Жаҳон | 11:13 / 27.12.2024
21171
15 дақиқада ўқилади

Ўлиги ҳам, тириги ҳам топилмаган 239 киши – 10 йил олдин изсиз йўқолган Boeing 777

2014 йилда фуқаро авиацияси учун кутилмаган ҳодиса юз берди. Куала-Лумпур – Пекин йўналишида парвоз қилаётган самолёт радарлардан йўқолиб, дом-дараксиз кетади. Қидирувлар натижа бермайди ва ҳанузгача ичида 239 киши бўлган Boeing 777ʼга нима бўлгани ноаниқлигича қолмоқда.

Фуқаро авиацияси пайдо бўлгандан буён жуда кўп ғаройиб ҳодисалар, аянчли ҳалокатлар содир бўлган. Улар орасида 2014 йилда Malaysia Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 777 самолёти билан содир бўлган ҳодиса алоҳида ажралиб туради.

Тунда Куала-Лумпур аэропортидан Пекинга учиш учун ҳавога кўтарилган самолётдан аввалига сигнал келиши, сўнг эса самолётнинг ўзи диспетчерлар радаридан йўқолади.

Самолёт денгизга қулаб тушган деб тахмин қилинади. Бироқ радардан йўқолган деб мўлжал қилинган ҳудудлардан унинг бўлаклари топилмайди.

Аслида фуқаро авиацияси тарихида самолётларнинг бедарак йўқолиши ва қидирувда бўлаклари ҳам топилмаган ҳолатлар кўп марта бўлган.

Бироқ уларнинг аксарияти ҳали навигация тизимлари унча ривожланмаган, самолётлар ҳам мукаммал бўлмаган даврларда содир бўлган.

21-асрда осмонга кўтарилган ҳар бир самолётни ҳатто махсус сайтлар орқали кузатиб туриш имконияти бор вақтда бутун бошли самолётнинг изсиз ғойиб бўлиши ва айрим бўлаклари дунёнинг нариги чеккасидан топилиши анча ҳайратланарли ҳисобланади.

Boeing 777 тарихи ва унинг йўқолиши

Ғойиб бўлган самолёт 2002 йилда ишлаб чиқарилган, ўша йили Malaysia Airlines авиакомпанияси томонидан сотиб олинганди.

Самолётда 282 та йўловчи ўрни бўлган. Унда 12 нафар экипаж аъзоси хизмат қилган. Йўқолган кунига қадар Boeing 777 Malaysia Airlines авиакомпаниясига 11 йил хизмат қилганди.

Бу даврда самолёт қарийб 54 минг соат парвоз қилган ва 7 525 марта учиб-қўнишни амалга оширган. Boeing 777 сўнгги марта йўқолишидан бир неча ой олдин, 2014 йил феврал ойида техник кўрикдан ўтказилганди.

Изсиз ғойиб бўлган куни самолёт бортида 227 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган. Улар орасида 152 нафар Хитой, 50 нафар Малайзия, 7 нафар Индонезия, 6 нафар Австралия ва яна ўндан ошиқ давлатлар фуқаролари бор эди.

Самолётни анча тажрибага эга бўлган икки учувчи бошқарган. Boeing 777 Куала-Лумпур аэропортидан 2014 йил 8 март куни маҳаллий вақт билан соат 00:42 да ҳавога кўтарилади. Учувчилар диспетчерлар билан алоқада бўлиб туради ва кўп ўтмай самолёт белгиланган баландликка чиқади.

Соат 01:19 да Boeing 777 Малайзияга тегишли ҳудуддан чиқиб, Ветнам ҳудудига киради. Диспетчерлар бу ҳақда учувчиларга хабар беради ва тасдиқ жавоби олинади. Ўша пайтда самолёт 10 500 баландликда, соатига 870 км тезликда учаётганди. Шундан сўнг бирданига самолётдагилар билан алоқа узилади.

Орадан 2 дақиқа ўтгач, соат 01:21 да самолёт радарлардан ҳам йўқолади. Шундан сўнг Boeing 777 қайтиб радарларда кўринмайди ва диспетчерларнинг унинг экипажи билан алоқа боғлашга уриниши самарасиз бўлади.

Шундан сўнг Малайзия ва Ветнам томонидан диспетчерлар самолётдагилар билан алоқа боғлашга кўп марта уринади, бироқ жавоб бўлмайди.

Самолёт билан алоқа узилганидан 6,5 соат ўтиб, маҳаллий вақт билан соат 07:24 да Malaysia Airlines Boeing 777 самолёти изсиз ғойиб бўлгани, у катта эҳтимол билан ҳалокатга учрагани ҳақида эълон қилади.

Ўшанда ҳарбийларга тегишли радарлардан самолётнинг йўналиши аниқланади. Маълум бўлишича, алоқа узилгандан сўнг Boeing 777 яна бир муддат осмонда бўлган.

