб 32 фоизи жиноий ўтмишга эга одамлар. Депортация қилинганларнинг аксарияти АҚШ жанубий чегарасини кесиб ўтган.

2023 йилда Марказий Осиё давлатларидан 50 мингдан ортиқ одам АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган, бунда 17 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси бошпана сўраб мурожаат қилган.

Июн ойида АҚШ президенти Жо Байден Мексика чегарасидан кириб келган ноқонуний мигрантлар учун бошпана бериш қоидаларини кучайтирди. Янги чора-тадбирлар ноқонуний мигрантлар сони 7 кун давомида кунига 2,5 минг кишидан иборат белгиланган чегарадан ошса, уларни дарҳол депортация қилиш имконини беради. Чекловлар назоратсиз болалар ва одам савдоси қурбонларига тааллуқли эмас.

Мавзуга оид