Ал-Жўланий исёнчи гуруҳлар қуролларини ташлашга розилигини эълон қилди
Сурияда Башар Асад режимини ағдарган мухолифатчи кучлар ўз қуролли гуруҳларини тарқатиб юбориш ва улардан мамлакатнинг ягона миллий армиясини тузиш борасида келишиб олган. Бу ҳақда мамлакатнинг амалдаги янги раҳбари Аҳмад ал-Шаръа маълум қилди.
«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи (ҳамон кўплаб давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган) раҳбари Аҳмад ал-Шаръа бу ҳақда бошқа қуролли гуруҳлар етакчилари ёнида туриб айтган.
Аммо улар орасида Сурия шимоли-шарқини назорат қилувчи курдлар вакили бўлмаган.
Бу тузилмаларнинг барчаси мамлакат мудофаа вазирлиги назорати остидаги янги миллий армияга бирлаштирилади, деган ал-Шаръа.
Ўтган ҳафтада «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» аъзоси бўлган ва гуруҳнинг пойтахт Дамашққа ғолибона юришига қўмондонлик қилган Мурҳаф Абу Касра мудофаа вазири этиб тайинланганди.
SANA давлат ахборот агентлиги Аҳмад ал-Шаръа (бунгача Абу Муҳаммад ал-Жўланий тахаллуси билан танилган) Суриядаги бошқа қуролланган гуруҳларнинг етакчилари қуршовида тушган фотосуратларни намойиш этган.
Улар орасида мамлакатнинг шимоли-шарқий ҳудудларини назорат қилувчи ва шу кунларда Туркия таъсиридаги Сурия озодлик армиясига қарши жанг қилаётган курдларнинг Сурия демократик кучларидан вакил бўлмаган.
Аввалроқ Аҳмад ал-Шаръа Суриянинг янги ҳукумати «мамлакатда давлат назоратида бўлмаган қурол пайдо бўлишига ҳеч қанақасига йўл қўймаслиги»ни ваъда қилганди. Бу биринчи навбатда ал-Шаръа алоҳида эслаб ўтган курдлар манзилига қаратилган огоҳлантиришдек янграганди.
Янги ҳукумат «Сурия бўлинмаслиги»ни таъкидлаб, курдларнинг ҳудудларини ҳам бирлаштириш йўлини топишига ишонтирмоқда.
Сурияда 2011 йилги «Араб баҳори» инқилоблари таъсирида бошланган фуқаролик уруши 13 йил давом этди ва ярим миллиондан ошиқ киши ҳаётига зомин бўлди.
Мавзуга оид
21:08 / 25.12.2024
The Telegraph: Сурия собиқ президентининг рафиқаси Асма Асад лейкоз туфайли бошқалардан изоляция қилинди
20:48 / 25.12.2024
Эрдўған Суриядаги курд қуролли гуруҳларини «кўмишга» ваъда берди
12:10 / 25.12.2024
Собиқ исёнчи гуруҳлар Сурия Мудофаа вазирлигини назорат қилмоқчи
21:05 / 24.12.2024