Ўзбекистон | 18:10 / 24.12.2024
4112
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон армияси учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш ва уларга қарши курашишни машқ қилмоқда

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари 2024 йилда ўтган йилга нисбатан жанговар шайлик тадбирларини 1,5 баробарга кўпайтирган. Ҳарбийлар – ҳамкорликдаги куч тузилмалари билан оператив тайёргарлик тадбирлари, шунингдек, АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон армиялари билан ҳамкорликда ўқувлар ўтказган.

Фото: Олий Мажлис Сенати

24 декабр куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларининг доимий жанговар шайлиги муҳокама қилинди. Унда Қуролли Кучлар қурилиши, уни янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи ва мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлашга оид бошқа масалалар юзасидан мудофаа вазири генерал майор Шуҳрат Холмуҳамедовнинг ахбороти эшитилди.

Мудофаа вазирининг маълум қилишича, армиянинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини оширишда асосан замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлиллари ҳамда ривожланган хорижий армияларнинг ижобий тажрибалари қўшинларга татбиқ этилган.

Фото: Олий Мажлис Сенати

«Натижада ўтган йилга нисбатан жанговар шайлик тадбирлари 1,5 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлигини оширишга эришилган. Қўшинларда оператив тайёргарлик тадбирлари ҳамкорликдаги куч тузилмаларини кенг жалб қилган ҳолда ташкил этилди. АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон армиялари билан ҳамкорликда ўқувлар ўтказилган», – дейилади ахборотда.

Маълум қилинишича, ўқувларда асосий эътибор замонавий жангларда янги қўлланаётган учувчисиз учиш аппаратларини қўллашга, уларга қарши курашиш ва бошқарув маҳоратини оширишга, стратегик, оператив ва оператив-тактик бўғинларда бўлинмалар томонидан янги тактик ҳаракатлар ўзлаштирилишига қаратилган.

Шунингдек, 2024 йилда жанговар мутахассислик бўйича Озарбойжон, Қозоғистон ва Туркманистондан ташриф буюрган ҳарбий хизматчилар ўқитилган.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Вазирликнинг «Автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси» ахборот тизимининг «Чақирув» тизим ости дастури барча мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларига татбиқ қилиниб, электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган. Шунингдек, ИИВнинг «Манзил», Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Хорижга чиқиш паспорти», «Ёшлар баланси» ҳамда «Электрон ҳукумат» платформалари интеграция қилиниб, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларга оид маълумотлар электрон базаси яратилган.

«Натижада мудофаа ишлари органларининг фуқароларга ҳарбий рўйхатга киритиш ва ундан чиқариш фаол давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилди. Уларга оид маълумотларни тақдим қилиш билан боғлиқ масалаларда бюрократизм ва бошқа тўсиқларга барҳам берилган», — дейилади хабарда.

Якунда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг муҳокама қилинган масалалар юзасидан аниқ таклифлари акс этган қарори қабул қилинган.

Мавзуга оид