Жаҳон | 22:34 / 24.12.2024
11581
5 дақиқада ўқилади

Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?

Уч йиллик урушнинг якунига саноқли ойлар қолган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги умидлар аслида сароб бўлиши эҳтимоли юқори. Нега? Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида шу ҳақда сўз юритди.

Икки ойдан кейин, Россиянинг Украинага бостириб кирганига роппа-роса уч йил тўлади. Бу уруш дунё геосиёсатига таъсир қилди ва қилмоқда. Урушнинг натижалари постсовет давлатлари учун айниқса аҳамиятли. Уруш бошланган биринчи йил дунё афкор оммаси, жумладан, Ўзбекистон жамоатчилиги ҳам жуда катта эътибор ва ташвиш билан кузатди. Лекин кейинги бир йилда бу уруш жамоатчилик фикрида стандартлашди, оддий ҳолат дея қабул қилинмоқда. Шундай бўлса-да, урушни таҳлил қилиб бориш жуда муҳим, айниқса Марказий Осиё, Ўзбекистон учун.

Кейинги вақтларда Россия ва Украина расмийларининг бу уруш атрофида билдираётган фикрлари “уруш тугайдими?”, “тугаса, қачон ва қандай шартлар асосида тугайди?” деган саволларга қисман жавоб бера олади.

Ўтган хафта,19 декабр куни Путин “Прямая линия” мулоқотида “Украина билан музокараларни истаймиз, лекин, легитимлиги йўқ Зеленский билан музокаралар столига ўтирмаймиз” деган мазмунда баёнот берди. Хўш, бу нима дегани? Путин нимага эришмоқчи?

Маълумки, Украина Конституциясига кўра, шу йилнинг май ойида мамлакатда навбатдаги президентлик сайловлари бўлиши керак эди. Лекин, уруш сабабли, сайловлар бўлмади. Украина давлат органлари Зеленскийни “ҳарбий ҳолат сабабли, президентлик ваколатларини бажараверади” деган сиёсий консенсусга келишди.

Аслида, Путин учун Зеленскийнинг легитимлиги умуман қизиқ эмас. Путин учун, бир томондан, Украина давлатини обрўйсизлантириш, бошқа томондан, музокаралар учун йўлни ёпиш муҳим. Сабаблари кўп.

Биринчидан, Путин Европа ва АҚШдаги “тинчлик ва музокаралар тарафдорлари” ҳисобланмиш сиёсий кучларни, жумладан, Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Салливан кабиларни тинчлантириш, “мен музокараларга тайёрман, лекин Украина тайёр эмас” деган қарашга эришмоқчи.

Иккинчидан, Путин бугун Украинада ютказаётгани йўқ. Украина урушдан толиққан, Ғарбнинг бераётган ҳарбий ёрдами ғалаба учун етарли эмас. Россия эса ўтган уч йил ичида урушга анча мослашиб олди. Бугун ташаббус – Путин тарафида. Путиннинг асосий мақсади – имкон қадар вақтни чўзиш. Трампнинг инаугурациясига қадар Курск вилоятидан Украинани тўлиқ чиқариб ташлаш. Қолаверса, у имкон қадар чуқурроқ Украина ичига кириб бориш ниятида.

Учинчидан, Путин музокаралар орқали урушни музлатишни мутлақ истамайди, чунки уруш ҳозирги чегараларда тўхтаса, Ғарб Украинани қуроллантиришидан қўрқади. Украинанинг НАТОга қолган ҳудудлари билан киришидан қўрқади. Путиннинг мақсади – Украинани давлат сифатида йўқ қилиш ва унинг НАТОга киришида маъно қолдирмаслик. Шунинг учун, Путин урушни чўзишдан манфаатдор.

Тўртинчидан, кейинги салкам уч йил ичида Россия иқтисодиёти ҳарбий ўзанга ўтди. Россия матбуоти уруш пропагандаси билан тўйинди, ҳаттоки, ўқув дарсликлари ҳам “ғарб – душман” деган қарашга асосланиб улгурди. Ижтимоий муносабатлар ва ижтимоий кайфият ҳам урушга кучли боғланган. Агар Путин урушни тўхтатса, у яна қайтадан бутун бошли давлат тизимини ислоҳ қилиши, пропаганда орқали шакллантирилган дунёқарашга янги жавоблар ўйлаб топиши керак бўлади. Яъни, урушни тўхтатишдан кўра, уни давом эттириш – Путин учун қулайроқ.

Россия ва Украина бир-бирига ишонмайди. Расмий Киев Россиянинг “ярашувига” ишонмайди. Чунки, 2014 йилда Қрим босиб олингач, орадан 8 йил ўтиб, 2022 йил февралда Путин яна Украинага бостириб кирди. Украина ўзи учун ягона хавфсизлик кафолатини кўрмоқда – бу НАТОга аъзо бўлиш.

Россия учун Украинанинг озроқ қисми бўлса-да, НАТОга аъзо бўлса – бу мағлубият деб қабул қилинади. Шунинг учун Путин имкон қадар Украинанинг каттароқ ҳудудларини босиб олишга, унинг НАТОга ва Европа Иттифоқига аъзо бўлишига чексиз тўсиқ қўшишга интилади. Демак, урушни музлатиш – Путиннинг режаларига тўғри келмайди.

Трамп урушни тўхтатишга ҳаракат қилади. Лекин, осон бўлмайди. Россияни урушдан тўхтатиш ва музокаралар столига ўтирғизиш учун, Трамп Путинга жуда кучли таҳдид қилиши керак бўлади. Агар Путин қўрқмаса-чи? Агар Путин оҳиста урушни давом эттираверса-чи? Шунда Трамп Украинага чексиз ҳарбий ёрдам бера оладими? Путин Трампнинг “таҳдиди”ни қабул қилиши эҳтимоли юқори эмас. Чунки Путин урушни ҳозирги чегараларда тўхтатса, бу Украинани ҳам, Россияни ҳам қониқтирмайди. Иккала тараф ҳам яна урушга тайёргарлик кўради, ва кўп ўтмасдан, урушнинг янги фазаси бошланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид