Жаҳон | 20:21 / 29.12.2024
16603
9 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Россия Донбассда юриш қилмоқда, Украина бор эътиборини Курскдаги плацдармни ушлаб қолишга қаратган

Украина қуролли кучлари мудофаасидаги инқироз бутун 2024 йил давомида чўзилди. Россия ва Украина армиялари йил охирига қандай ҳолатда етиб келди? Ва улар кейинги катта жанг — Покровск учун жангга қандай тайёрланмоқда?

Фото: Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Доналд Трамп воситачилигида (у 20 январда АҚШ президенти лавозимига расман киришади) музокаралар жараёнига киришишдлан олдин Кремл Донбассдаги назорат ҳудудини кенгайтиришга уринмоқда. РФ қуролли кучлари ушбу регион жануби ва марказида бирданига учта йирик амалиётни якунлаш босқичида — улар Велика Новосилка ва Кураховони қуршаб олиш арафасида. Шу билан бир вақтда, Россия қўшинлари кейинги жанг учун қулайроқ бошланғич шароитларни тайёрламоқда: келгусида Покровскни ҳам қуршаб олиш учун уни жануб ва ғарбдан айланиб ўтмоқда. Курск областида, шимолий кореялик ҳарбийлар жангга ташланганига қарамай, РФ қуролли кучлари ҳали Украина қуролли кучларининг мазкур ҳудуддаги плацдармини бартараф этишга яқинлашмаяпти, Киев мазкур ҳудуддан музокараларда «савдо активи» сифатида фойдаланишни режалаштирган.

Велика Новосилка

Россия армияcи Донецк ва Запорижжя областлари чегарасидаги Велика Новосилка район маркази атрофидаги ҳалқани қисмоқда. Амалиёт ғояси украин қўшинини мазкур район марказида, Мокрие Яли дарёсининг шарқий соҳилида (шаҳарнинг асосий қисми айнан дарёнинг шарқий соҳилида жойлашган) қамаб қўйишни назарда тутади. Бунинг учун шимолга, Покровск томон кетувчи йўлни тўсиб қўйиш талаб этилади. Бундан ташқари, посёлка қуршаб олиниши ва штурм қилиниши РФ қуролли кучлари дарёнинг ғарбий соҳилидаги тепаликларга чиқиши ҳамда жанубдан Мокрие Яли бўйлаб ҳужум қилишини осонлаштириши керак.

Муаммоларга дуч келган бўлса-да, Россия қўшини бу вазифаларни ҳал қилишни уддалади. Декабр ойи бошида РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучлари учун ўта муҳим бўлган, шимолга олиб борувчи йўлни Новий Комар қишлоғи яқинида тўсиб қўйишди, аммо украин қўмондонлиги бу ерга захира кучларини юборди ҳамда қишлоқ ва йўл устидан назоратни қайтариб олди. Аммо бир неча кун олдин Россия бўлинмалари навбатдаги юришни амалга ошириб, яна йўлни тўсиб қўйишди.

Шу билан бир вақтда, РФ қуролли кучлари Мокрие Яли жанубидаги водийга ҳам ҳужум қилмоқда. Натижада, Макаровка ва Сторожевое қишлоқларини мудофаа қилаётган украин бўлинмалари қуршовга тушиб қолган. Қуршовдагиларнинг катта қисми шимолга чекинишга муваффақ бўлган.

Россия қўшини уларни таъқиб қилиб, Нескучное ва Времевкага яқинлашиб келишган, бу қишлоқлар бутун дарё водийси ва Велика Новосилкадан тепароқда жойлашган. Энди район маркази амалда қуршов ҳолатида: шимолга олиб борувчи йўл кесиб қўйилган, Россия авиацияси мунтазам равишда Мокрие Ялидаги ўтиш йўлларини бомбаламоқда ва Украина гарнизонига таъминот етказиб берилишига тўсқинлик қилмоқда.

Курахово

Кураховони эгаллаш режаси шимол (Селидово ва Горнякни эгаллаган гуруҳлар билан) ва жанубдан (йил бошида Вуҳледарни эгаллаган қўшинлар) яқинлашувчи йўналишларда ҳужум қилиб шаҳарни ўраб олишни кўзда тутган. Бир-бирига қараб ҳаракатланган гуруҳлар ёк Курахово сув омборининг ғарбий чеккасида ёки янада ғарбда, Константинопол қишлоғида учрашиши керак.

Ҳозирча шаҳарни қуршаб олиш рўй бергани йўқ. Украина қуролли кучлари ҳамон Кураховодан ғарбдаги Донецк — Запорижжя йўлини назорат қилмоқда, бу йўл орқали шаҳарнинг ғарбий қисмидаги саноат зонасида жойлашган гарнизонга таъминот етказиб берилмоқда.

Аммо Украина қуролли кучларининг ҳолати ёмонлашишда давом этмоқда. РФ қуролли кучлари украинларнинг Кураховодан жануби-шарқдан ўтувчи Сухие Яли дарёси бўйидаги таянч пунктларини қуршовга олиб, эгаллаганидан кейин тезлик билан дарё бўйлаб ғарбга, Константинопол томон ҳаракатланди: энди бу ҳудудда Украина қуролли кучлари мудофаасида «тешик» юзага келган. Ҳозирда Россия қўшини Константинополдан ва Донецк — Запорижжя йўлидан тўрт километр масофада турибди, қолаверса, юришни давом эттириш учун табиий сув тўсиқларини кечиб ўтиш талаб этилмайди.

