Фарғона ва Андижонда синтетик гиёҳванд модда тарқатиб келган жиноий гуруҳ аъзоларига ҳукм ўқилди
Улар узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Фарғона ва Андижон вилоятларида синтетик гиёҳванд моддалар тайёрлаб сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзоларига ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбирда муқаддам судланган 49 ёшли фуқаро И.И. Телеграм орқали гиёҳвандлик воситалари сотиш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ аъзоси томонидан газ печи ичига яширилиб, Россиядан юборилган 321 грамм “5F-APINACA” номли синтетик наркотик моддани қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, кейинроқ И.И. томонидан хуфия жойга қолдириб кетилган гиёҳвандлик воситасини олиш учун келган Андижон вилоятининг Марҳамат туманида истиқомат қилувчи, 31 ёшли Ж.С. ҳам ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, уюшган жиноий гуруҳ аъзоси топшириғига кўра, Ж.С. Андижон шаҳридаги хонадонлардан бирини ижарага олиб, у ерда нарколаборатория ташкил қилганлиги маълум бўлган.
Бундан ташқари, Ж.С. томонидан Марҳамат тумани ҳудудидаги хуфия жойга яшириб қўйилган 4 кг 372 грамм “а-PVP” синтетик наркотик моддаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди томонидан мазкур шахслар Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, И.И. 13 йил 6 ой ва Ж.С. 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.