Ғазодаги совуқ қурбонлари, Сувайш каналига рақобатчи қураётган Исроил ва Трампнинг оммавий депортация режаси — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил армияси ҳаводан ва ердан ҳужумлар орқали Ғазо секторининг шимолий қисмида ўнлаб биноларни кучли портловчи моддалар билан портлатди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портловчи моддалар «Ал-Ауда» ва «Камол Адван» касалхоналари яқинидаги биноларга жойлаштирилган. Қўшимча портловчилар роботлар ёрдамида ташилган.
Channel 13 телеканали хабар беришича, Ғазо секторининг шимолидаги портлашлар овози ҳатто Тел-Авив ва унинг атрофида ҳам эшитилган.
Исроил зулми ва қамали туфайли очарчилик ва қаҳатчилик исканжасида қолган Ғазода совуқ ҳам болаларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда.
Қиш фаслида Ғазо секторида тунги ҳарорат нол даражадан пастга тушмоқда. Овқат, сув ва иссиқликсиз қолган аҳоли совуқдан қутулиш йўлларини изламоқда. Бироқ ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқаётгани йўқ.
Доктор Аҳмад ал-Фарранинг хабар беришича, Хон Юнусдаги Носир клиникасига сўнгги 48 соат ичида совуқ сабаб уч чақалоқнинг ҳалок бўлгани ҳақида маълумот келиб тушган.
Исроилнинг доимий ҳужумлари туфайли уйларини тарк этган минглаб аҳоли вақтинчалик чодирларда яшамоқда. «Инсонпарварлик зонаси» деб эълон қилинган Ал-Мавасий ҳам бир неча бор ҳужумларга дуч келган.
Сектордаги тиббиёт тизими деярли вайрон бўлган: неонатал бўлимларнинг фақат 20 фоизи амал-тақал қилиб ишлаб турибди. Уларнинг аксариятига етиб бориш амалда мумкин эмас, чунки асосий йўллар ва тез ёрдам машиналари Исроил артиллерияси остида қолмоқда.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бошланган Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 45 минг 436 кишига, яраланганлар эса 108 минг 38 кишига етди.
Сўнгги бир суткада Исроил армиясининг «учта оммавий қатлиом» амалга ошириши натижасида 37 киши ҳалок бўлган ва 98 киши яраланган.
Исроил Сувайшга рақобатчи канал қурмоқчи
Исроил жаҳон денгиз ташувларининг 12 фоизини назорат қилиш мақсадида Бен-Гурион каналини қуришни режалаштирмоқда. Канал Ҳиндистон-Яқин Шарқ-Европа иқтисодий коридори (IMEC)нинг бир қисми бўлиб, Сувайш каналига муқобил сифатида яратилади.
Бен-Гурион канали Қизил денгиздаги Ақаба кўрфазидан бошланиб, 293 километр узунликка эга бўлади. Бу Сувайш каналидан тахминан 50 фоизга узунроқ. Лойиҳа Исроилга йилига 8–10 миллиард доллар даромад келтириши кутилмоқда.
Канал қурилиши 5 йил давом этиши ва камида 16 миллиард доллар сармоя талаб этиши тахмин қилинмоқда. Лойиҳа, шунингдек, Мисрнинг иқтисодий таъсирини камайтириш ва Иорданияни янги иқтисодий йўналишлардан четлатишга қаратилган.
Ўзбекистон BRICS ҳамкорига айланади
2025 йил 1 январдан Беларус, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд, Уганда ва Ўзбекистон BRICS’га «ҳамкор давлатлар» сифатида қўшилади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги 27 декабрда маълум қилди.
BRICS’нинг Қозон саммитида «ҳамкор давлатлар» категориясини жорий қилиш тўғрисида келишувга эришилган эди. Вазирлик маълумотига кўра, яна тўртта давлатга ҳамкорликка қўшилиш таклифи юборилган, ва уларнинг жавобидан кейин бу ҳақда Бразилия раҳбарлигида эълон қилинади.
Россия томони БРИКСнинг янги ҳамкорлари билан яқин ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
BRICS 2009 йилда АҚШ ва Ғарб давлатларининг глобал таъсирини мувозанатлаштириш учун платформа сифатида ташкил этилган. Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка унинг асосчилари ҳисобланади. Кейинчалик унга Миср, Эфиопия, Эрон ва БАА каби давлатлар ҳам қўшилди.
НАТО Болтиқ денгизида иштирокини кучайтирмоқда
НАТО Болтиқ денгизидаги ҳарбий иштирокини кучайтирмоқда. Бу қарор Финландия президенти Александр Стубб билан суҳбатдан сўнг альянс бош котиби Марк Рютте томонидан эълон қилинди.
Суҳбат давомида денгиз остидан Финландиядан Эстонияга тортилган Estlink 2 электр кабели ва алоқа кабелларининг зарарланиши бўйича эҳтимолий диверсия ҳақидаги тергов муҳокама қилинган, Рютте Финландияга НАТОнинг қўллаб-қувватлови ва бирдамлигини билдирган.
Айтилишича, шикастланган кабелларни таъмирлаш учун бир неча ой керак бўлади.
