Жаҳон | 08:05
4388
3 дақиқада ўқилади

Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди

АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг Украина энергетика тизимига уюштирган ҳужумини «ғазабланарли» деб атади ва мудофаа вазирлигига Киевга қурол етказиб беришни фаол давом эттиришни буюрди.

Фото: Jim Lo Scalzo / EPA / ТАСС

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден Россиянинг рождество кечаси Украинанинг энергетика инфратузилмасига ҳужумини «ғазабланарли» деб атади ва Пентагонга Киевга қурол етказиб беришни фаол давом эттиришни буюрди. 25 декабр, чоршанба куни Оқ уй веб-сайтида эълон қилинган баёнотда Байден шундай деди: «Сўнгги ойларда Қўшма Штатлар Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа учун юзлаб ракеталарни етказиб берди. Мудофаа вазирлиги Украинани фаол равишда қурол билан таъминлашда давом этади ва Қўшма Штатлар Россия кучларига қарши мудофаа соҳасида Украина позициясини мустаҳкамлаш учун тинимсиз ҳаракат қилади».

Америка президентининг таъкидлашича, Россиянинг кенг кўламли ҳужумидан мақсад «Украина халқини қишда иссиқлик ва электр энергиясидан маҳрум қилиш ва мамлакат энергетика тизими хавфсизлигига хавф солиш». «Украина халқи тинчлик ва хавфсизликда яшашга лойиқдир, Қўшма Штатлар ва халқаро ҳамжамият Украина Россия тажовузини мағлуб этмагунча уни қўллаб-қувватлашда давом этиши керак», деди президентлик муддати 20 январда тугайдиган 82 ёшли Жо Байден.

Трамп: Украинадаги урушга ечим топишда ўзгаришлар бор

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украинадаги урушни ҳал қилишда «озгина олға силжиш» ҳақида гапирди, бироқ тафсилотларни келтирмади. Бу ҳақда у 16 декабр куни сайловда ғалаба қозонганидан кейинги илк матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Трампнинг сўзларига кўра, Киев Москва билан тинчликка эришмоқчи ва у бу борада Россия президенти Владимир Путин билан боғланмоқчи. У Володимир Зеленскийни уруш охирида «шартнома тузишга» тайёрланишга чақирди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Украина президентини Доналд Трамп 2025 йил январида ўтказиладиган инаугурация маросимига таклиф қилмаган.

Бундан ташқари, АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден маъмуриятининг Украинага Россия ҳудудига Америка қуроллари билан зарба йўллашга рухсат берган қарорини нотўғри ва аҳмоқлик деб атади ва буни қайта кўриб чиқиши мумкинлигини айтди.

Киев Москва билан тинчлик ўрнатиш учун ўз ҳудудларининг бир қисмини қурбон қилиши керакми, деган саволга Трамп билмаслигини айтди. «Кўп ерларда бирорта ҳам бино йўқ, одамларнинг қайтиб келадиган жойи йўқ», — дея қўшимча қилди у.

«Бу ёмон. Ҳеч ким кўрмаган сонда одамлар ўлдирилмоқда. Биласизми, у ерда жуда текис далалар бор. Ва ўқни тўхтатадиган ягона нарса — тана, инсон танаси. Ўлдирилган аскарлар сони ҳар икки томондан ҳам астрономикдир, мен ҳеч қачон бунақасини кўрмаганман», — деди Доналд Трамп Украинада давом этаётган жанговар ҳаракатлар ҳақида.

Мавзуга оид