Ўзбекистон | 11:09 / 26.12.2024
586
2 дақиқада ўқилади

Педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланиш тизими жорий этилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг "Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

2025 йил 1 январдан бошлаб    узлуксиз касбий ривожланиш вертикал тизими (вазирлик — малака ошириш муассасаси — таълим ташкилоти)  жорий этилади. У мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларининг касбий эҳтиёжлари ва малака тоифасидан келиб чиққан ҳолда табақалаштирилган таълим дастурларига асосланган.

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари учун ишдан ажралган ҳолда ҳар беш йилда бир марта ўтказиладиган малака ошириш курслари ташкил этилади.

Раҳбар кадрлар учун малака ошириш курслари менежерлик ўқув курслари асосида, педагог кадрлар ва мутахассислар учун эса уларда замонавий малакаларни шакллантиришга қаратилган вариатив (танлов) ва инвариант (мажбурий) модуллардан иборат таълим дастурлари бўйича ташкил этилади.

Ҳужжат билан Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожланишини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни белгилайди:

  • узлуксиз касбий ривожланиш тизими, унинг мақсади ва асосий вазифалари;
  • узлуксиз касбий ривожланиш турлари ва уларни ташкил этиш тартиби;
  • узлуксиз касбий ривожланиш сифатини баҳолаш ва назорат қилиш.

Узлуксиз касбий ривожланишнинг асосий вазифалари: 

  • раҳбар, педагог ва  ходимларнинг касбий билимлари, кўникмалари ва маҳоратларини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарлигини амалга ошириш;
  • педагог ходимларни касбий маҳорати ва билим савияларидан келиб чиқиб, касбий эҳтиёжларига мос келадиган дастурларини ўзлаштиришга йўналтириш, методик компетентлик даражасини ошириш ва уларнинг касбий маҳоратини такомиллаштириш, замонавий тарбия методикаларини ўзлаштириш;
  • таълим сифатини оширишнинг асосий манбаи сифатида педагог кадрларнинг касбий ривожланиши, ташаббускорлиги, ижодкорлиги ва маҳоратини рағбатлантириш;
  • ходимлар тайёрлаш сифатига қўйиладиган малака талабларини ошириш;
  • ходимларнинг доимий касбий ривожланиши учун кенг имкониятлар тақдим этадиган таълим муҳитини яратиш.

Мавзуга оид