Хитойда охирги йиллардаги иқтисодий ўсиш ёлғон бўлганми?
Хитойлик таниқли иқтисодчи Гао Шанвеннинг цензурага учраган нутқи мамлакат иқтисодиётининг реал ҳолати ҳақидаги катта баҳсларга сабаб бўлди. Ҳукуматнинг расмий маълумотларига нисбатан саволлар кўпаймоқда, чунки юқори ўсиш кўрсаткичларига қарамай, инфляция паст, чакана савдо эса ривожланишдан тўхтаб қолган.
Гао Шанвен – Хитойдаги етакчи инвестиция ва молия компанияларидан бири SDIC Securities'нинг бош иқтисодчиси.
“Биз Хитойнинг реал ўсиш суръати ва балки бошқа айрим кўрсаткичлар бўйича ҳақиқий рақамларни билмаймиз”, – деди у 19 декабр куни Вашингтондаги Питерсон халқаро иқтисодиёт институтидаги нутқида.
Гаонинг сўзларига кўра, Хитойнинг пандемиядан кейинги даврдаги расмий макроиқтисодий кўрсаткичлари “унчалик ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин”. Расмийлар ЯИМ ўсиши салкам 5 фоиз эканини айтаётган бўлса ҳам, иқтисодчи аслида “охирги 2-3 йилда ўртача 2 фоизлик ўсиш кузатилаётгани”ни тахмин қилди.
“Агар бу тахминим тўғри бўлса, келгуси 3-5 йилда ўртача йиллик ўсиш 3-4 фоиз оралиғида бўлишини кутиш ўринли бўлади, деб ўйлайман”, – деди у.
“Лекин биз [аниғини] билмаймиз. Менимча, расмий рақамлар 5 фоиз атрофида бўлиб қолаверади”, – деди таниқли эксперт.
Расмий Пекинга кўра, ўтган йили мамлакат иқтисодиёти 5,2 фоизга ўсган. Масъуллар 2024 йилдаги ўсиш “5 фоиз атрофида” бўлишини мақсад қилган. Кўплаб иқтисодчилар бундай катта мақсадга эришилишига шубҳа билдирган.
The Economist'нинг ёзишича, Гаонинг ҳақиқий ЯИМ ўсиши 2 фоизга яқин бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмини инфляциянинг жуда паст даражада – 0,2 фоиз эканига ҳам мос келади. Бу даражадаги паст инфляция ҳукуматнинг юқори ўсиш ҳақидаги баёнотларига зид.
Гао ўз нутқида ишсизлик даражаси ҳақидаги маълумотларни ҳам шубҳа остига олди. У 2021–2023 йиллар давомида шаҳарлардаги ишсиз аҳолининг умумий сони 47 миллион киши бўлгани, лекин бу ишсизлик кўрсаткичида акс этмаганини айтди.
Иқтисодчининг фикрича, чакана савдодаги салбий кўрсаткичлар айниқса ёшлар орасида келгуси иқтисодий ўсишга нисбатан ишонч пастлигини кўрсатади. У ёшлар ва ўрта ёшли аҳоли орасида истеъмол кайфияти тушиб бораётганини айтаркан, айниқса ёшларнинг иқтисодий ҳолати оғирлиги, улар пулларини тежаб ишлатаётганини таъкидлади: “Ёшлар белларини маҳкам боғлаб, чироқларни ўчирганча лапша ейишяпти”.
Гао Шанвеннинг бу гаплари кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Хитойдаги ижтимоий тармоқларда унинг гаплари билан боғлиқ постлар цензурага учрагани иқтисодиётнинг реал ҳолати борасидаги шубҳа-гумонларни оширди.
Хитой иқтисодиёти коронавирус пандемияси ва у билан боғлиқ қаттиқ карантин сиёсатининг оқибатларини ҳамон енга олмаган. Ҳукумат яқинда монетар сиёсатни юмшатиш ва иқтисодиётни молиялаштириш ҳажмини оширишга қарор қилди.
Иқтисодчиларга кўра, ёшлар ўртасидаги критик ишсизлик, кўчмас мулк бозори ва чакана савдодаги инқироз иқтисодиётда чуқур таркибий муаммолар борлигини кўрсатади. Узоқ муддатли барқарор ўсишни таъминлаш учун таркибий ислоҳотлар зарур, дейди улар.
Мавзуга оид
18:45 / 26.12.2024
Хитой Тибетда дунёдаги энг йирик гидроэлектр станциясини қуради
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
14:53 / 25.12.2024
Хитой компанияси Аския бозорини 225,6 млрд сўмга сотиб олди
23:04 / 24.12.2024