Бироқ алоқа узилган пайтдан бошлаб самолёт йўналишини кескин ўзгартирган ва Пекинга эмас, бошқа томонга учган.

Самолёт аввалига ортга қайрилиб, жанубий-ғарбга, сўнг ғарбга парвоз қилган. Тахминларга кўра Индонезиянинг Ачех вилоятидан бироз шимолда, Андаман денгизига қулаб тушган.

Изсиз ғойиб бўлган Boeing 777 ва натижа бермаган қидирув

Самолёт ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берилгач, дарҳол Малайзия ҳарбий ҳаво кучларига қарашли самолётлар уни қидиришни бошлаб юборади. Уларга қўшни давлатлардан ёрдам келади.

Қидирувчилар Малайзия ва Ветнам ҳарбий ҳаво кучларига қарашли радарлар маълумотлари ва математик ҳисоб-китоблар асосида самолёт қулаб тушган деб тахмин қилинган ҳудудга учиб боради.

Йирик масштабдаги қидирув операциясининг биринчи қисми самолёт йўқолган 8 мартдан 28 апрелгача ўтказилади.

Унда Малайзиядан ташқари яна 25 та давлат вакиллари қатнашади. Жумладан, АҚШ, Сингапур, Ветнам, Хитой, Аргентина ва бошқа давлатга тегишли самолётлар, вертолётлар қидирувда иштирок этади. Бироқ на самолёт бўлаклари, на йўловчиларнинг жасадлари топилади.

Аввалига Жанубий Хитой денгизининг жанубий қисми, кейин Андаман денгизи ва Малакка бўғози синчиклаб текширилади. Сўнг қидирув ишлари Ҳинд океанига кўчади.

Ўшанда умумий ҳисобда 7,7 млн километр квадрат ҳудуд кўздан кечирилади. Аммо қидирувлар бефойда бўлади, самолёт қолдиқлари топилмайди.

Ўша пайтда Apple компанияси эҳтимолий йўловчилар қўлида бўлган iPhone телефонларига ўрнатилган GPS орқали самолёт қулаб тушган жойни топишга ҳаракат қилади. Бироқ бу ҳам натижа бермайди.

Шундан сўнг 2018 йилгача яна бир неча марта кенг кўламдаги қидирув ишлари олиб борилади. Бироқ самолёт қулаб тушган жойни топиб бўлмайди.

Айрим топилмалар

Boeing 777 изсиз ғойиб кетганига 17 ой бўлганда 2015 йил 29 июлда самолёт қулаган жой деб тахмин қилинган ҳудуддан 4 000 километр наридан, Мадагаскар ороли яқинидан самолёт қаноти бўлаги топилади.

Уни орол атрофидаги денгиз чиқиндиларини йиғиб юрган гуруҳ топади. Бўлакнинг узунлиги 2,5 метр бўлиб, унинг юза қисмида самолётнинг 657BB рақамли маркировкаси сақланиб қолганди.

Мутахассислар самолёт Мадагаскар томонга учиб бормаганини, тўлқинлар унинг бўлакларини Ҳинд океани бўйлаб турли томонларга олиб кетганини таъкидлайди.

Бу гапда жон бор эди. Чунки кўп ўтмай самолётнинг бошқа бўлаклари Африкадаги Мозамбик ва Ҳинд океани ўртасида жойлашган Маврикий давлатлари яқинидан ҳам топилади.

2021 йилда самолётнинг яна бир бўлаги Жанубий Африка Республикаси ҳудудига яқин жойдан топилгани ҳақида хабарлар тарқалади.

2020 йилда самолёт қулаб тушган жой аниқлангани ва у Ҳинд океанининг жанубий қисмида, Австралия ғарбидан 2 минг км узоқликда экани айтилади.

Халқаро суриштирув гуруҳи хулосалари

2015 йил 8 март куни халқаро суриштирув гуруҳи дастлабки хулосаларини эълон қилади. Гуруҳ самолётга ва парвозга алоқадор бўлган жами 120 киши билан суҳбатлашади.

Хулосада экипаж аъзолари, самолёт ва унинг сўнгги таъмирланиши, диспетчерлар ҳақида барча маълумотлар йиғилганди.

Экипаж аъзолари гуруҳда ҳеч қандай шубҳа уйғотмайди. Хулосага кўра, уларнинг соғлиғи жойида бўлган, руҳият билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаган.

Самолётнинг техник ҳолати ҳам барча талабларга жавоб берган. 2012 йилда Boeing 777 Хитойда бошқа бир самолёт билан енгил тўқнашган ва ўшанда у жиддий шикастланмаганди.

Гуруҳ хулосасида Хитойдаги ҳодисадан сўнг самолёт тўлиқ техник кўрикдан ўтказилгани ва унда ҳалокатга сабаб бўладиган камчилик топилмагани айтилганди.

