Ўзбекистон | 19:09 / 28.12.2024
7188
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик амалдорларга суиқасд: «чечен изи» ва Қодиров таҳдиди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзбекистонлик амалдорларга таҳдид қилиб, улар «чечен анъаналарига кўра жавоб бериши»ни айтди. Ўзбекистон Бош прокуратураси шундан сўнг Комил Алламжоновга суиқасд ишида гумонланиб, икки нафар Россия фуқаросини халқаро қидирувга берилганини тасдиқлади. Ўзбекистонлик фаоллар Қодировнинг бу гапидан кейин ҳар бир чечен фуқаросининг Ўзбекистонга киришини қатъий текшириш вақти келганини айтди. Депутат Одилжон Тожиев эса Рамзан Қодиров ушбу муносабати учун Ўзбекистон халқидан узр сўраши кераклигини билдирди.

26 декабр куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзбекистонлик икки амалдорга суиқасдда «чечен қўли» борлигини яна бир марта инкор қилиб, Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига таҳдид қилди. Унинг айтишича, ғарбпараст ОАВлар президент оиласи ҳақида миш-мишлар тарқатмоқда.

«Агар мен бу суиқасдни тайёрлаганимда, ўша куниёқ ишни тугатган бўлардим. Мен ҳақимда бундай фикрда бўлмаслигингиз керак. Бу воқеани чуқур ўрганиш билан бирга, унинг устида ишлаётган терговчиларга нисбатан ҳам ички тергов зарур. Қандай бўлмасин, мен барча манфаатдор томонларга «чечен изи»ни ҳар хил фитналарга жалб қилмасликни қатъий маслаҳат бераман…

…Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига қурбонлар ролини ўйнашга берилиб кетмасликни тавсия қиламан. Нимани режалаштираётган бўлсангиз, ўз вақтида тўхтатганингиз маъқул, акс ҳолда сиз барча интрига ва туҳматлар учун жавоб беришингиз керак бўлади. Бизнинг анъаналаримизга кўра жавоб ҳақида гапиряпман», деган Рамзан Қодиров.

У ноябр ойида ҳам Ўзбекистондаги суиқасд ишида «чечен изи» борлиги ҳақида тарқатилган хабарларни сиёсий ўйин ҳамда ўзбеклар ва чеченлар ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракат, деб баҳолаган эди.

Қодиров баёнотига Ўзбекистон томони Бислан Расаев ва Шамил Темирханов исмли Россия фуқароларини Интерпол орқали халқаро қидирувга бергани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди дейиш мумкин.

Дастлаб Lenta.ru сайти бу икки чеченистонлик шахслар – Ўзбекистон президенти администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжонов ва Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори Дмитрий Ли ҳаётига ҳам суиқасд қилиш урингани, бу икки қотиллик учун буюртмачи уларга 1,5 млн доллар мукофот ваъда қилгани ҳақида ёзиб чиқди. Бу хабар асл манбадан ўчириб юборилган бўлса-да, бошқа сайтларда тарқалиб улгурди.

Шундан сўнг, 26 декабр куни Қодировнинг юқоридаги баёноти янгради. 27 декабр куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Алламжоновга суиқасд иши тергови доирасида икки россиялик қидирувга берилгани тасдиқланди. Бош прокуратурага кўра, Бислан Расаев ва Шамил Темирхановга қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ва ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи моддалари билан айблов эълон қилинган.

«Б.Расаев ва Ш.Темирханов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ҳолда қидирув эълон қилинган», – дейилади хабарда.

Чеченистонлик шахсларнинг қидирувга берилгани расман тасдиқлангани ва Қодировнинг таҳдиднома чиқишидан сўнг ўзбекистонлик депутат ва фаоллар унга қарши жавоб қайтарди.

Собиқ депутат, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Грознийга авиақатновларни тўхтатиш ва ҳар бир чечен фуқаросини Ўзбекистонга киришини қатъий текшириш вақти келганини айтган бўлса, депутат Одилжон Тожиев Рамзан Қодиров кечаги муносабати учун Ўзбекистон халқидан узр сўраши кераклигини билдирди.

«Ўзбекистондаги мансабдор шахсларга очиқча таҳдид қилиш бу — терроризм. Буни амалга оширмоқчи бўлган ёки гапириб чиққан шахслар ҳам жавоб бериши лозим.

Жавоб шунчаки баёнот билан эмас, аниқ чоралар орқали бўлиши шарт ва зарур! Керак бўлса, етакчиси очиқча таҳдид қилаётган Грознийга авиақатновларни ҳам бекор қилиш, ҳар бир чечен фуқаросини Ўзбекистонга киришида қатъий текшириш лозим», деган Расул Кушербаев.

Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев эса Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг «Ўзбекистон ички ишларига аралашиши»ни қоралаб чиқди.

«Мен Россия Федерацияси Бош прокуратурасидан Рамзан Қодировнинг ўзбек мулозимларига таҳдиди юзасидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришини сўрайман. Бундан ташқари, Рамзан Қодиров ўзининг кечаги муносабати учун Ўзбекистон халқидан очиқдан очиқ узр сўраши керак. Шу билан бирга агар у дўст бўлса Ўзбекистон Бош прокуратурасига қидирувда бўлган Беслан Расаев ва Шамил Темирхановни топишда амалий ёрдам бериши ва уни Ўзбекистонга топшириши лозим», дейди депутат.

Комил Алламжоновга суиқасд

2024 йил 30 сентябргача Ўзбекистон президенти администрациясида Ахборот сиёсати департаментини бошқариб келган Комил Алламжонов 26 октябр куни Қибрайдаги ўз уйи яқинида ҳужумга учради: у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узилган. Ҳодисада Алламжоновнинг ўзига шикаст етмаган.

Бош прокуратура бундан аввал, 25 ноябр куни берган баёнотида жиноятга алоқадорликда гумонланиб 7 киши ушланганини маълум қилган, улардан фақат бир нафарининг шахсини очиқлаган эди: бу – Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов. Баёнотда яна бир гумондор Қозоғистонда қўлга олингани маълум қилинганди.

Мавзуга оид