Жаҳон | 14:27 / 28.12.2024
3447
3 дақиқада ўқилади

РФда AZAL борти қўнаётган вақтда Грознийга УУА ҳужум қилгани тасдиқланди

Azerbaijan Airlines самолёти қўнаётган вақтда Грознийга Украина учувчисиз учоқлари ҳужум қилди, деб хабар берди Росавиация. Бокудан Чеченистон пойтахтига учаётган самолёт Қозоғистон ғарбидаги Оқтов яқинида ҳалокатга учради.

Фото: Meiramgul Kussainova/Anadolu/picture alliance

Росавиация Azerbaijan Airlines (AZAL) самолёти Грознийга қўнаётган вақтда шаҳарга Украина учувчисиз учоқлари ҳужум қилганини тасдиқлади. «Ўша куни ва ўша соатларда Грозний аэропорти ҳудудидаги вазият жуда оғир эди, ўша пайтда Украинанинг жанговар учоқлари Грозний ва Владикавказ шаҳарларидаги фуқаролик инфратузилмасига террористик ҳужумлар уюштирди. Грозний аэропорти ҳудудида махсус режим жорий қилинди, у барча самолётларнинг белгиланган ҳудуддан зудлик билан чиқиб кетишини назарда тутади», деди 27 декабр, жума куни идора бошлиғи Дмитрий Ядров.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, аэропорт ҳудудида 500 метр баландликда зич туман бўлган. Учувчилар самолётни икки марта қўндирмоқчи бўлган, бироқ муваффақиятсизликка учраган. Ядровнинг айтишича, самолёт командирига қўниш учун Россия Федерациясининг бошқа аэропортлари таклиф қилинган, бироқ у гўёки Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига учишга қарор қилган. «Биргаликда ўрганилиши керак бўлган жуда кўп турли хил ҳолатлар мавжуд, биз ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда бу ишга тўлиқ тайёрмиз», деди Росавиация раҳбари.

Боку: AZAL самолёти қурол таъсиридан сўнг қулаган

Озарбойжон ҳукумати Бокудан Грознийга йўл олган Azerbaijan Airlines (AZAL) самолёти қурол таъсиридан сўнг Қозоғистонда ҳалокатга учраганини илк бор оммавий равишда маълум қилди. Буни 27 декабр куни Озарбойжон рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашад Набиев амалга оширди.

Журналистлар билан суҳбатда у дастлаб самолёт қушлар галаси билан тўқнашгани ҳақидаги версия бўлганини, бироқ Набиевнинг сўзларига кўра, самолётнинг ердаги қолдиқлари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ташқи таъсир ҳақида гапиришга имкон берганини айтди. «Тергов бу аралашув қандай қурол билан амалга оширилганини аниқлайди», деди вазир.

«Жароҳатланган йўловчилар ва тирик қолган борт кузатувчилар Грозний узра ўтаётганларида портлаш овозини эшитганликларини айтишди. Ҳатто борт кузатувчилардан бири қўлидан яраланган. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва ОАВ томонидан тарқатилган видеолавҳалардан ҳам маълум бўлишича, аёл киши қўли ва оёғидан жароҳатланган. Бундан ташқари, самолётнинг ичида ва фюзеляжида кўзга кўринадиган тешиклар бор. Россия фуқаролари бўлган жабрланувчилар ҳам Грозний узра парвоз вақтида учта портлашни эшитганликларини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, портлашлар ташқарида содир бўлган, кейин эса самолётга нимадир тегиб кетган», — деди Набиев.

Мавзуга оид