Финландия полицияси Болтиқ денгизидаги коммуникация кабелининг зарарланишига алоқадорликда гумон қилинаётган Eagle S нефт танкерини қўлга олди. Бу кемани Россиянинг санкцияларни четлаб ўтишда фойдаланадиган «соядаги флот»га мансуб деб ҳисоблашмоқда. Eagle S Кука ороллари байроғи остида Россия портларидан бирига тегишли бўлиб, юкланган нефтни Мисрга олиб ўтмоқчи бўлган.
AZAL Россияга парвозларни тўхтатмоқда
Azerbaijan Airlines — AZAL авиакомпанияси 28 декабрдан бошлаб Минералние Води, Сочи, Волгоград, Уфа, Самара, Грозний ва Махачқала йўналишларига парвозларни тўхтатишини эълон қилди. Кейинроқ бу шаҳарлар сафига Россиянинг яна уч шаҳри қўшилди: Саратов, Нижний Новгород ва Владикавказ.
Компания мазкур қарорни хавфсизлик сабаблари билан тушунтирди. Бу Embraer 190 самолёти ҳалокати бўйича дастлабки тергов натижалари ва парвоз хавфсизлигига оид эҳтимолий хатарлар асосида қабул қилинган.
Ушбу йўналишлар бўйича чипта сотиб олган йўловчиларга маблағларини қайтариш ёки бошқа йўналишга рейсни алмаштириш таклиф этилмоқда.
AZAL Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Астрахан, Қозон ва Новосибирскка парвозларни давом эттиради.
Германияда янги сайловлар санаси белгиланди
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Бундестагнинг 20-чақириқ таркибини тарқатиш ва 2025 йил 23 февралда муддатдан илгари сайловлар ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди.
Штайнмайер Бундестагнинг тарқатилиши ҳақида қарори парламент раҳбариятига етказилганини таъкидлади. У Германияда сиёсий барқарорликни сақлаш муҳимлигини қайд этиб, қонунчилик даври тугашидан аввал парламент тарқатилиши Конституцияда кўзда тутилган фавқулодда ҳолат эканини таъкидлади.
16 декабр куни Бундестаг канцлер Олаф Шолцга ишончсизлик вотуми эълон қилган эди. Бу ҳодиса Германиянинг ҳукмрон «светофор коалицияси»нинг парчаланишидан сўнг содир бўлди.
Германиядаги демографик инқироз
Германия ҳақида яна бир муҳим хабар. Сўнгги ўн йилликда Германия 6,43 млн мигрантни қабул қилиб, АҚШдан кейинги энг йирик иммиграция марказига айланди.
2022 йилда 15 ёшгача бўлган немис болаларнинг 42 фоизи хорижда туғилган ёки камида битта хорижлик ота-онага эга. Мигрантлар улуши аҳолининг 18,8 фоизини ташкил қилди, бу АҚШдаги 15,3 фоизлик кўрсаткичдан юқори.
Демографик муаммолар, айниқса, Германиянинг шарқий ҳудудларида сезилмоқда. Тюрингия парламенти депутати Никлас Вассманнинг таъкидлашича, нафақага чиқадиган икки фуқарога фақат бир янги ишчи тўғри келмоқда. У иқтисодий ўсишни сақлаш учун фақат технологияларга эмас, балки хорижлик ишчиларга ҳам таяниш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, мигрантларни меҳнат бозорига интеграция қилиш мураккаб бўлиб қолмоқда. Фуқаролиги бўлмаганлар ўртасида ишсизлик даражаси 14,7 фоизни ташкил қилган бўлса, Германия фуқаролари ўртасида бу кўрсаткич 5 фоизга тенг.
Трампнинг оммавий депортация режаси
АҚШ Чегара хизматининг бўлажак раҳбари Томас Ҳоман ноқонуний миграцияга қарши курашни «миллий хавфсизлик» масаласи деб атади. Унинг айтишича, Трамп администрацияси оммавий депортация учун Конгрессдан 86 млрд доллар ажратилишини сўрамоқда.
Ҳоман бу ҳаракат келажакда солиқ тўловчилар маблағларини тежашини таъкидлади, чунки ҳозирда ноқонуний мигрантлар учун авиачипталар, турар жой, тиббий хизмат, озиқ-овқат ва таълимга миллиардлаб доллар сарфланмоқда. Унинг сўзларига кўра, оммавий депортация оилаларни парчалаш эмас, балки биргаликда чиқариб юбориш йўли билан амалга оширилади.
Депортация режасининг биринчи босқичида бир миллион мигрант мамлакатдан чиқарилади.
Сўнгги 10 йилда АҚШдан депортация қилинганларнинг асосий қисми Лотин Америкаси мамлакатларига, шу жумладан, 1,7 миллион киши Мексикага юборилган.
Мавзуга оид
14:01 / 27.12.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар, Озарбойжон самолёти ҳалокати сабаби ва Яманга ҳужум уюштирган Исроил — кун дайжести
13:10 / 26.12.2024
Озарбойжон самолётининг ҳалокати, Ғазодаги энергетик инқироз ва Суриядан Ливияга кўчаётган Россия базалари — кун дайжести
13:45 / 25.12.2024
Кучли қамалда қолган Ғазо, Ҳанияни йўқ қилганини тан олган Исроил ва Россияга рад жавоби берган Судан — кун дайжести
14:14 / 24.12.2024