Жаҳон | 21:56 / 26.12.2024
20748
3 дақиқада ўқилади

Reuters: AZAL самолёти Россиянинг «Панцир-С» тизими билан уриб туширилган

Фото: Reuters

Reuters агентлигининг Озарбойжондаги тергов жараёнидан хабардор бўлган тўрт манбаси Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Қозоғистон ҳудудига қулаган самолёти Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбасига дучор бўлганини тасдиқлади.

Агентлик суҳбатдошларидан бири дастлабки маълумотлар самолёт Россиянинг «Панцир-С» зенит ракета-тўп комплекси (ЗРПК) орқали уриб туширилгани, Грозний атрофида радиоэлектрон кураш тизимлари ишга туширилгани туфайли лайнерда алоқа «фалаж ҳолатга» келганини кўрсатмоқда.

«Ҳеч ким буни атайлаб қилинган дея олмайди. Аммо, аниқланган фактларни ҳисобга олган ҳолда, Боку Россия томони Озарбойжон самолётини уриб туширганини тан олишини кутмоқда», — деган у.

Аввалроқ  Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокатига Россия ракетаси сабаб бўлгани ҳақида Euronews телеканали ҳам Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларига асосланган ҳолда хабар берганди. Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Грозний устида «дронлар фаоллиги кузатилаётган» вақтда Бокудан ушбу шаҳарга 8432-рейсни амалга оширган самолёт томон ракета учирилган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.

Шундан кейин самолётга Россия аэропортларидан бирига авариявий қўнишни амалга оширишга рухсат берилмаган ва у Каспий денгизи орқали Оқтов йўналишида учишга йўналтирилган.

Озарбойжондаги Caliber.Az нашри ҳам «ҳукуматдаги ишончли манбар»га кўра, Грознийга учиб борган самолёт Россиянинг «Панцир-С» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали ўққа тутилгани ҳақида хабар берганди.

  • Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга учган самолёти 25 декабр тонгида Оқтов яқинида қулаб тушди. Бортда 62 йўловчи ҳамда экипажнинг беш нафар аъзоси бўлган. Авиаҳалокат 38 киши умрига зомин бўлган, 29 киши омон қолган.
  • Самолёт Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версия лайнер парчалари акс этган видеолар пайдо бўлиши билан билдирилганди. Видеоларда самолёт фюзелажида зенит ракетанинг шикастловчи элементларига хос излар қолган.
  • Кремлдагилар Қозоғистондаги авиаҳалокат сабаблари бўйича «гипотеза қуриш»дан бош тортган. Қозоғистон расмийлари авиаҳалокат сабаблари юзасидан расмий версияга эга эмаслиги ва текширувлар давом этаётганида самолёт ҳалокати бўйича қандайдир версияни на тасдиқлай ва на рад эта олишини билдирган.

Мавзуга оид