Самарқандда “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси божхона назоратидан жанговар ўқ-дори олиб ўтишга уринди
“Истанбул-Самарқанд” йўналиши бўйича учиб келган “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси Ибо Юсуф жанговар ўқ-дорини божхона назоратидан яшириб олиб ўтаётганда “Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан тўхтатилган. У суд ҳукми билан жазога тортилди.
Самарқандда божхона назоратидан жанговар ўқ-дори олиб ўтишга уринган Туркия фуқаросига ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Ҳукмда келтирилишича, 2000 йилда туғилган Ибо Юсуф “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси бўлган. У 2024 йил 19 ноябр куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида 1 дона “24 SAR P9” номли жанговар ўқ-дорини олиб, ўзининг қўл сумкасида сақлаб келган.
Ибо Юсуф 2024 йил 24 ноябр куни “Истанбул-Самарқанд” йўналиши бўйича ҳаракатланиб, Туркиядан Самарқанд шаҳрига келган ҳамда жанговар ўқ-дорини контрабанда килиш йўли билан божхона назоратидан яшириб олиб ўтаётганида чегара божхона пости ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.
Жанговар ўқдори ашёвий далил тариқасида аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Суд-кимёвий экспертизаси 9 мм калибрли патрон жанговар ўқ-дори турига кириши, завод усулида ишлаб чиқарилгани ҳамда “Яргина” (Грач) ва “Глок” русумли қуролларида отиш учун яроқли экани ҳақида хулоса берган.
Ибо Юсуф судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ва 10 дона ўқ-дорини полигонда ишлатиш учун сотиб олганини, шундан бир донаси сумкасида қолиб кетганини, бундан бехабар бўлганини билдирган.
Суд ҳукми билан Ибо Юсуф Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, БҲМнинг 100 баравари миқдорида (37,5 млн сўм) жарима жазоси тайинланган.