Россия қўшини шимолдан Воляч дарёсидаги Курахово сув омбори тўғонига етиб келган ва ғарб томон — Сухия Яли дарёси Волчяга қуйилишида жойлашган Константинополга қараб ҳаракатланишда давом этмоқда. Россия авиацияси Константинопол атрофида Сухие Яли ва Волчя орқали ўтган кўприкларни бомбаламоқда ва бу Украина қуролли кучлари захира кучларни олиб келишини қийинлаштирмоқда.

Буларнинг барчаси Украина қуролли кучларига янги (ва янада кенг кўламли) қуршов билан таҳдид солмоқда — бу сафар Кураховонинг ўзида. Бу вақтда Россия армиясининг штурмчи гуруҳлари Украина бўлинмаларини шаҳар ғарбидаги саноат зонасига суриб ташлаб, Курахово маркази, маъмурият ва кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудни эгаллаб олган.

Энди саноат зонасини мудофаа қилишдан маъно қолмаган: украин қўмондонлиги Россия қўшинининг навбатдаги катта юришига йўл қўйишни истамаса, зудлик билан шаҳардан ғарбдаги Донецк — Запорижжя йўли бўйлаб янги мудофаа чизиғини ташкил этиши керак бўлади.

Покровск

Россия қўшини кузда Селидово шаҳрини эгаллагач, Покровск ва Курахово ўртасида Украина қуролли кучлари мудофаасида бўшлиқ пайдо бўлди. Қўшинларнинг кейинги ҳаракатларига қараганда, Россия қўмондонлиги бу бўшлиққа йирик кучларни олиб кириш ғоясига эга бўлганди.

Декабрда Россия қўшини Украина қуролли кучлари мудофааси бўйлаб 10 километр масофага ичкарилади ҳамда Покровск шаҳридан беш километр масофада Покровск — Константинопол — Велика Новосилка йўлига чиқди. Бу ерда Шевченко қишлоғи учун Покровскдан етиб келган украин кучларига қарши оғир жанглар бўлиб ўтди. Россия қўшини якунда қишлоқни эгаллади, аммо Украина қуролли кучларининг зирҳланган гуруҳлари бир неча бор уларнинг қишлоқ атрофидаги позицияларига ҳужумлар уюштирди.

Украина захира кучлари Россия армияси Шевченкодан ғарбда олдинроқ эгаллаб олган Новотроицкое қишлоғи йўналишида ҳам ҳужумлар уюштирди. Аммо бу ҳужумлар қайтарилди, шундан кейин Россия бўлинмалари ғарб томон ҳаракатланишда давом этди. Кўриниб турибдики, Россия қўмондонлиги зудлик билан Покровскдек йирик шаҳарни тўғридан тўғри штурм қилишни режа қилмаган: қўшин 2025 йилда Покровскни қуршов ҳолатига тушириш учун ғарб томон юрмоқда.

РФ қуролли кучлари Покровскдан ғарбда, ёнида мамлакатдаги энг йирик кокс кўмир кони жойлашган Удачное қишлоғигача етиб бориши учун беш километр масофа қолган. Аммо Россия армиясини Удачноедан Соленая дарёси ажратиб турибди, Украина қуролли кучлари ушбу дарё ортида янги мудофаа чизиғи қуришга уриниб кўриши мумкин.

Бундан ташқари, Россия қўшини Соленая водийсида Шевченкодан шарқда ҳамда жанубдан Пушкино орқали Покровскнинг жанубий чеккалари томон юриш қилмоқда.

Покровскка захира кучлари олиб келинаётганига қарамай, Украина қуролли кучлари бу таҳдидларнинг барчасини қайтариш учун етарли кучга эга эмас.

Курск области

Владимир Путин Трамп билан музокаралар бошлангунига қадар украин қўшинини Курск областидан суриб чиқаришга буйруқ берган. Аммо Россиянинг куздаги юришининг дастлабки муваффақиятларидан кейин Украина қуролли кучлари Суджа атрофида мустаҳкам ҳимоя ўрната олди.

Россиянинг режаси чегара бўйлаб ғарбдан ва шарқдан зарбалар бериб, украин қўшинини қуршоввга тушиб қолмаслик учун Суми областига чекинишга мажбур қилишни назарда тутарди. Аммо ғарбий йўналишдаги юриш Новоивановкада тўхтаб қолди, бу ерга Украина қуролли кучлари йирик захира кучларини олиб ўтди. Ноябр ойида Украина қуролли кучларининг Новоивановкадаги базаларига шимолдан Малая Локня орқали ҳужум қилиш муваффақиятсизликка учради: Россия қўшини катта йўқотишларга учради, аммо Малая Локняга кириб келолмади.

Шарқда эса Россия бўлинмалари узоқ вақтдан буён Псел дарёси бўйидаги Плехово қишлоғини қўлга кирита олмади.

Декабр ойида Шимолий Корея қўшини Россия армияси томонда туриб жангга кирди — Курскдаги бутун фронт чизиғи бўйлаб. Россиялик «ҳарбий мухбирлар» хабар қилишича, айнан улар Плеховони эгаллаган ва Куриловка яқинида Пселни кечиб ўтган.

Суджадан шимолда Россия қўшини шимолий кореяликлар кўмагида Малая Локняга яқинлашмоқда.

Аммо Украина қуролли кучларининг Курск областидаги мудофааси тўлақонли инқироздан йироқ: ҳозирча украин қўшини Суджадан ва унга қўшни Свердлиководан Суми областига олиб ўтувчи йўлларни назорат қилар экан, улар ўз плацдармини ҳам ушлаб туради — камида яқин ойлар давомида. Тўғри, Кремл, афтидан, Украина қуролли кучлари Россия региони ҳудудида қоларкан, музокаралар столига ўтирмоқчи эмас.

Мавзуга оид