Ўша куни самолёт юкхонасига Motorola компаниясига тегишли 2 435 кг оғирликдаги литий-ионли аккумуляторлар ортилган. Бу юк парвоз пайтида ёниб кетиши ёки портлаши мумкин эди.

Бироқ Malaysia Airlines ўша йили 99 марта бундай юкларни ташигани ва ҳеч бирида кўнгилсиз ҳодиса юз бермагани аниқланади. Шу сабабли ҳалокатга аккумуляторлар сабаб бўлгани ҳақидаги тахмин йўққа чиқади.

Boeing 777'нинг бир бўлаги Африка қирғоқлари яқинидан топилfди.

Айрим ҳолатларда турли ҳалокатларга диспетчерлар ҳам сабабчи бўлишади. Шу сабабли гуруҳ ҳалокат юз берган кунда ишда бўлган ва учувчилар билан алоқада бўлиб турган диспетчерларга тегишли маълумотларни ҳам синчиклаб текширади.

Унга кўра, Куала-Лумпур аэропортидаги диспетчерлар бошлиғи Boeing 777 радарлардан йўқолмасидан аввал ухлашга ўтган.

Ветнам пойтахти Ҳошимин шаҳридаги аэропорт диспетчерлари эса Malaysia Airlines авиакомпаниясини айблаб чиқади.

Уларга кўра, Boeing 777 Ветнам ҳудудида узоқ учмасдан ғойиб бўлган. Malaysia Airlines эса самолёт йўқолганини 5 соат ўтиб эълон қилган ва бу хато иш бўлган.

Агар Малайзия томони Boeing 777 радарлардан йўқолган заҳоти унинг изсиз ғойиб бўлгани ҳақида эълон қилганида самолётни қидириш ишлари натижа бериши мумкин эди.

Халқаро суриштирув гуруҳида энг асосий маълумот – самолёт билан нима содир бўлгани, у нега, қандай изсиз кетгани ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ эди. Қисқаси, халқаро гуруҳ ҳам Boeing 777 нега ва қаерга йўқолганини топа олмаганди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари хатти-ҳаракатлари

Boeing 777 йўқолар экан, бошданоқ нафақат Малайзия ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида, балки АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ва Федерал қидирув бюросида самолёт террористик ҳужумга учраган бўлиши мумкин деган тахмин ҳам бор эди.

МРБ самолёт йўловчиларини синчиклаб текширади ва улар орасида бўлган икки нафар Эрон фуқароси самолётга сохта чипталар билан чиққани аниқланади. Улар асосий гумондорга айланади.

Изсиз йўқолган Boeing 777 йўловчилари

Эронликларнинг маълумотлари текшириб кўрилганда аввал судланмагани, халқаро террористик ташкилотларга аъзо эмаслиги, улар Пекин орқали Европага учишни режалаштиргани аниқланади.

Тахминлар орасида самолётни олиб қочишга уриниш ҳам кўриб чиқилади. Кўпинча самолётни олиб қочишга уриниш бўлганда радарларга кўринмаслик учун ундаги ускуналар ўчирилади. Самолёт йўналиши ўзгартирилади.

Boeing 777 билан ҳам шундай бўлган – радарлардан йўқолган, йўналишни ўзгартирган. Бироқ суриштирувларда бу ҳам исботланмайди.

Ўшанда икки учувчининг уйида тинтувлар ўтказилади. Биринчи учувчи Фариқ Абдул Ҳамиднинг уйидан шубҳали ҳеч нарса топилмайди. Фақат у гоҳ-гоҳида парвоз қоидаларига зид иш тутгани аниқланади.

Иккинчи учувчи 53 ёшли Заҳари Аҳмад Шоҳнинг уйида эса авиатренажёр борлиги ва учувчи унинг ёрдамида виртуал парвоз қилиб тургани маълум бўлади.

2014 йилда ФҚБ ҳар иккала учувчида ҳам шубҳали ишлар ва хатти-ҳаракатлар бўлмагани ҳақида маълум қилади. Шу тариқа улардан ҳам гумон олиб ташланади.

Бироқ 2019 йилда самолёт экипаж командири Заҳари Аҳмад Шоҳ томонидан ҳалокатга учратилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

The Atlantic нашрида чоп этилган мақолада айтилишича, MH370 рейси сардори иккинчи учувчи – ўзининг 27 ёшли шеригини кабинага қўймай, бортида 238 киши бўлган самолётни атайин қулатган.

Бироқ бу ҳам навбатдаги тахмин холос. Чунки нашр илгари сурган тахминга ҳеч ким гувоҳ бўлмаган.

