Ўзбекистон | 17:59
1871
2 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазири Ўқ отиш спорти федерацияси раиси лавозимига сайланди

Миллий олимпия қўмитасида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов Ўқ отиш спорти федерацияси раиси лавозимига сайланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Миллий олимпия қўмитасида Ўқ отиш спорти федерациясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, йиғилишда кун тартибига мувофиқ, федерация томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланган, сўнгра Ўқ отиш спорти федерацияси раиси лавозимига мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов номзоди таклиф этилиб, йиғилиш делегатлари томонидан бир овоздан маъқулланган.

Йиғилиш сўнгида, федерация раиси йиғилганларни келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасининг қисқача мазмун-моҳияти билан таништириб, ҳудудларда замонавий инфратузилмага эга ва замон талабларига мос жиҳозлар билан таъминланган ўқ отиш бинолари бунёд этилиши, спортчилар замонавий ускуналар билан таъминланиши ҳамда келгусида ҳарбийлар ўртасида ўқ отиш спорт тури бўйича «Мерган кубоги» ва ёшлар ўртасида мамлакат биринчилиги ўтказилишини маълум қилган.

Бундан ташқари федерациянинг асосий эътибори Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларига лицензияларни қўлга киритиш ҳамда спортчиларнинг совринли ўринларни эгаллашига қаратилишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, тайинловга қадар Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси раиси лавозимида Ойбек Норинбоев ишлаб келаётган эди.

Ноябр охирларида Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига мувофиқ генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов мудофаа вазири лавозимига тайинланган эди. Тайинловга қадар у мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Мавзуга оид