Ўзбекистон ва Макао ўртасида визасиз тартиб ўрнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда
Ўзбекистон дипломатлари Хитойнинг Макао махсус маъмурий ҳудуди ҳукуматининг Пекиндаги ваколатхонаси вакиллари билан музокара ўтказдилар.
Ваколатхонанинг Иммиграция ишлари бўйича раҳбари Шу Вэнган билан консуллик–ҳуқуқий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликка оид масалалар, Макаонинг миграция қоидалари, шунингдек, жорий йил 3 декабрь куни старт берилган "Хитойда Ўзбекистон туризм йили" доирасида икки томонлама сайёҳлик алмашинувини ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, музокаралар чоғида, Макао махсус маъмурий ҳудудининг виза сиёсати, томонлар фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистон – Макао ўртасидаги соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани кенгайтириш масалалари кўтарилди.
Макао томонига сўнгги йилларда дунёнинг бошқа мамлакатлари билан визаларни либераллаштириш борасида Ўзбекистоннинг эришган ижобий натижалар ҳақида атрофлича сўзлаб берилди.
Хусусан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда хитойликлар, шу жумладан, Хитойнинг махсус маъмурий ҳудудлари бўлган Ҳонгконг ва Макао фуқаролари учун 10 кунгача визасиз режим амал қилиб келаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, жорий йил 1 декабр куни Чэнду шаҳрида "Хитой ҳукумати билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида"ги битим имзоланганлиги маълум қилиниб, айни вақтда мазкур ҳужжат кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички ҳуқуқий процедураларидан ўтказилаётганлиги қайд этилди.
Шу ўринда, ўзбек томони ўз фуқаролари учун Макао махсус маъмурий ҳудуди билан виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисида келишувга эришишни мақсад қилгани етказилиб, визасиз режимни ўрнатиш имкониятлари тўғрисида фикр алмашилди.
Макао томони ҳам Ўзбекистон билан барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, амалий натижадорликни ошириш, хусусан, ўзаро фуқаролар алмашинувини кенгайтириш ва туризм соҳасини изчил ривожлантиришдан бирдек манфаатдор эканлигини қайд этди.
Соҳага оид олдинда турган масалаларни биргаликда ҳал этиш борасида ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.
Мавзуга оид
10:43 / 27.12.2024
Қирғизистон айрим Кўрфаз давлатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий қилди
10:19 / 20.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасида ўзаро визасиз тартиб ўрнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда
16:49 / 19.12.2024
Россиялик депутат мигрантлар учун виза жорий қилишни талаб этди
23:51 / 10.12.2024