Изсиз йўқолган Boeing 777 учувчилари

Халқаро гуруҳнинг якуний хулосаси

2018 йил июл ойида халқаро суриштирув гуруҳи ўзининг сўнгги хулосасини эълон қилади. 1 500 саҳифали хулосада самолётнинг йўқолиши сабаблари топилмагани, унинг қулаб тушган манзили ҳам аниқланмагани айтилганди.

Хулосада самолётнинг йўналишни тўсатдан ўзгартиргани ва Антарктида томонга учганига сабаб қилиб бир қатор важлар келтирилганди.

Жумладан, самолётда техник носозлик кузатилган ва уни қулаб тушишидан аввал бир неча соат давомида қўлда бошқаришган. Аниқроғи уни учувчилар эмас, бошқа шахслар бошқарган. Бироқ бу ҳам тахмин эди холос.

Суриштирувчилар учувчиларнинг ўз жонига қасд қилиши мумкинлиги эҳтимолини рад этади. Чунки аввалроқ уларнинг руҳиятида муаммолар бўлмагани аниқланганди.

Инқироз ёқасига келиб қолган Malaysia Airlines

Malaysia Airlines сўнгги марта 2010 йилда ҳисобот йилини фойда билан якунлаган, 2011-2013 йилларда эса авиакомпания зарар билан чиққанди.

2014 йилда Malaysia Airlines самолётлари билан боғлиқ иккита нохуш ҳодиса содир бўлди. 8 март куни Куала-Лумпур йўналиши бўйича учган самолёт йўқолди.

Ёзга бориб, 17 июл куни Амстердам – Куала-Лумпур йўналишида учган самолёт Донецк осмонида уриб туширилди (Халқаро суд 298 киши ҳалок бўлган бу ишда россияликларни айбдор деб топган).

4 ой нари-берисида содир бўлган иккита йирик ҳалокатдан сўнг авиакомпания акциялари нархи тушиб кета бошлайди.

Malaysia Airlines авиакомпаниясига қарашли самолётлар

Бошқа томондан одамлар Malaysia Airlines самолётларида учишдан хавфсираб қолади ва авиакомпания мижозларини йўқотади. Охир-оқибат Malaysia Airlines банкротлик ёқасига келиб қолади.

Ўшанда авиакомпания ўзининг бозордаги қиймати нархининг 40 фоизини йўқотади. 2015 йилга ўтиб, Malaysia Airlines банкротликдан қутулиб қолиш учун харажатларни кескин қисқартира бошлайди. Энг аввал 6 минг нафар ходим ишдан бўшатилади.

Бироқ бу чоралар наф бермайди. Ана шундай вазиятда Малайзия авиакомпаниясига БААнинг Emirates авиакомпанияси ёрдамга келади.

Malaysia Airlines БАА авиакомпанияси билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолайди. Бу компанияни муқаррар банкротликдан асраб қолади.

Рекорд миқдордаги товон пуллари

Малайзия халқаро фуқаро авиацияси конвенциясига 1958 йилда қўшилган ва шу сабабли йўловчиларнинг яқинларига товон пули тўлаб бериши лозим эди.

Ўша пайтда ҳар бир одамга энг камида 175 000 доллардан, 227 нафар одам учун 40 млн доллар атрофида пул тўлаб берилиши керак бўларди.

Ҳар бир одам учун 175 минг доллардан тўланиши бу – товон пулининг белгиланган энг кам миқдори бўлган. Даъвогарлар кўпроқ пул талаб қилиши ҳам мумкин эди.

Амалда шундай бўлади. Йўловчиларнинг яқинлари бу суммага рози бўлмайди ва Malaysia Airlines авиакомпаниясини судга беради.

Хитойлик йўловчиларнинг яқинлари Пекинда намойишлар ўтказади. Улар бедарак кетган яқинлари учун бир неча ўн млн доллардан тўланиши лозимлигини талаб қилади.

Кейинчалик авиакомпания айрим йўловчиларнинг яқинлари билан келишувга эришади. Бошқалари эса судда ютиб чиқади. Шундан сўнг товон пулининг бир қисмини суғурта компаниялари тўлаб беришига келишилади.

Айрим маълумотларга кўра, Boeing 777 самолёти йўловчилари учун 600 млн доллар товон пули тўлаб берилган. Бу сумманинг 100 млн доллари самолёт учун, қолгани товон пули ва бошқа тўловлар учун тўланган.

Шу тариқа фуқаро авиацияси тарихида Boeing 777 самолёти йўловчилари учун тўлаб берилган товон пули энг йирик сумма сифатида биринчи ўринни эгаллайди.

Бир неча кун аввал Малайзия томони 2014 йилда йўқолган самолётни қидиришни қайта бошлаши ҳақида эълон қилди. Ҳодисага 10 йилдан ошгани инобатга олинса, қидирув ҳаракатлари бу сафар ҳам натижа бермаслиги эҳтимоли юқори.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид