Жаҳон | 14:59 / 25.12.2024
2627
3 дақиқада ўқилади

Телебошловчи Татяна Лазарева РФда сиртдан 6,5 йилга қамалди

Ҳарбий суд Татяна Лазаревани «терроризмни оқлаш»да айбдор деб топди. У аввалроқ Украина учувчисиз учоқларининг Россиядаги нишонларга берган зарбаларидан хурсанд эканлигини айтганди.

Фото: Андрей Любимов / РБК

Россия Федерациясининг иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди телебошловчи Татяна Лазаревани «терроризмни оқлаш»да айбдор деб топиб, сиртдан олти ярим йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Ҳукм ҳақида 24 ноябр, чоршанба куни Россия ахборот агентликлари хабар берди.

Татяна Лазарева Россия ҳукуматини бир неча бор танқид қилган ва Украинадаги кенг кўламли урушга очиқчасига қарши чиққан. 2022 йилнинг феврал ойидан бери Россия Федерациясидан ташқарида бўлган телебошловчига нисбатан тайинланган жазо у ҳибсга олинган ёки Россияга экстрадиция қилинган пайтдан эътиборан ҳисобга олинади, дея таъкидлайди «Интерфакс» давлат агентлиги.

2024 йил май ойида Россия Ички ишлар вазирлиги Лазаревага қарши жиноий иш қўзғатди ва бир ой ўтиб уни халқаро қидирувга берди. Телебошловчи Украинанинг учувчисиз учоқларининг Россиядаги нишонларга зарбалари ҳақидаги сўзлари туфайли «терроризмни оқлаш»да айбланган. «Бу даҳшатли, лекин мен хурсандман», деди Татяна Лазарева 2023 йил август ойида «И грянул Грэм» YouTube-каналига берган интервюсида.

2022 йилнинг ёзида Лазарева Россияда «чет эл агенти» деб эълон қилинди. Шу йилнинг июн ойида Росфинмониторинг уни «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига киритди.

РФ расмийлари телебошловчи Татяна Лазаревани халқаро қидирувга берди

Телебошловчи Татяна Лазарева «терроризмни оқлаш» иши бўйича халқаро қидирувга берилди, деб хабар қилди Россия матбуоти 11 октябр куни суд ҳужжатларига таяниб. Улардан маълум бўлишича, Лазарева 3 июлдан бери қидирувда. Аввалроқ хорижда яшовчи телебошловчи 10 июл куни Москванинг Замоскворецкий суди томонидан сиртдан ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Татяна Лазаревага қарши жиноий иш Давлат думаси депутати Андрей Алшевскихнинг «Украина учувчисиз учиш аппаратларининг Россия Федерацияси ҳудудидаги нишонларга ҳужумлари ҳақидаги баёнотлари» муносабати билан берган аризаси ортидан очилган.

Мавзуга оид